ССВ шер тишлаб олган 3 ёшли қизчанинг аҳволи ҳақида маълумот берди

© Фото: ССВССВ шер тишлаб олган 3 ёшли боланинг аҳволи ҳақида маълумот берди
ССВ шер тишлаб олган 3 ёшли боланинг аҳволи ҳақида маълумот берди - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 20.04.2022
Oбуна бўлиш
Соғлиқни сақлаш вазирлиги шер тишлаган болакайнинг аҳволини назоратга олган. Ҳозир болакайнинг умумий аҳволи нисбатан қониқарли.
ТОШКЕНТ, 20 апр — Sputnik. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент вилоятида шер тишлаб олган уч ёшли қизча С.М.нинг аҳволи ҳақида маълумот берди.
Вилоятнинг Тошкент туманидаги уйларнинг бирида ноқонуний боқилаётган шер боласи онаси ва ҳомиладор янгаси билан дўконга сут олиш учун чиққан қизалоққа ҳужум қилган эди. Шер тўсатдан орқа томондан келиб ташланган ва боланинг бош ҳамда елка қисмини тишлай бошлаган. Она фарзандини шер оғзидан қутқариб қолган. Воқеа кечки пайт, шернинг эгалари жониворни уйдан ташқарига айлантириш учун олиб чиққан пайтда юз берган.
Маълум қилинишича, ҳозир қизалоқ Мирзо Улуғбек туманида жойлашган 2-сон болалар жарроҳлик клиник шифохонасида даволанмоқда.
Қизалоқ 7 апрель куни соат 18:40 лар атрофида мазкур шифохонанинг травматология ва нейрохирургия бўлими қабулхонасига олиб келинган.
Навбатчи шифокор кўригидан сўнг у “Бошнинг тепа соҳасида, ўнг елканинг тепа учлигида ва ияк қисмида тишланган жароҳатлар“ ташхиси билан стационар даволаниш учун ётқизилган.
“Травматология ва нейрохирургия бўлимида шошилинч равишда барча керакли муолажалар ўтказилди. Жумладан, қутуришга қарши антирабик вакцина қўлланилиб, жароҳатларга бирламчи жарроҳлик ишловлари берилди”, - дейди муассаса бош шифокори Сабиров.
Хабарда айтилишича, бемор муассасага олиб келинган вақтда умумий аҳволи ўрта оғирликда баҳоланган. Ҳуши жойида бўлса-да, безовта ва қўрқув аломатлари кўзга ташланган. Бош соҳаси рентген ва МСКТ текширувларидан ўтказилган.
Ёш бемор нейрохирург, неврапатолог ва педиатр каби қатор мутахассислар томонидан консультация қилинган.
Шунингдек, унда қўшимча тарзда юқори нафас йўлларининг яллиғланиши белгилари бўлгани учун кўкрак қафасининг рентгенографияси текшируви ўтказилган. Педиатр “Ўткир респиратор инфекция. Фарингобронхит” ташхисини қўйган. Даволашни давом эттириш ва жароҳатларни назорат қилиб туриш мақсадида торакал жарроҳлик бўлимига ўтказилган.
“Ҳозир болакайнинг умумий аҳволи нисбатан қониқарли. Даво муолажалари режа асосида давом эттирилмоқда”, - дейилади хабарда.
ССВ беморнинг аҳволини назоратга олган. Қизалоқнинг аҳволи травматология ва нейрохирургия бўлими бошлиғи Исмат Ниғматов ҳамда Республика бош рабиологи Саидворис Ғаниев томонидан мунтазам тарзда текшириб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент туманида фуқаро ўзи яшаётган уй ҳовлисида хавфсизлик қоидаларига амал қилмай Африка шери боласини боқаётгани аниқлангани хабар қилинган эди. Шер боласи суд қарори қабул қилингунига қадар вақтинча сақлаш учун питомникка топширилган.
Янгиликлар лентаси
0