Жамият

Самарқандда Россия таълим маркази очилди

© Yuz.uzСамаркандский Государственный университете (СамГУ)
Самаркандский Государственный университете (СамГУ) - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 29.04.2022
Обуна бўлиш
Yandex newsTelegram
Шимолий Кавказ федерал университети ректори ушбу марказ орқали муносабатлар янада яқинлашишига ишонч билдирди.
ТОШКЕНТ, 29 апр — Sputnik. Ўзбекистонда Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети негизида Россия таълими маркази очилди. Очилиш маросимида Шимолий Кавказ федерал университети (СКФУ) ректори Дмитрий Беспалов ҳам иштирок этди. Бу ҳақда университет матбуот хизмати хабар берди.
“Самарқанд давлат университети Осиёдаги энг тез ривожланаётган олий таълим муассасаларидан бири. Мен бунга ўтган йили муҳтарам ректор Рустам Холмуродов билан учрашганимда гувоҳ бўлганман. СамДУ билан ҳамкорлик қилиш биз учун ҳам фойдали бўлади. Биз ҳамкорликда талабалар алмашинуви ва илмий-тадқиқотларни йўлга қўйишни бошладик”, - дейди Дмитрий Беспалов.
Шунингдек, Шимолий Кавказ федерал университети ректори ушбу марказ орқали муносабатлар янада яқинлашишига ишонч билдирди.
Тадбирни Самарқанд давлат университети халқаро ҳамкорлик бўлими координатори Мухтор Носиров кириш сўз билан очди. СамДУ ўқув ишлари бўйича проректори Аҳмаджон Солиев Россия олий таълим муассасалари билан йўлга қўйилган самарали ҳамкорлик алоқалари ҳақида маълумот берди. Хусусан, ушбу марказ талабалар учун Россиянинг ривожланган олий таълим муассасаларида таҳсил олиш имкониятини яратувчи марказ бўлишига ишонч билдирди.
Тадбирда Россиянинг етакчи олий таълим муассасалари ректорлари, халқаро ҳамкорлик бўйича проректорлари иштирок этиб, Самарқанд давлат университети билан йўлга қўйилган икки томонлама муносабатларнинг янада яхшиланишига умид билдирди.
Марказнинг очилиши Россия ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига тўғри келди.
Марказнинг вазифаси Марказий Осиёда рус тилини оммалаштириш бўйича лойиҳаларни амалга оширишдан иборат бўлади. Марказ қўшма илмий тадқиқотларни мувофиқлаштиради. Шунингдек, рус тили, рус адабиёти, рус тарихи ва бошқа фанлар ўқитувчилари учун услубий ёрдамни ташкил қилади.
Янгиликлар лентаси
0