Ўзбекистон ва Россия олимлари Амударё тўқайларини ўрганишда муҳим маълумотларни тўплашди

Oбуна бўлиш
Амударё тўқайларига ташкил этилган экспедицияда ҳудуднинг флористик ва фитосенотик хилма-хиллиги ўрганилди.
ТОШКЕНТ, 16 май — Sputnik. Ботаника институти Геоботаника лабораторияси, Бухоро давлат университети ва Россия Фанлар академияси вакиллари иштирокида Амударё тўқайлари ҳудудида экспедиция ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академияси хабар берди.
Тадқиқотчилар Амударёнинг ўрта ва қуйи оқимларида, яъни Ромитан, Тупроққалъа, Амударё, Беруний, Нукус туманларида, шунингдек, Қизилқум давлат қўриқхонаси ва Қуйи-Амударё давлат биосфера резервати ҳудудларини кўздан кечиришди.
Дала тадқиқотлари давомида ўрганилган ҳудудлардаги дарёларда тўқай ўсимликларининг (Populus, Elaeagnus, Salix, Tamarix, Glycyrrhiza) ёш ҳолатлари таҳлил қилинди. Бунда 150 дан ортиқ геоботаник қайднома тўлдирилди.
Мутахассислар тадқиқот ҳудудининг флористик ва фитосенотик хилма-хиллигини ўрганишди.
“Гидроиқлим ва хронология маълумотларини олиш учун дарё атрофларидаги муҳит ва релъефи бир хил бўлган модел дарахтлар танланди. Ҳар бир танланган нуқтадан битта дарахт ва ҳар бир дарахтдан иккитадан йиллик ҳалқа намуналари махсус жиҳозлар ёрдамида олинди”, - дейилади хабарда.
Landsat ва Sentinel фазовий йўлдошлари орқали олинган 30 дан ортиқ космик фотосуратлар калитли полигонлар билан солиштирилиб, ҳудудларнинг контурлари белгиланди.
Амударё воҳаси тўқай фитосенозлари биохилма-хиллиги динамикасининг характерини баҳолаш ва α- ва β-биохилма-хиллиги индексларидан фойдаланган ҳолда ўсимликлар трансформациясининг хавотирли индикаторларини аниқлаш учун маълумотлар тўпланди.
Тўпланган маълумотлар асосида қуйидаги натижаларга эришилади:
минтақавий гидроиқлим ўзгариши билан боғлиқ ҳолда кейинги 100-200 йиллар давомида Ўзбекистон тўқай ўрмонларининг ўзгариш динамикаси аниқланади;
музликларнинг эриши ва дарё водийси тўқай массивлари майдонининг ўзгариши орасидаги корреляцион боғлиқлик асослаб берилади;
келгусида тўқай ўсимликлари ҳолатининг ўзгаришини акс эттирувчи математик модел яратилади;
масофадан зондлаш маълумотларини таҳлил қилиш асосида фрагментлашган экосистеманинг антропоген трансформацияси босқичлари кўрсатилади.
Амалга оширилган геоботаник қайдномалар Ўзбекистон ўсимлик жамоаларининг маълумотлар базасига киритилади. Улар Ўзбекистон флорасининг экологик шкаласини ишлаб чиқишда фойдаланилади.
© Фото: Ўзбекистон Фанлар академияси
Ўзбекистон ва Россия олимлари Амударё тўқайларини ўрганишди - Sputnik Ўзбекистон
1/5
© Фото: Ўзбекистон Фанлар академияси
Ўзбекистон ва Россия олимлари Амударё тўқайларини ўрганишди - Sputnik Ўзбекистон
2/5
© Фото: Ўзбекистон Фанлар академияси
Ўзбекистон ва Россия олимлари Амударё тўқайларини ўрганишди - Sputnik Ўзбекистон
3/5
© Фото: Ўзбекистон Фанлар академияси
Ўзбекистон ва Россия олимлари Амударё тўқайларини ўрганишди - Sputnik Ўзбекистон
4/5
© Фото: Ўзбекистон Фанлар академияси
Ўзбекистон ва Россия олимлари Амударё тўқайларини ўрганишди - Sputnik Ўзбекистон
5/5
Янгиликлар лентаси
0