Жамият

Имконияти чекланган тадбиркорларга қандай ёрдам кўрсатилмоқда - видео

Обуна бўлиш
Yandex newsTelegram
Хорижий туристлар имконияти чекланган ҳунармандлар тайёрлаган буюмларни кўп харид қилишади. Бироқ, ҳунармандларга бозорга чиқишга ва маҳсулотларини танитишга ким ёрдам беради? Ҳунармандлар қандай муаммоларга дуч келишади? Жавоблар – Sputnik материалида.
Дам олиш кунлари Тошкентнинг Наврўз этнопаркида махсус кўргазма-ярмаркалари ўтказилади. Бунда имконияти чекланган тадбиркор-ҳунармандлар ҳам иштирок этишади. Бу ҳақида Sputnik мухбирига Ижтимоий туризм ассосиацияси маълум қилди.
Бир неча ҳафта олдин Ассосиация қошида Имконияти чекланган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш маркази очилди. Лойиҳа туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан қўллаб-қувватланди. Гап шундаки, хорижий туристлар орасида ўзбек ҳунармандларининг қўл меҳнатлари машҳур.
Албатта, имконияти чекланган ҳунармандларга бозорда маҳсулотларининг савдоси билан шуғулланиш қийинчиликлар туғдиради. Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш маркази бундай муаммоларни ҳал этишни ўз олдига мақсад қилган.
Ижтимоий туризм ассосиацияси раҳбари Моҳира Султонованинг сўзларига кўра, гарчи марказ Наврўз байрами арафасида ташкил этилган бўлсада, аллақачон 20 та уйда ишлайдиган ҳунармандлар билан ҳамкорлик қилишни бошлаган. Тадбиркорлар асосан аёллар бўлиб- уларнинг асосан эшитиш ва таянч ҳаракат тизимларида муаммолари бор.
“Тадбиркорларимиз асосан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан”, - дейди Моҳира Султонова.
Ҳунармандларга маҳсус савдо майдонлари қандай имкониятлар яратмоқда? Sputnik Ўзбекистон мухбири бу борада уларнинг фикрлари билан қизиқди.
Салима Ирматова - Ангрен шаҳридан. У болалигидан ногиронлик аравасида ҳаракатланади. Йигирма йилдан буён палантина, қўлқоплар ва ангора жунидан пайпоқлар тўқийди.
“Буларни тўқишимда бутун оилам кўмак беради. Чунки жунни сотиб олиб, тозалагандан сўнг, бўяш ҳам керак. Палантиналарни махсус машинкада тўқийман, қўлқоплар ва пайпоқлар эса- қўл меҳнатим”,- дейди у.
Салима опа ҳар куни биттадан палантин ёпинчиғи тўқийди. Ҳунарманд опа тўқиган буюмларнинг машҳур бўлишини ва бундай тадбирларда тез-тез иштирок этиб туришни истайди.
Яна бир ҳунарманд аёл- тошкентлик Наргиза Қодирова. Наргиза опанинг таянч-ҳаракат тизимида туғма касаллиги бор. У мельхиор ва яримқимматбаҳо тошлардан миллий тақинчоқлар ясайди. Ўзи истиқомат қиладиган маҳаллада тақинчоқларнини мустақил сотади.
“Тақинчоқларимни маҳалламдан ташқари, бошқа шаҳарларда, имкони бўлса дунё мамлакатлари миқёсида сотишни истайман. Бу учун бизга махсус транспорт яратиб беришса яхши бўларди”, - дейди опа.
Тошкентда ногиронлиги бўлган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш маркази очилди
Моҳира Султонованинг сўзларига кўра, имконияти чекланган инсонлар имкони борича оиласига ёрдам беришни исташади. Улар учун ўз меҳнати билан пул топиш, оилада, жамиятда ўзини керакли инсон деб ҳис қилиш муҳим. Шу сабабли марказда ҳунар ўрганмоқчи бўлган имконияти чекланган инсонлар учун бепул маҳорат дарслари ўтказилади.
“Агар ҳунармандларимизнинг марказга келишга имконияти бўлмаса, ўзимиз бориб ўргатамиз”, - дейди Ассосиация раҳбари.
Моҳира Султонованинг айтишича, жуда кўпчилик ҳунармандлар одамлар орасига чиқишга ва ўз маҳсулотлари ҳақида сўзлаб беришга ийманишади. Шунинг учун улар кўпроқ одамлар билан суҳбатлашишлари керак.
Кўргазма-ярмаркалар бунда уларга ёрдам беради: ҳунарманд қаҳрамонларимиздан намуна олиб яна бошқа мана шундай қўли гул аёл-тадбиркорлар кўргазмаларда иштирок этишларига туртки бўлиши мумкин.
Янгиликлар лентаси
0