Ўқитувчиларни узр сўрашга мажбурлаган Марҳамат ҳокими ўринбосари жаримага тортилди

© Фото: "Дарё"Мухтор Қурбонов
Мухтор  Қурбонов - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 30.03.2022
Oбуна бўлиш
Қурбонов таълим муассасаси педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилган.
ТОШКЕНТ, 30 мар — Sputnik. Андижон вилояти Марҳамат туман суди мактаб ўқитувчиларини ота-оналардан узр сўрашга мажбур қилган ҳоким ўринбосари Мухтор Қурбоновга жарима жазосини тайинланди. Бу ҳақда вилоят суди ахборот хизмати хабар бермоқда.
"Дарё" нашрининг ёзишича, амалдор 4 февраль куни тумандаги 72-ихтисослаштирилган мактабда ўқитувчиларига таълим сифати, ўқувчиларнинг олийгоҳга кириш кўрсаткичи пастлигини важ қилиб, бунинг учун ота-оналардан узр сўрашлари тўғрисида топшириқ берган. Ҳамда буни амалга оширтириб, таълим муассасаси педагог ходимларининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашган.
Ҳуқуқбузар судда айбига иқрор бўлиб, пушаймонлигини билдирган.
Суд қарори билан Қурбонов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 197-5-моддаси 1-қисмида (таълим муассасаси педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари, яъни 2,7 миллион сўм жарима жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқ таълими вазирлиги Андижонда ўқитувчиларнинг узр сўрашга мажбурланиши ортидан мактаб директори ва Марҳамат тумани халқ таълими бўлими мудири, Марҳамат тумани ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари лавозимидан озод қилинганини маълум қилган эди. Туман ҳокимига эса ҳайфсан интизомий жазоси қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, февраль бошида Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги мактабда ўқитувчилар ўқувчиларнинг ўзлаштириши қониқарсизлиги сабаб ота-оналардан узр сўрагани айтилган хабар тарқалган эди. Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов буни давлат сиёсатига қарши ҳаракат деб баҳолади. Кейинчалик Марҳамат тумани ҳокими Бобур Йўлдошев содир бўлган ҳолат юзасидан ўқитувчилардан узр сўраб чиқди. Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи узрбозликда туман ҳокимини айблади.
Янгиликлар лентаси
0