Ўзбекистон ўрмон хўжалигини нималар кутмоқда?

© Sputnik / Alexei Druzhinin / Медиабанкка ўтишПрирода в Сибири
Природа в Сибири - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 18.02.2022
Oбуна бўлиш
Ўзбекистон ўрмон хўжалигида бугунги кунда қандай ишлар амалга оширилмоқда? Ўрмон хўжалиги ерлари кимларга ижарага берилмоқда? "Яшил қопламалар" қаерда яратилмоқда?
ТОШКЕНТ, 18 фев - Sputnik. Ўзбекистон ўрмон хўжалигида бугунги кунда қандай ишлар олиб борилаётгани, қандай мақсадларга эришиш кутилаётгани ҳақида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси вакилллари АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида ҳисобот берди.

“Яшил қопламалар” қандай кўпаяди

Президент ва Ҳукмат қарорларига асосан, Орол денгизининг қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларида жами кейинги беш йиллик 1 млн гектар, шундан 2022 йилда 200 минг гектар ҳажмда чўл ўсимликларидан “яшил қопламалар” ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш режалаштирилмоқда.
Бугунги кунгача, 700 тонна чўл ўсимликларининг уруғларини жамғарилди, 18 минг гектар майдонда “яшил қопламалар” барпо этилди. Айни пайтда уруғ жамғариш ва экиш ишлари давом эттирилмоқда.
Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти томонидан ҳар бир ҳудудга мос равишда кўкаламзорлаштириш учун тавсия этиладиган дарахт-бута турлари ҳамда экиш агротехникаси бўйича тавсияномалар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди.
Мазкур тавсияларга асосан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудларида тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда шумтол, қайрағоч, катальпа, япон сафораси, гледичия, тол, терак, жийда, тут, заранг, каштан, липа, эман, акация каби манзарали ва мевали кўчатларни экилиши таъминланди.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18 ноябрдаги 694-Ф-сон фармойишига асосан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудларида 2022 йил баҳорги мавсумда белгиланган миқдордаги кўчатларни экилиши таъминланади.
Бунинг учун, ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда ташкилот ва корхоналарга белгиланган тартибда кўчат етиштирувчи субъектлар томонидан ҳар хил турдаги дарахт-буталарнинг кўчат ва қаламчалари етказиб берилади. Ҳудудларда тасдиқланган “йўл харита”лар асосида маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда кўчат экиш билан боғлиқ барча ташкилий чоралар кўрилади.
Энг асосийси, суғориш тизимини жорий этишга ҳамда агротехник қоидалар асосида экилган кўчатларни доимий равишда парваришланишига алоҳида эътибор қаратилади.

Қум ва чанг бўронларига қарши

Маълумки, 2021 йилнинг 4-7 ноябрь кунлари Тошкентда кучли қум-чанг бўронлари содир бўлган эди. Уларнинг келиб чиқишининг асосий сабаби - ерларнинг деградацияга учрагани ва “Яшил қоплама”ларнинг камайиб кетганлигидир.
Ушбу муносабат билан “Ўзбекистонда чанг ва қум бўронларига қарши курашиш ва уларнинг салбий таъсирини камайтириш бўйича миллий ҳаракатлар режаси” ишлаб чиқилиб, 2022 йил 11 январда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланди.
Ушбу ҳужжатда қум ва чанг бўронлари масалаларини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш, БМТнинг табиий офатлар хавфини камайтириш реестрига киритиш, “Tупроқлар ва улар унумдорлигини муҳофазалаш тўғрисида” қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, қум-чанг бўронлари таъсирини камайтириш учун қўшимчалар киритиш ҳамда яйловлар маҳсулдорлигини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, ердан самарали фойдаланишда иқтисодий манфаатдорлик механизмларини такомиллаштириш каби бир қатор тадбирларни амалга ошириш белгиланган.
Бундан ташқари Республика ҳудудлари бўйича чўлланиш ва қурғоқчиликка мойил бўлган ҳудудларнинг кучсиз, ўртача кучли, кучли ва ўта кучли бирламчи рўйхати шакллантирилди ва атлас харитаси ишлаб чиқилди. Ушбу рўйхатга асосан ўрмон барпо этиш ишларини ташкил этиш режалаштирилиб амалга оширилиб бормоқда.

Доривор ўсимликлар етиштириш учун

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда фармацевтика соҳасини ривожлантириш ва доривор ўсимликларни етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу мақсадда республиканинг барча ҳудудларидаги ўрмон фонди ерларида доривор ўсимликлар плантациялари ташкил қилиниб, хомашёларини етиштирииш йўлга қўйилди.
Бугунги кунга қадар тизимдаги 54 та ўрмон хўжаликлари томонидан жами 191,5 гектар майдонда янги 8 та турдаги доривор ўсимликларнинг оналик-тажриба плантациялари барпо этилди.
2022 йилда тизим ўрмон хўжаликлари томонидан 5 минг гектарга яқин майдонда доривор ўсимликлар плантацияларини ташкил этилиб, 8,5 минг тоннадан ортиқ хомашёсини тайёрлаш режалаштирилган.
Маданий ҳолда етиштириладиган доривор ўсимликларнинг турларини 64 тадан 68 тага етказишни ўз олдимизга мақсад қилиб олганмиз. Бу орқали табиий ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни майдонини сақлаб қолишга ва кенгайишига сабаб бўлади.

Ўрмонлар ҳимояси

Ўрмонларни қўриқлаш ва муҳофаза қилиш борасида 2021 йил давомида ўрмон касалликлари ва зараркунандаларига қарши кураш ишлари 100 минг гектардан ортиқ майдонда, шу жумладан 90 минг гектар майдонда биологик кураш ишлари амалга оширилди, 254 км узунликдаги ёнғинга қарши йўллар, 42 км узунликдаги ҳимоя линиялари, 454 км минераллашган поласалар қурилиб, 1765 км узунликдаги йўллар таъмирланди.

Ўрмон ерларини ижарага бериш

Ўрмон фонди ерларининг самарасиз фойдаланилаётган ер майдонларини фойдаланишга киритиш юзасидан 2021 йил 31 декабрь ҳолатига 65,5 минг гектарга яқин ер участкасига 6,5 мингга яқин ижара шартномалари расмийлаштирилди, шу билан бирга, жами 18 минг 265 та янги иш ўринлари яратилди.
Президентининг 2020 йил 6 октябрдаги қарорига асосан ўрмон фондининг ўзлаштирилмаган ер участкалари фойдаланишга берилди:
янгидан ёнғоқ мевали боғлар (писта, бодом, ёнғоқ) барпо этиш учун 371 та ижарачиларга 13,5 минг гектар, тез ўсувчи дарахтлар (павловния, терак) плантациялари барпо этиш учун 95 та ижарачиларга 2 минг 424,8 гектар ер майдонларига — 5 йилга;
чўл ҳудудларида жойлашган, сув билан таъминланмаган ва ўрмон билан қопланмаган ерлари ўзлаштирилиб чўл ўсимликлари (саксовул, черкез, қандим, қорабуроқ) плантациялари барпо этиш учун 4 та ижарачиларга 502 гектар ер майдонларига — 10 йилга;
сув билан таъминланмаган ва ўрмон билан қопланмаган ерлари ўзлаштирилиб озиқ-овқат экинлари (дуккакли, мойли, бошоқли экинлар, сабзавот, полиз) учун 40 та ижарачиларга 1 минг 3,8 гектар ер майдонларига — 1 йилга;
доривор ўсимликлар плантациялари ташкил этиш учун 40 та ижарачиларга 1 минг 640,7 гектар ер майдонига — уч йил давомида ижара тўловининг “ноль” ставкасини қўллаш орқали фойдаланишга берилди.
2021 йилда ўрмон фонди ер участкаларини ижарага олиш ким ошди электрон савдо орқали ижарага бериш мақсадида, www.ijara-urmon.uz электрон сайтига жойлаштирилган. У ерда 255 та лотлар мувофақиятли яукланиб 886 гектар фойдаланилмаётган ўрмон фонди ерлари юридик ва жисмоий шахсларга берилган.
Янгиликлар лентаси
0