Биринчи июндан давлат ғаллани бозор нархларида сотиб олишни бошлайди

© Sputnik / Виталий Тимкив / Медиабанкка ўтишУборка пшеницы в Краснодарском крае
Уборка пшеницы в Краснодарском крае - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 11.05.2022
Oбуна бўлиш
Президент: фермер ва кластерлар ўзлари етиштирган ғалласини биржа савдоларига олиб чиқишлари учун ҳам барча имкониятлар яратилади.
ТОШКЕНТ, 11 май — Sputnik. Ўзбекистонда 1 июндан бошлаб ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев дон маҳсулотлари корхоналарида трансформация жараёнларининг натижадорлигини ошириш чора-тадбирларига бағишланган йиғилишда маълум қилди.
Давлат раҳбарини жаҳон бозорларида озиқ-овқат нархлари кун сайин юқори суръатлар билан ўсаётганини қайд этган. Бугунги кунда халқаро биржаларда 1 тонна буғдой 400 доллардан сотилмоқда ва йил бошига нисбатан 30 фоизга ошди.
“Бундай вазиятда нарх-наво барқарорлигини таъминлашнинг ягона тўғри йўли бу – фермерлар манфаатдорлигини таъминлаш, ҳосилдорликни ошириш орқали бозорда таклифни кўпайтириш ҳисобланади”, - деди президент.
Бунинг учун ғаллачиликда бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш зарур. Давлат раҳбари мамлакат бу ислоҳотларга узоқ тайёргарлик кўрганини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, соҳада хусусий секторга кенг йўл очилгани туфайли унинг улуши тобора ортиб бормоқда. Хусусан, сўнгги уч йилда ҳудудларда қуввати қарийб 3 миллион тонна бўлган 160 дан ортиқ йирик хусусий дон корхоналари иш бошлади.
Йиғилишда ўтган йилда республика бўйича қарийб 3,5 миллион тонна ун ишлаб чиқарилгани, шундан 54 фоизи хусусий дон корхоналари ҳиссасига тўғри келгани кўрсатиб ўтилди.
Давлат дон корхоналарининг тегирмон харажатлари хусусий секторга нисбатан 20-25 фоизга юқори, рентабеллик эса 2 баравар кам.
Ишлар самарасиз йўлга қўйилгани оқибатида “Ўздонмаҳсулот” корхоналарининг Қишлоқ хўжалиги жамғармаси олдидаги қарзи 1,8 трлн сўмни ташкил этиб, шундан 1,1 трлн сўми умидсиз қарз ҳисобланади.
“Бир сўз билан айтганда, давлат дон корхоналаридаги айни пайтдаги эскича тизим дон етиштирувчига ҳам, қайта ишловчи корхоналарга ҳам манфаат бермаяпти. Шу боис, қишлоқ хўжалиги ислоҳотларини бошлаган давримизда дон етиштиришда давлат буюртмасини босқичма-босқич бекор қилиш ва ҳақиқий ғалла бозорини яратишни бундан уч йил олдин эълон қилган эдик. Бугун халқимиз, фермер-деҳқонларимиз анчадан буён кутган ушбу ислоҳотларимизнинг янги босқичини бошлаймиз. Қанчалик қийин бўлмасин, 1 июндан бошлаб ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтамиз”, - деди Мирзиёев.
Шунингдек, фермер ва кластерлар ўзлари етиштирган ғалласини биржа савдоларига олиб чиқишлари учун ҳам барча имкониятлар яратилади.
Давлат ресурслари учун сотиб олинадиган 1 тонна буғдой нархи ўтган йилдаги 1 миллион 550 минг сўмдан жорий йил ҳосили учун 3 миллион сўмга, яъни 2 бараварга оширилади.
Қишлоқ хўжалиги жамғармаси харид қилган 1 миллион 783 минг тонна буғдой эҳтиёжга қараб ойма-ой биржага чиқарилади.
Бунда июль-август ойларида биржада шаклланган ўртача нархлардан келиб чиқиб, фермерларга ўртадаги ижобий фарқ ҳам тўлаб берилади.
Мисол учун, август ойида 1 тонна ғалланинг биржа нархи 3,5 миллион сўм бўлса, фермерга яна 500 минг сўм тўлаб берилади. Бу мақсадларга жорий йилда давлатдан 6 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилади.
Бундан ташқари:
фермерлар ихтиёрида қоладиган буғдойдан 500 минг тоннаси дон корхоналарида вақтинча сақлаш учун қабул қилинади ва 1 июлдан бошлаб илк бора фермер ва кластерларнинг ўзлари биржа савдоларига бозор нархида чиқаради;
500 минг тонна буғдойнинг дон корхоналарида вақтинча сақлаш харажатларини давлат ўз зиммасига олади ва бунга 100 миллиард сўм ажратилади.
Агар фермер ва кластерлар томонидан етиштирган ортиқча ғалласини сотиш истаги бўлса, давлат ва хусусий дон корхоналарига шартнома асосида келишилган нархларда сотади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 2021 йил ҳосилидан бошлаб давлат томонидан ғаллага харид нархини белгилаш амалиётидан тўлиқ воз кечилиши хабар қилинган эди.
Янгиликлар лентаси
0