Лазгининг 90 минг нидоси: рақсга оид қизиқарли маълумотлар

© Мухиддин АлиПремьера балета "Лазги — танец Души и Любви" в Дубае
Премьера балета Лазги — танец Души и Любви в Дубае - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 26.04.2022
Oбуна бўлиш
Лазги рақсида қора либос бўлмайди, лезгинка илдизлари лазгидан бошланган – батафсил мақолада.
ТОШКЕНТ, 26 апр — Sputnik. Хоразм лазгиси уч минг йиллик тарихга эга. Филология фанлари доктори, Ўзбекистон давлат хореография академияси доценти Ҳулкар Ҳамроева Sputnik мухбирига бу рақс тарихи ва унга оид қизиқарли маълумотларни сўзлаб берди.
Унинг сўзларига кўра, лазги рақси худди олмосга ўхшайди. Унга қайси томондан қараманг, янги қирралари очилаверади.
“Ярим букилган оёқлар, силкинаётган елка ва қўллар - бу афсонавий Лазги рақсининг асосий ҳаракатлари ҳисобланади. “Лазги” сўзи “титраш” деган маънони англатади. Лазгининг 9 та тури мавжуд бўлиб, улар “Масхарабоз”, “Қайроқ”, “Сурнай”, “Дутор”, “Сарой-базм”, “Гармон”, “Чангак” ва “Хива” деб аталади. Бу турларни инсоният, унинг ўтмиши ва қадим тупроғига гувоҳ 90 минг нидоси деб биламан”, - дейди Ҳулкар Ҳамроева.
1960 йилда Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов Комил Хоразмий ғазали билан Лазги куйига сўз боғлаган. Бу билан лазгининг 9 тури “Яллали лазги” пайдо бўлди.
“Комилжон Отаниёзов раққосалардан, албатта, қўшиқнинг сўзини ёд олишни ва бир ҳаракатни икки маротаба такрорламасликни талаб қилган”, - дейди Ҳулкар Ҳамроева
Ҳамроеванинг сўзларига кўра, Хоразм рақс мактабида энг муҳим 19 та рақс ҳаракати бор. Булар лазги рақс туркумининг асосини ташкил қилади. Хоразм рақс мактабида қўлланиладиган қарсак, қайроқ каби ҳаракатлар бошқа рақс мактабларида учрамайди.

Лазгида қора либос бўлмади

Лазгига рақс тушаётган аёллар асосан ёрқин ранглар киядилар. Мисол учун, ёши катта аёллар “Дутор” лазгисида рақс тушишган. Уларнинг бошларида лачак бўлган. Ёш қизларнинг бошларига эса пат қадалган. Уларнинг кийимлари асосан тангалар билан безатилади. Эркаклар бошларига чўгирма кийиб ўйнашади. “Сурнай” лазгиси асосан эркаклар рақси бўлиб, Хоразмшоҳлар даврида қаҳрамонлик рақси деб ҳам аталган.

Лазгига ўхшаш рақс яна қаерда бор?

Давлат хореография академияси доценти Хоразм рақсига ўхшаш рақслардан бири бу лезгинка рақси эканини маълум қилди. Бу Хоразмшоҳларни Кавказ томонларга юришлари билан боғлиқ. Лезгинка илдизлари лазгидан бошланган деб аниқ айта олиш мумкин.
“Эътибор берсангиз, лазгида одамни кайфиятини кўтарадиган ҳолат ва жўшқинлик бор. Бундан ташқари рақс айнан Авесто даври билан боғлиқ. Шунинг учун ҳам “Лазги” Ўзбекистон маданий меросининг элементи сифатида Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилган” – дея таъкидлади Ҳамраева.
Гавҳар Матёқубова, Тамарахоним, Мукаррама Турғунбоева каби санъат усталари Хоразм халқ рақсларини мукаммалликка олиб келишган. Гавҳар Матёқубова томонидан хоразм рақслари айнан миллий қадриятлар, этнография билан боғлаб таҳлил қилингани нафақат ўзбек, балки жаҳон хореография санъатида ҳам ноёб ҳодиса ҳисобланади. Хоразм рақси ҳақида “Офатижон лазги”, “Лазги монографиси”, яқинда ўзбек ва инглиз тилларида нашр этилган “Хоразм Лазги рақси тарихи ва тавфсифи” каби китобларда батафсил маълумотлар келтирилган.

“Лазги” халқаро рақс фестивали

25-30 апрель кунлари Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида “Лазги” халқаро рақс фестивали бўлиб ўтади.
Фестивалда 30 дан ортиқ давлат вакиллари иштирок этади. Куни кеча тадбирда иштирок этиш мақсадида турли Буюк Британия, Россия, Туркия, Болгария, Эрон, Озарбайжон, Тожикистон делегацияларидан иборат рақс ансамбли вакиллари ва мутахассислар Тошкентга етиб келишди.
Меҳмонларнинг фикрича, ушбу фестиваль ўзбек рақслари ҳақида кўпроқ маълумот олишга ва мамлакатларнинг рақс санъатини намойиш қилишга катта имкон беради. Мутахассислар ўз репертуарларига ўзбек рақсларини қўшишни режа қилмоқда.
Фестивал доирасида халқаро илмий-амалий анжуман ҳам бўлиб ўтади. Унда Москвадаги Ўзбек тили ва маданияти маркази директори Россияда Хоразм лазги рақси тарғиботи номли марузаси билан ( онлайн) иштирок этади. Айтиш жоизки, ҳозир Москвада ўзбек рақсини ўрганаётган “Феруз” ва “Саната” гуруҳлари бор. Улар билан Ўзбекистон Давлат Хореография академияси ўртасида ҳамкорлик ўрнатилган.
Янгиликлар лентаси
0