“Миллий диспетчерлик маркази” ташкил этилади - қарор

© Пресс-служба АО "Тепловые электрические станции"Рабочий на Сырдарьинской ТЭС
Рабочий на Сырдарьинской ТЭС - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 25.03.2022
Oбуна бўлиш
Марказга авария режимлари юзага келишини олдини олиш, уларни бартараф этишкаби вазифалар юклатилди
ТОШКЕНТ, 25 мар - Sputnik. Энергетика вазирлиги ҳузурида "Миллий диспетчерлик маркази" давлат унитар корхонаси ташкил этилади. Бу бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 126-сонли қарори қабул қилинди.
Марказни ташкил этишдан асосий мақсад - Ўзбекистон ягона энергетика тизимини ривожлантириш, электр энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш баланси сақланишини, шунингдек, Марказий Осиё бирлашган энергетика тизимининг барқарор ишлашини таъминлашдан иборат.
Миллий диспетчерлик марказига "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ ҳамда "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖнинг миллий, регионал ва ҳудудий диспетчерлик функциялари ўтказилади.
Марказининг асосий вазифалари қуйидагича:
ягона электр энергетика тизимини реал вақт режимларида оператив бошқариш ва унинг ишончли ишлашини таъминлаш;
тизим таркибига кирувчи корхоналарнинг диспетчерлик бошқарувини амалга ошириш;
электр энергиясига бўлган талаб ва таклифдан келиб чиқиб, шунингдек, электр энергиясини ишлаб чиқариш ва унинг истеъмол қилинишига таъсир қилувчи барча омилларни ҳисобга олган ҳолда уни ишлаб чиқариш ва истеъмол қилишнинг ҳар соатлик режимини шакллантириш;
тизимнинг техник ва иқтисодий жиҳатдан энг мақбул режимларда ишлашини таъминлаш;
тизимнинг қўшни давлатлар энергетика тизимлари билан параллель равишда ишлаш режимларини бошқариш;
авария режимлари юзага келишининг олдини олиш, уларни бартараф этиш ва авария режими бартараф этилгандан кейин тизимнинг ишончлилигини тиклаш.
Миллий диспетчерлик маркази учун 259 нафар штат бирлиги ажратилди.
Марказининг амалдаги бошқарув пульти тўлиқ ишга тушгандан сўнг асосий ҳамда захира бошқарув пультлари уч ой муддат параллель равишда ишлайди.
Шу билан бирга, "Иссиқлик электр станциялари" ва "Ҳудудий электр тармоқлари" компаниялари тизимидаги ташкилотлар ушбу жамиятларнинг ҳудудий филиаллари этиб қайта ташкил этилади.
Маълумот ўрнида, 25 январь куни Марказий Осиёда электр таъминотида йирик авария - техник узилиш содир бўлган эди. Шундан сўнг президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон электр энергетика тизимини 500-750 киловольтли тармоқларни қуриш орқали ягона ҳалқа тизимини ҳосил қилиш вазифасини қўйган эди.
Янгиликлар лентаси
0