Маданият

"Хамса" достони тожик тилига таржима қилинади

Обуна бўлиш
Yandex newsTelegram
Алишер Навоийнинг “Хамса” достони тожик тилига таржима қилинади. Тожикистонда сақланаётган Навоийнинг қўлёзма асарлари нусхалари Ўзбекистонга олиб келинади.
ТОШКЕНТ, 12 май — Sputnik.Навоий ижодининг дурдонаси “Хамса” достони тожик тилига таржима қилинади. Тожикистонда сақланаётган Навоийнинг қўлёзма асарлари нусхалари эса Ўзбекистонга олиб келинади.
Алишер Навоий номидаги Халқаро жамоат фонди ижрочи директори Олимжон Давлатов Sputnik Ўзбекистон мухбирига маълум қилишича, Навоийнинг ижодий мероси Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги алоқаларни янги даражага олиб чиқади.
Икки мамлакат ўртасидаги илмий алоқалар узоқ асрларга бориб тақалади. Буни Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ўртасида адабий ҳамкорлик ва устоз-шогирд муносабатлари йўлга қўйилганидан ҳам кўриш мумкин.
Илм-фан тарихида биринчи навоийшунос Абдураҳмон Жомий бўлса, биринчи жомийшунос Алишер Навоий саналади. Бу анъана бугунги кунга қадар давом этиб келмоқда.
Эндиликда Навоий асарлари икки давлат ўртасида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда олтин кўприк бўлади.
Халқаро жамоат фонди ижрочи директори Олимжон Давлатов Тожикистонда Навоий асарларини таржима қилиш ва нашр эттириш ишларини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Тожикистон элчиси, академик Абдужаббор Раҳмонзода билан учрашди.
Унда Алишер Навоийнинг ижодий меросини мамлакатда ва Тожикистонда кенг тарғиб қилиш борасида бир қатор таклифлар илгари сурилди.
“Тожикистонда Алишер Навоийнинг қўлёзма асарлари бор. Биз уларнинг нусхаларини олиб келишни режалаштирмоқдамиз. Президентнинг Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарорида Навоий асарларининг янги илмий нашрини яратиш вазифаси қўйилган. Айни шу вазифани амалга ошириш мақсадида бошқа давлатларда сақланаётган қўлёзма нусхалари билан танишиш зарурати бор”, дейди Олимжон Давлатов.
Форс-тожик адабиётнинг жуда кўплаб намуналари ўзбек тилига таржима қилинган.
“Рўдакийдан бошлаб Садриддин Айнийгача таржима қилинган. Энг кўп дунё тилларида форс ва тожик тили адабиёти намуналарининг энг кўп таржима қилингани бу ўзбек тили ва адабиёти ҳисобланади. Лекин, Ўзбек адабиёти намуналарини тожик ва форс тилига таржима қилиш кўнгилдагидек эмас”, дейди Олимжон Давлатов.
Ўтган йили фонд ташаббуси билан бундан 30 йил олдин таржима қилинган лекин, нашр этилмаган Алишер Навоийнинг “Лайли ва Мажнун” достонининг тожик тилидаги таржимаси икки тилда нашр эттирилди.
Бундан 70 йиллар олдин шоир ва таржимон Мухиддин Аминзода томонидан “Фарход ва Ширин” достонининг қисқартирилган варианти таржима бўлган. У ўтган йили Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида ўзбекистонлик олимлар иштирокида нашр этилди. Лекин, шу кунгача “Садди Искандарий” ("Искандар девори"), “Ҳайрат ул-аброр” ("Яхшилар ҳайрати"), “Сабъайи сайёр” ("Етти сайёра") достонлари таржима қилинмаган.
“Бир вақтлар Совет даврида ўзбек тилидан тожик тилига таржима қилувчи мактаб бўлар эди. Бу салоҳият Тожикистонда сақланиб қолган. Аммо ундан яхши фойданилмаяпти”, дейди Олимжон Давлатов.
Олимжон Давлатов Абдужаббор Раҳмонзодага ушбу мактабда Навоийнинг достонларини тожик тилига таржима қилиш ва китобларни Фонд орқали нашр этиш таклифини берди.
Бу масала тожикистонлик шоирлар билан кўриб чиқилиши кутилмоқда.
Абдужаббор Раҳмонзода томонидан шу йили Ўзбекистон ва Тожикистон олимлари иштирокида Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий ва умуман Темурийлар давридаги адабий алоқалар юзасидан конференция ўтказиш фикри илгари сурилди.
Янгиликлар лентаси
0