Тиббиёт соҳасида янги олийгоҳ очилди

© Sputnik / Константин Михальчевский / Медиабанкка ўтишВрач-лаборант
Врач-лаборант - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 20.05.2022
Oбуна бўлиш
Фармацевтика техник университети дори воситалари ишлаб чиқариш, косметология соҳалари учун кадрлар тайёрлайди.
ТОШКЕНТ, 20 май — Sputnik. “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерида Фармацевтика техник университети ташкил этилди. Бу бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 263-сон қарори қабул қилинди.

Университетда таълим жараёни 2022/2023 ўқув йилидан бошланади. Ўқувчилар бакалавриат ва магистратура бўлимларига қабул қилинади, - дейилган хабарда.

Янги таълим даргоҳини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад фармацевтика саноати учун халқаро стандартлар ва миллий анъаналар уйғунлигида юқори малакали, замонавий билим ва кўникмаларга эга, мустақил фикрлайдиган, ватанпарвар кадрларни тайёрлашдан иборат.
Шунингдек, фармацевтика соҳасида халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳам назарда тутилмоқда.
Университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари:
дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника ишлаб чиқариш, косметология, тармоқ ва бизнесни бошқариш соҳаларида халқаро таълим стандартларига мувофиқ малакали кадрлар тайёрлаш;
инновацион ва самарали таълим дастурлари ва ўқитиш шаклларини жорий этиш;
таълим ва фаннинг узлуксизлиги ва узвийлиги, шунингдек, уларнинг жаҳон таълими ва илмий ҳамжамиятга интеграциялашуви ҳисобига мутахассислар ва илмий-педагогик кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни амалга ошириш;
фармацевтика таълими, фан ва ишлаб чиқаришнинг яқин интеграцияси учун шарт-шароитлар яратиш ва бошқалар.
Кластернинг ўқув қисмини яратиш бўйича лойиҳани молиялаштириш учун Корея Эксимбанкининг Иқтисодий ривожлантириш ва ҳамкорлик жамғармаси (EDCF) томонидан Ўзбекистонга 40 йил муддатга 10 йиллик имтиёзли давр билан 83,7 миллион доллар миқдорида кредит тақдим этилди.
Университетда бакалавриат ва магистратурага қабул қилиш шартлари, таълим олиш шакли ва таълим тили ҳамкор университетлар билан келишган ҳолда аниқланади.
Янгиликлар лентаси
0