Спорт

Спортчиларни тайёрлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий қилинади – президент

© Пресс-служба президента УзбекистанаПрезидент Шавкат Мирзиёев
Президент Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 23.05.2022
Обуна бўлиш
Yandex newsTelegram
Ҳар бир маҳаллада иккита мавсумда мусобақалар ташкил этилиб, яхши натижа кўрсатган ёшлар электрон рўйхатга киритилади.
ТОШКЕНТ, 23 май — Sputnik. Ўзбекистонда энди спортчиларни тайёрлаш ва селекция қилиш бўйича мутлақо янги тизим жорий қилинади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев спортни оммалаштириш, спорт таълимини яхшилаш ва иқтидорли спортчиларни тайёрлашга бағишланган йиғилишда маълум қилди.
Таъкидланишича, ёшларни болаликданоқ спортга жалб қилиш ва иқтидорли спортчиларни тайёрлаш борасидаги ёндашувлар ўзгартирилади.
Янги тизим Бухоро вилояти мисолида тушунтирилди. Жумладан:
ҳар бир маҳаллада иккита мавсумда (апрель-июнь, сентябрь-декабрь) мусобақалар ташкил этилиб, яхши натижа кўрсатган ёшлар спорт бўлими ва ёшлар етакчиси томонидан электрон рўйхатга киритилади;
бу ёшлар вилоятдаги 19 та спорт мактабининг махсус гуруҳларида (8 ойгача) мураббийлар билан бепул шуғулланади;
махсус гуруҳлардаги профессионал спортга салоҳияти бор ёшлар йўналишига кўра вилоятдаги 4 та ихтисослашган мактабга қабул қилинади (сузиш, яккакураш, ўйин турлари ва енгил атлетика, бадиий гимнастика);
спорт мактаби тренерларининг иш ҳақи 35 фоизга оширилади. Бундан ташқари, яхши натижа кўрсатган мактаб директорлари, тренерлар ва бошқа мутахассисларга қўшимча 50 фоизгача устама тўланади;
жамоавий спорт турлари бўйича ҳудудий чемпионатларда спортчилари ғолиб бўлган тренерларга 5 фоиз, республика чемпионатида – 20 фоиз устама берилади;
вилоятдаги спорт мактаблари ихтисослигига қараб олимпия спорт турлари бўйича базага айлантирилади.
Спортни ривожлантириш вазирлигига қуйидаги топшириқлар берилди:
- 279 та болалар ва ўсмирлар спорт мактабларидаги шарт-шароитлар ва тренерларнинг малакасини жойига бориб ўрганиш ҳамда уларни олимпия спорт турларига ихтисослаштириш;
- ҳар бир спорт мактабини ўз ҳудудидаги маҳалла, мактаб ва техникумлар билан боғлаб, уларда камида 1 тадан олимпия спорти тўгаракларини ташкил этиш;
- йил якунигача спортчиларни маҳалладан бошлаб танлаб олиш бўйича электрон платформани ишга тушириш;
- натижа кўрсатган маҳаллаларни рағбатлантириш тизимини жорий этиш;
- спорт мактабларини тиббий асбоб-ускуналар, дори дармон ва спорт кийимлари билан таъминлаш учун жорий йилда 35 миллиард сўм ажратиш;
- 1 сентябргача мактаб, спорт мактаби, коллеж ва олийгоҳларнинг залларини ноолимпия спорт турлари клубларига бепул бериш тартибини жорий этиш топшириқлари берилди.
Вазирлик ва вилоят ҳокимлари ёшларнинг 43 фоизи (6 миллиондан ортиқ) оммавий спорт билан мунтазам шуғулланишини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўриши шартлиги кўрсатилди.

Ёшларни спортга қамраб олиш даражаси оширилади

Президент ёшларнинг спорт мактаблари билан қамровини 1,3 бараварга ошириб, 520 минг нафарга етказиш вазифасини қўйди.
Бундан ташқари, 69 та тумандаги спорт мактабларида камида 20 та, 47 тасида 15 та, қолган 91 тасида 10 та олимпия спорт турларига тайёрлашни йўлга қўйиш топширилди.
Йил якунигача 508 та маҳаллада кўп функцияли спорт майдончаларини қуришга кўрсатма берилди.
“Йил якунига қадар 6 миллион нафар ёшларни оммавий спорт билан қамраб олиш – бу сиёсат”, - дейди президент.
Мирзиёев туман-шаҳар ҳокимлари ва сектор раҳбарлари оммавий спортни ривожлантириш бўйича ишларни жадаллаштириши кераклиги ва бу борада сўров доимий ва қаттиқ бўлишини қайд этиб ўтди.
Спортчиларни профессионал тайёрлаш бўйича тизим жорий этилади
Унга кўра:
коллежлар ҳар бир вилоятда олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази сифатида ташкил этилади;
марказлар ҳузурида 5-9-синфлар учун Олимпия мактаблари, 10-11-синфлар ва 1-2-курслар учун Олимпия ва паралимпия коллежлари бўлади;
болалар ва ўсмирлар спорт мактабида яхши натижа кўрсатган ёшлар Олимпия мактабига қабул қилиниб, таълим олади ва чуқурлаштирилган спорт билан шуғулланади;
ихтисослашган спорт мактаблари битирувчилари коллежларга 1-курсга қабул қилиниб, тайёргарликнинг узлуксиз тизими яратилади;
Спорт вазирлиги ҳузурида илғор тренер ва хорижий экспертлардан иборат Мураббийлар кенгаши ташкил этилиб, мусобақаларда энг юқори натижага эришган спортчиларни коллежларга саралаб олади;
коллеж битирувчилари Олий спорт маҳорати институтига қабул қилинади.

Умумреспублика спорт мусобақалари “туман – вилоят – республика” занжири асосида ташкил этилади

Бундан буён бирламчи саралаш босқичидан ўтмаган спортчилар вилоят ва республика босқичида иштирок этмайди. Миллий терма жамоаларга барча босқич мусобақаларида иштирок этиб ғолиб ёки совриндор бўлган ёшлар саралаб олинади.
Ҳар йили маҳалла ва муассасалар жамоалари иштирокида кўп босқичли Ҳоким кубоги ташкил қилинади.
Шунингдек, халқаро тажриба ва стандартлар асосида спорт турлари бўйича миллий чемпионатлар ўтказиш тартиби ишлаб чиқилади.
Мутасаддиларга қуйидаги топшириқлар берилди:
- олимпия спорт турлари бўйича спортчиларни жисмоний ва руҳий тайёрлаш, уларни соғлом овқатлантириш дастурларини ишлаб чиқиш;
- келгуси ўқув йилидан бошлаб Жисмоний тарбия ва спорт университетида спорт диетологияси, муҳандислиги ва кардиомашғулотлар, Тиббиёт академиясида спорт медицинаси ва фармакологияси бўйича мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш;
- йилига камида 20 нафар маҳаллий тренер, спорт шифокори ва бошқа мутахассисларни хорижда малака ошириш тизимини жорий этиш.
Қолаверса, жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқотлар институти фаолиятини танқидий кўриб чиқиб, уни такомиллаштириш бўйича таклиф киритиш топширилди.
Маълумот учун, шу йили спорт соҳасига 2 триллион 300 миллиард сўм ажратилган. Шундан 1 триллион 200 миллиард сўм спорт таълим муассасаларига йўналтирилган.
Ёзги Осиё ўйинлари ғолиблари қандай рағбатлантирилади
Янгиликлар лентаси
0