Жамият

“Уй ўликларга тўла эди”- фашистлар қамали ҳақида хотиралар

© Sputnik / Зафар ХалиловБлокадница Светлана Петровна Мальцева
Блокадница Светлана Петровна Мальцева - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 07.05.2022
Обуна бўлиш
Yandex newsTelegram
Ғалаба куни арафасида Sputnik Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг хотираларини эълон қилишда давом этади.
Светлана Петровна Мальцева 1938 йили Кронштадда таваллуд топган. Ўша пайтда Кронштад махфий, ҳарбий шаҳар бўлган. Уруш бошланиши билан ҳикоямиз қаҳрамонини онасидан тортиб олишди ва омон қолиши учун Катта ерга олиб боришди. Уруш боласининг кейинги тақдири қандай кечди?- батафсил ҳикоямизда.

Иложи борича болаларни қутқаринг

Уруш эълон қилиниши биланоқ, Кронштаддаги барча болаларни жўнатишга тўғри келди. Улар бу ерда бўлмаслиги керак эди - шаҳар Ленинградни фашистлар армиясининг ҳужумидан кучли девор билан ҳимоя қиларди. Тўрт ёшли Светлананинг ота-онаси буйруққа сўзсиз бўйсунишди ва тинчгина қизини бошқа болалар қатори жўнатиб юборишди. Ўзлари эса шаҳарда қолишди - ишлаш керак эди. Икки ойдан сўнг душман Ленинград атрофини ўраб олиши ҳеч кимнинг хаёлига келмаган эди.
“Иложи борича болаларни қутқаринг- радиода шундай деб эълон қилишди. Кронштадтдан оммавий эвакуация бошланди. Онам мен билан кетарди, лекин қўшнимиз тўхтатди. Ўшанда шаҳарни ҳарбийлар қўриқласа ҳам талончилар бошқара бошлаган эди. Қўшнимиз Нюра уйни талон-тарож қилишларидан қўрқиб, ўзи бориб болаларни топишини айтди ва онамни кўндирди. Устига устак унинг 4 ёшли Ўғли Юра ҳам биз билан кетган эди”, - деб эслайди Светлана Мальцева.
Светлананинг онаси – оддий, содда аёл уддабурон дугонасининг сўзларига ишонди ва уйда қолди. Нюра болаларни қидириш учун йўлга чиқди.

Кичкина аёлнинг катта қаҳрамонлиги

Икки ойча Нюрадан дарак бўлмади. Светлананинг онаси уни ўлган деб ўйлади. Кейинчалик Нюра қаҳрамонимизнинг онасига чеки йўқ бомбардимонлардан қандай омон қолиб ўтгани, дуч келган жойда яширинишга тўғри келганини сўзлаб берган. У Юра ва Светани топишга муваффақ бўлди. Айнан қаерда? Светлана Петровна аниқ эслолмайди: унинг хотирасида ҳикоялардан сақланиб қолгани - уларни қандайдир ўрмонга олиб кетишгани холос.
“Болаларга энагалар, ёш комсомолчилар қарашарди. Уларнинг орасида Юра ва мен ҳам бор эдик – касал эдик, яра-чақалар чиққан, жанда ва юпун кийинган. Бизни Нюра олиб кетди, - дейди қамалдан омон қолган қаҳрамонимиз. - Бу шундай катта жасорат эдики! У қандай қилиб олов чизиғини кесиб ўтди, билмайман. Онам бу ҳақида гапиришни хоҳламасди. Аста-секин ундан ҳаммасини ўзим билиб олдим”.
Онасининг хотираларини битталаб йиғиб, Светлана қамал ҳақида даҳшатли фактларни билиб олди.
Россия элчихонасида Ғалаба кунига бағишланган қабул бўлиб ўтди
“Онамнинг эслашича, баҳорга келиб уйимизда одамлар кам қолган. Улар биринчи қамалдаги қишдан омон қолишмаган. Уйнинг барча пастки қаватлари ўликларга тўлиб кетган”, - дейди Светлана Мальцева.

“Онажон!”

Светлананинг онаси қўшнисини кутди. У Нюранинг қайтиб келмаслиги мумкинлигини тушунарди, лекин ҳаммаси яхши бўлишига умид қилди. Бир куни Нюранинг квартирасини текшириш учун чиқди. Эшик очиқ. Уйга талончилар, безорилар келган бўлиши мумкин деб ўйлаб, қўрққанидан эшикни қия очиб кирди. Қараса, қўшниси ва болалар уйда.
Светлананинг онаси эшикка суяниб қолди, ниманидир туртиб юборди. Нюра ва болалар шовқиндан орқага қарашди. “Онажон!- митти Светанинг овози қичқириққа айланиб кетди...
Светлана Мальцева бундан кейин қандай қилиб онаси уйга олиб кетгани, даволаганини яхши эслайди. Кронштадда ҳамон шифокорлар бор эди, бола тузалиб кетди.
“Аммо боғчалар ишламасди, болаларни қабул қилмасди. Уйда бизни ёлғиз ташлаб кетишга тўғри келарди. Яхшиямки, онамнинг иш жойи яқин атрофда эди. Кейин у мени ўзи билан ишга олиб борадиган ва қўшимча бинода яшириб қўядиган бўлди”, - дейди Светлана.
Бир куни қизалоқ бинодан чиқиб, боққа айлангани ўтди. Раҳбариятдан кимдир уни кўриб қолди ва кимнинг қизи эканлигини сўради. Ишчи Ходякованинг қизи деб жавоб беришди.
“Онамни чақиришди, бошлиқ онамга тикилиб туриб: Мана шу айтаётган сўзларим учун мени шу жойда отиб ташлашлари мумкин. Ҳеч кимнинг сўзларига ишонманг. Уруш ҳали узоқ давом этади. Агар кетсангиз, болани қутқариб қолишингиз мумкин. Бола учун шундай қилишга мажбурсиз”, - деб онасининг ҳикояларини давом эттиради қаҳрамонимиз.

Эшелон тайгага йўл олди

Светлананинг онаси кетишни истамас эди. Бироқ бошлиқнинг айтганларига қулоқ тутди. Улар бўшаб қолган шаҳарни Кронштаддда қолган ягона одамлар- ҳарбийларнинг оилалари билан - сўнгги эшалонда тарк этишди.
“Бизни баржага ортишди. Новосибирск яқинидаги темир йўлда бизни немислар пайқаб қолишди. Улар қарғадек учиб кириб, бомбардимон қилишди. Лекин биз омон қолдик”, - дейди Светлана Мальцева.
Поезд икки ой деганда манзилга етиб келди. Вагонлар одамларга тўла эди. Светлана Мальцева уларни станцияларда овқатлантиришганини, бироқ баъзида поезд бир станцияда бир неча кунга қолиб кетганидан одамлар қаттиқ очарчиликдан қийналишганини яхши эслайди. Светлана ва унинг онаси тирик қолишди.
Концлагерда туғилган ўзбекистонлик ҳикояси
“Биз Новосибирскдан 100 километр узоқликдаги Тоғучин станциясига етиб келдик. У ерда бизни сибирликлар кутиб олишди ва бошпана беришди. Эвакуация қилинганлар уларга қўлларидан келганча ёрдам беришди: уй юмушларида кўмаклашишди, колхозларда ишлашди. Кейин квартира топдик. Онам ўт ўчирувчиларга ишга кирди, кейинчалик темирйўлчилар омборида ишлайдиган бўлди. У ерда тўрт ярим йил яшадик. Ўша ерда биринчи синфга бордим”, - деб эслайди Светлана Мальцева.

Биз жаннатга келгандик

Светлана Мальцева отасини яхши эслолмайди. Ёдида қолгани – отаси денгизчи эди.
“1942 йилнинг август ойида отамни армияга чақиришди. Бир марта хат жўнатди: Денгиз қирғоғида ишлайдиганларнинг кийимини беришди. Тонг отиши билан жангга кетамиз. Тирик қолсам- ёзаман деб ёзилганди хатда. Кейин бошқа ҳеч қандай хабар келмади отамдан”, - дейди аёл.
1946 йилда Светлананинг акаси уларни топди. Уруш бошланмасдан олдин у хотини ва фарзандлари билан Ўзбекистонда яшаган, Марғилон ипак фабрикасини қурган, кейин Текстилькомбинатни. Уруш бошланганда фронтга кетган. Тугагандан сўнг Ўзбекистонга қайтган.
“Тоғам онамни иссиқроқ жойга кўчиб келишга кўндирди. Узоқ ўйлаб, онам рози бўлди. Биз бу ерга 1947 йилга етиб келдик. Худди жаннатга тушиб қолгандек эдик: серқуёш ўлка, мевалар кўп. Биринчи бўлиб қизлар мактабига бордим, кейинчалик ўғил болалар билан ўқийдиган бўлдик. Янгам сочларимни худди ўзбек қизлариники каби ўриб қўярдилар”, - деб илиқ табассум билан хотирлайди Светлана Мальцева.
Ўзбекистонда қаҳрамонимиз фарзандлари ва набиралари қуршовида яшаб келмоқда.
Янгиликлар лентаси
0