Дунёда

Дунёнинг 33 та мамлакатдаги 650 нафар болада номаълум ўткир гепатит аниқланди

© Sputnik / Алексей Куденко / Фотобанкка ўтишНИИ детской онкологии и гематологии РОНЦ имени Н. Н. Блохина
НИИ детской онкологии и гематологии РОНЦ имени Н. Н. Блохина - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 29.05.2022
Обуна бўлиш
Yandex newsTelegram
Касалликнинг энг кўп ҳолати Европада кузатилган, гепатитнинг келиб чиқиши ҳозиргача аниқланмаган.
ТОШКЕНТ, 29 май — Sputnik. Апрель бошидан буён дунёнинг 33 та мамлакатидаги 650 нафар болада келиб чиқиши номаълум бўлган ўткир гепатит аниқланган. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълум қилди.
ЖССТ маълумотларига кўра, энг кўп касалланганлар Буюк Британия (222 нафар) ва АҚШда (216) қайд этилган.
Инфекция Аргентина, Австрия, Белгия, Болгария, Канада, Кипр, Дания, Франция, Греция, Индонезия, Ирландия, Исроил, Италия, Япония, Малдив, Мексика, Молдова, Нидерландия, Норвегия, Фаластин, Панама, Польша, Португалия, Жанубий Корея, Руминия, Сербия, Сингапур, Словакия, Словения, Испания ва Швецияда ҳам аниқланган. Евроиттифоқ мамлакатларида касалланиш ҳолатларининг 75 фоизи беш ёшдан кичик болалар улушига тўғри келган.
Таъкидланишича, касалланган болаларда ўткир жигар етишмовчилиги ривожланмоқда. Олти фоиз ҳолатда болаларда жигар трансплантацияси ўтказиш талаб қилинган, тўққиз нафар бола вафот этган.
Шу билан бирга, мутахассислар касалланиш манбасини ва қўзғатувчининг юқиш усулини аниқлаганича йўқ. Айрим беморларда аденовирус ёки коронавирус қайд этилган.
Бироқ гепатитнинг ушбу вируслардан кейин асорат сифатида пайдо бўлиши ҳақида ҳеч қандай далил йўқ. ЖССТ мутахассислари ушбу гипотезани ўрганишда давом этмоқда ва касаллик хавфини глобал даражада ўртача деб баҳолайди.
Номаълум турдаги ўткир гепатит билан касалланиш ҳақида апрель бошларида хабар қилинган эди.23 апрель куни ЖССТ бир ойликдан 16 ёшгача бўлган 169 нафар болада касаллик қайд этилгани ҳақида маълум қилди. Бу ҳолатларнинг бирортасида ҳам гепатитнинг А, В, С, D ва E турлари аниқланмаган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда президент қарори билан 1 июлдан бошлаб ҳар йили 1 миллион нафаргача аҳоли вирусли гепатит В ва С турларига скрининг текширувларидан ўтказилади. 1 июлдан нодавлат тиббиёт ташкилотлари қон ва унинг таркибий қисмлари билан ишлаётган мутахассислар гепатит Б инфекциясига қарши эмланади. Ташкилот эмланиш жараёнини таъминлайди.
Янгиликлар лентаси
0