Иқтисодиётда давлат иштироки яна қисқаради - президент қарори

© PixabayПодпись документов
Подпись документов - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 24.03.2022
Oбуна бўлиш
Бўш турган кўчмас мулк объекти онлайн-аукционга қўйилиб, айрим тижорат банклари хусусийлаштирилади.
ТОШКЕНТ, 24 мар — Sputnik. Эндиликда бўш турган объектлар, кераксиз фойдаланилаётган ва асосий фаолият соҳасига тааллуқли бўлмаган активлардан самарали фойдаланилади. 18 март куни Шавкат Мирзиёев иқтисодиётда давлат иштирокини янада қисқартириш ва хусусийлаштиришни жадаллаштиришга оид қарорни имзолади.
Бўш турган давлат кўчмас мулк объекти онлайн-аукцион савдоларига чиқарилади.
1 апрелдан бошлаб, ҳоким ёрдамчилари ўз ҳудудларида бўш турган давлат кўчмас мулк объекти ёки ер участкаларини аниқласалар, уларни онлайн-аукцион савдоларига чиқаришлари мумкин.
Ҳудуди 2 000 квадрат метргача бўлган давлат кўчмас мулк объекти–ҳоким ёрдамчиларининг онлайн-буюртманомасига асосан тўғридан-тўғри электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилади.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари (кейинги ўринларда – ер участкалари) – “Yerelektron” тизими орқали юборилган онлайн-буюртманома уч кун муддатда тегишли идоралар томонидан кўриб чиқилади ҳамда ижобий хулоса берилган тақдирда, икки ҳафта муддатда тўғридан-тўғри электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилади.
Вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига қарашли бўлган, уч ойдан ортиқ фойдаланилмасдан бўш турган объект (ижтимоий объектлар бундан мустасно) ижарага берилади ёки сотиш учун савдога чиқарилади.
Давлат активларини бошқариш агентлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан қуйидагилар амалга оширилади:
2022 йил 1 майга қадар "UMS" (Universal Mobile Systems МЧЖ)ни баҳолаш ва сотиш жараёнига халқаро консалтинг, аудиторлик ва инвестиция маслаҳатчиси, инвестиция банки ёки бошқа ихтисослашган компанияни жалб этилади. 2023 йил 1 апрелга қадар уни хусусийлаштириш чоралари кўрилади.
2022 йил 1 июлга қадар “Ўздонмаҳсулот” АК таркибидаги 25 та дон корхонаси, қолганлари эса жорий йилнинг якунига қадар босқичма-босқич савдога чиқарилади.
2022 йил 1 апрелдан бошлаб “Ўзагросервис” АЖ ва унинг таркибига кирувчи ташкилотларнинг кўчмас мулк объектлари, зарур ҳолларда, уларни алоҳида лотларга бўлган ҳолда, электрон онлайн-аукцион савдоларига баҳоланган қийматда чиқарилади.
2022 йил 1 апрелга қадар “Ўзагролизинг” АЖнинг операцион самарадорлигини ошириш, мавжуд қарздорликларини таркибий ўзгартириш, жамиятнинг ликвидлилиги ва тўлов қобилиятини таъминлашни назарда тутувчи “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритилади.
Ҳужжатда қайд этилишича, “Ўзагрокимёҳимоя” ва ҳудудий “Агрокимёҳимоя” АЖлари тугатилади. Улар икки ой муддатда электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилади.
Банк секторида давлатнинг улуши камайтирилади. Бу бўйича ҳужжатда қуйидагилар белгилаб қўйилди:
1 октябрга қадар "Қишлоқ қурилиш банк" АТБнинг акцияларини оммавий жойлаштириш (IPO);
1 июлга қадар АТ “Халқ банки”, “Микрокредитбанк” АТБ, АТ “Алоқабанк”, “Агро банк” АТБ, “Ўзмиллийбанк” АЖларнинг акцияларини фонд биржаси орқали оммавий жойлаштириш (IPO);
Шу йил якунига қадар Халқаро молия корпорацияси, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Осиё тараққиёт банкини жалб қилган ҳолда “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ ва “Асакабанк” АТБнинг давлат улушлари савдога чиқариш.
Маълумот учун, хозирда Ўзбекистонда 33 та банк ўз фаолиятини олиб бормоқда. Уларнинг 12 тасида давлат улуши мавжуд. 2022 йил 1 февраль ҳолатига кўра, ушбу банк активлари 354 898 млрд сўмни ташкил этмоқда.
Янгиликлар лентаси
0