Дунё улкан ўзгаришларни бошдан кечирмоқда – Норов

© Пресс-служба МИД УзбекистанаВладимир Норов и Танзила Нарбаева на ташкентском форуме народной дипломатии ШОС
Владимир Норов и Танзила Нарбаева на ташкентском форуме народной дипломатии ШОС - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 11.05.2022
Oбуна бўлиш
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчининг сўзларига кўра, мамлакат сўнгги вақтларда минтақа давлатлари билан ишончли муносабатлар ва очиқ мулоқотни мустаҳкамлаган.
ТОШКЕНТ, 11 май — Sputnik. Бугун дунё улкан ўзгаришларни бошдан кечирмоқда, жадал ривожланиш ва глобал янгиланишлар даврига қадам қўймоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов Тошкентдаги Халқ дипломатияси форуми давомида маълум қилди, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Норовнинг сўзларига кўра, бундай шароитда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) “Шанхай руҳи”нинг ўзига хос тамойилларига таянган ҳолда халқаро ҳуқуқ, кўп томонлама ва ажралмас хавфсизликка асосланган кўп марказли дунё тартибини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.
У шу билан бирга, аъзо давлатлар Марказий Осиёнинг ташкилот маконининг фаравонлиги ва ривожланишидаги муҳим ўрнини эътироф этишини таъкидлади.
Ўзбекистон сўнгги вақтларда минтақа давлатлари билан ишончли муносабатлар ва очиқ мулоқотни мустаҳкамлаган. Долзарб икки томонлама ва минтақавий масалаларнинг аксарият қисмини ишонч ва ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда ҳал этиш бўйича ўзаро англашувга эришилган.
“ШҲТ тамаддунлар ўртасидаги мулоқотни фаол ва изчил ривожлантиришга кўмаклашади, турли маданият ва анъаналарга эга халқлар ўртасида кўприклар барпо этади”, - деди вазир.
ТИВ раҳбари ШҲТ маконида халқ дипломатиясини ривожлантириш учун мамлакатларимиз ёш авлодининг улкан салоҳиятидан фойдаланиш зарурлигини қайд этди.
ШҲТ маконида 800 миллиондан ортиқ ёшлар истиқомат қилади, бу дунё ёшларининг деярли ярми бўлиб, уларга ўз салоҳиятини ривожлантириш учун тўғри йўналиш ва шарт-шароит берилиши зарур.
Бунинг учун ШҲТда Ёшлар кенгаши, ШҲТ университети, ШҲТ модели, Ишбилармонлик кенгаши, “SCOLAR Network” ёшлар платформаси ва бошқаларни ўз ичига олган кенг жамоатчилик механизмлари тизими мавжуд.
“Бугунги Форум натижалари, унинг доирасида юзага келган ғоя ва лойиҳалар мамлакатларимиз ўртасидаги яқинлашув йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлади. Ўзбекистон ьашкилот маконида халқ дипломатиясининг мақсад ва вазифаларини илгари суришда давом этади”, - дея хулоса қилди Норов.
Тошкентда Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотидаги раислиги доирасида “Халқ дипломатияси – тараққиёт учун ўзаро англашув” мавзусида ШҲТ Халқ дипломатияси форуми бўлиб ўтмоқда. Форум 11-12 май кунлари давом этади.
Янгиликлар лентаси
0