Жамият

Олд ўриндиқдаги йўловчилар хавфсизлик камарини тақиши шарт бўлади

© pixabay.com/cfarnsworthРемни безопасности
Ремни безопасности - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 13.04.2022
Обуна бўлиш
Yandex newsTelegram
Ўзбекистонда автомобилнинг олд ўриндиғидаги йўловчи хавфсизлик камарини тақиши мажбурий бўлади.
ТОШКЕНТ, 13 апр — Sputnik. Ўзбекистонда олд ўриндиқда ўтирган йўловчилар ҳам хавфсизлик камарини тақиши шарт бўлади. Бу янгиланган ва 1 майдан кучга кирадиган Йўл ҳаракати қоидаларида (ЙҲҚ) белгилаб қўйилган.
Янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидалари 9-бандида белгиланишича, конструкциясида хавфсизлик камарлари назарда тутилган транспорт воситасини бошқараётган ҳайдовчи ва унинг олд ўриндиғидаги йўловчилар ҳаракатни бошлашдан олдин хавфсизлик камарларини тақиб олишлари шарт.
2015 йилда қабул қилинган амалдаги ЙҲҚда эса ҳаракатланиш вақтида ҳайдовчи хавфсизлик камарини таққан бўлиши кераклиги белгиланган.
Қуйидаги шахсларга хавфсизлик камарини тақмасликка рухсат этилади:
автомобилнинг орқа ўриндиғидаги 12 ёшгача бўлган болалар;
ўқув-машқ транспорт воситасини ўқувчи бошқараётган вақтда автомототранспорт воситасини ёки шаҳар электр транспортини бошқаришни ўргатувчи амалий машғулотлар инструктори;
ҳомиладор аёллар, саломатлиги хавфсизлик камари тақиш имконини бермайдиган беморлар (тиббий маълумотнома мавжуд бўлганда);
хизмат вазифасини бажараётган ходимга бириктирилган кўк ёки қизил ёхуд кўк ва қизил рангли ялтироқ маёқчаси билан жиҳозланган ҳамда махсус рангли бўёқ схемалар ва ёзувлар билан белгиланган транспорт воситалари ҳайдовчиси ва йўловчилари.
Автомобилни ортга ҳайдаётган ҳайдовчилар ва йўналишли такси ҳайдовчилари эндиликда хавфсизлик камарини тақишлари шарт бўлади.
Ички ишлар вазирлигига 7 ёшгача бўлган болаларни махсус болалар ўриндиғида, 7 ёшдан 12 ёшгача бўлган болаларни махсус ушлаб турувчи мосламали хавфсизлик камарини таққан ҳолдан ташиш, транспорт воситасининг орқа ўриндиғидаги йўловчилар ҳам хавфсизлик камарини тақиб олишлари инсон ҳаётини сақлаб қолиш учун муҳим эканлигини кенг тарғиб қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш топширилган.
Янгиликлар лентаси
0