АКТ вазири Microsoft'га Ўзбекистонда офис очишни таклиф қилди

© Sputnik / Рамиз БахтияровШерзод Шерматов
Шерзод Шерматов - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 21.04.2022
Oбуна бўлиш
“Тошкент IT-парки”да хорижий IT компаниялар ва IT-мутахассисларини рўйхатдан ўтказиш, офис очиш, ишга ёллаш хизматлари кўрсатилмоқда.
ТОШКЕНТ, 21 апр — Sputnik. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов Microsoft компаниясига офисини Ўзбекистонда очишни таклиф қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Шерзод Шерматов 18 апрель куни Microsoft компанияси вакиллари билан онлайн учрашув ўтказган. Учрашув мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевнинг 14 апрель куни Ўзбекистонни минтақавий IT-марказга айлантириш бўйича берган топшириға асосан бўлиб ўтган.
Йиғилишда Microsoft компанияси, Америка-Ўзбекистон Савдо Палатаси ва Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси вакиллари иштирок этган. Унда ҳамкорликнинг долзарб ва истиқболли йўналишлари муҳокама қилинган.
Бундан ташқари, IT йўналиши бўйича таълимни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратиш, ушбу жараёнларга кўпроқ ёшларни жалб этиш, малакали кадрлар тайёрлаш масалалари кўрилган.
Томонлар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ишларни давом эттиришга тайёр эканлигини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, бир неча кун олдин АКТ вазири Россиянинг Яндекс.Такси компанияси вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда Тошкентдаги IT-паркда резидент мақомини олишни таклиф қилган эди.
“Тошкент IT-парки” бироз олдин ишга тушган бўлиб, у ерда хорижий IT компаниялар ва IT-мутахассисларини рўйхатдан ўтказиш, офис очиш, ишга ёллаш хизматлари кўрсатилмоқда. Мақсад - IT соҳасига хорижий компания ва мутахассисларни жалб қилиш, уларнинг мослашиш ва ишга жойлашишда ёрдам бериш. IT-парки матбуот хизмати хабарига кўра, йил бошидан буён 3000 дан ортиқ хорижлик ушбу дастурдан фойдаланган.
Янгиликлар лентаси
0