Президент Ўзбекистон халқини Наврўз билан табриклади

© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев
Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 21.03.2022
Oбуна бўлиш
Ўзбекистон раҳбари кўп миллатли мамлакат халқини Наврўз байрами билан табриклаб, эзгу тилаклар билдирди.
ТОШКЕНТ, 21 мар — Sputnik. Тошкент шаҳридаги “Humo Arena” мажмуасида 21 март куни Наврўз байрами шодиёнаси бўлиб ўтди. Унда президент Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, мамлакат аҳлини Наврўз айёми билан муборакбод этди.
Президент коронавирус пандемияси туфайли сўнгги икки йилда Наврўзи оламни юксак даражада нишонлашнинг иложи бўлмагани, лекин бу йилги байрам ҳар сафаргидек юксак шодиёналар билан қарши олинаётганини алоҳида таъкидлади.
Мирзиёев сўнгги кунларда кузатилаётган ёғингарчиликларга тўхталиб, бу Яратганнинг олий неъмати эканини қайд этди.
“Осмондан ёмғир эмас, оби-раҳмат, қут-барака, ризқ-рўз ёғмоқда. Бунинг учун албатта Яратганга ҳар қанча шукроналар айтсак арзийди”, - деди давлат раҳбари.
Президент Ҳаким ат-Термизийнинг “Наврўзнома” китобида агар Наврўзи олам душанба куни кирса, кўп ёмғир-қор ёғади, ҳосил мўл бўлади, йил тўқчиликда ўтади, деб ёзилганини эслатди.
“Бу фикрлар ҳам айнан душанба куни Наврўзни кутиб олаётган эл-юртимизнинг орзу-ниятлари билан уйғун ва ҳамоҳанг, десак ҳар томонлама тўғри бўлади”, - деди Мирзиёев.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, маҳалла обод бўлса, бутун мамлакат обод бўлади. Маҳаллабай ишлаш албатта халқнинг розилигига олиб келади. Ҳукумат иш услубини ўзгартириб бўлса, одамларни рози қилиш бутун куч-ғайратини ишга солади.
“Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессансни халқимизни буюк қудратидан куч олиб, бугунги ва эртанги авлодимиз албатта бунёд этади”, - дея ишонч билдирди давлат раҳбари.
Мирзиёев Наврўз байрамини нишонлаётган барча халқларга, хорижий ҳамкорларга ҳам эзгу табрик ва саломларини йўллади. Байрам тадбири катта концерт дастури билан давом эттирилди.
Янгиликлар лентаси
0