Тошкентда аквапарк ва гуллар боғи барпо этилади

© Пресс-служба президента УзбекистанаПрезидент Узбекистана Шавкат Мирзиёев
Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 19.04.2022
Oбуна бўлиш
Президент “Технопарк” ҳудудидаги аквапарк, Астрономия парки ҳудудидаги гуллар боғи ва “Янги Ўзбекистон” университети қурилиши лойиҳалари билан танишди.
ТОШКЕНТ, 19 апр — Sputnik. Тошкентнинг Яшнобод туманидаги “Технопарк” ҳудудида аквапарк барпо этиш режалаштирилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев унинг лойиҳаси билан танишди.

“Бунинг учун ҳозирда фойдаланилмай турган бино билан бирга 4,5 гектар ер мўлжалланган. Мажмуа тўғридан-тўғри чет эл инвестицияси эвазига барпо этилади. Бу ерда очиқ ва ёпиқ сув ҳавзалари, аттракционлар, тамаддихона, ўйин майдончалари бўлади”, - дейилган давлат раҳбари матбуот хизмати хабарида.

Шунингдек, президентга Юнусобод туманидаги Астрономия парки ҳудудида барпо этиладиган гуллар боғи лойиҳаси тақдим этилди. Таъкидланишича, бу жой аҳолининг маданий дам олиши, пойтахт экологияси яхшиланиши учун яна бир омил бўлади.
Яна бир лойиҳа келгусида давлат музейларини реконструкция қилишга қаратилган. Унга кўра, биноларнинг архитектураси ва тарихий қийматини сақлаб қолган ҳолда ички шароитларини яхшилаш, замонавий техникалар билан жиҳозлаш режалаштирилган.
Маълум қилинишича, жаҳондаги машҳур музейлар тажрибаси асосида экспонатларнинг кўримлилигини ошириш, тарихий ашёларни безарар сақлаш, келувчиларга қулайликлар яратиш бўйича ҳамма жиҳатлар инобатга олинган.
Бундан ташқари, давлат раҳбари “Янги Ўзбекистон” университети қурилиши лойиҳасининг амалга оширилиши билан танишди.
Университет учун пойтахтнинг Мирзо Улуғбек тумани Дўрмон йўли кўчаси бўйида 30 гектар ер ажратилган. Мажмуа лойиҳаси Туркиянинг “Outdoor Factory” компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Унга кўра, бу ерда 5 та факультет учун ўқув бинолари, маъмурият, ўқитувчилар ва талабалар учун ётоқхоналар, ошхона, кутубхона, лаборатория, спорт саройи ва стадион барпо этилади.
Ҳозир бу ҳудудда Президент мактаби бор. Келгусида Президент таълим муассасалари агентлиги ҳам шу ерда жойлашади. Шу тариқа, ҳудуд таълимга ихтисослашган яхлит мажмуа бўлади.
Мирзиёев мажмуани сифатли қуриш, ўқув биноларида буюк ўзбек алломалари сиймоси ва меросини акс эттириш, ёшларнинг ўқиши ва ҳаракатланиши учун қулайликлар яратиш бўйича кўрсатмалар берди.
Янгиликлар лентаси
0