Эртадан бошлаб ноёб астрономик ҳодиса - “сайёралар паради”ни кузатиш мумкин

© NASA / JPL-CaltechПять планет выстроились в ряд на целый месяц
Пять планет выстроились в ряд на целый месяц - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 10.06.2022
Oбуна бўлиш
Ушбу ноёб астрономик ҳодиса июль ойи охиригача давом этади.
ТОШКЕНТ, 10 июн — Sputnik. 11 июндан ноёб астрономик ҳодиса, 170 йилда бир марта содир бўладиган катта сайёралар парадини кўриш мумкин бўлади. Бу ҳақда Мирзо Улуғбек номидаги Астрономия институти хабар берди.
Айтилишича, ҳозирги кунларда катта сайёралар паради содир бўлмоқда. Бу ҳодисада Қуёш системасидаги 7 та сайёра иштирок этмоқда ва улар Ердан туриб кузатилганда бир-бирига яқин бурчак масофада кўринади.
Ушбу сайёралар парадида Меркурий, Венера, Марс, Юпитер, Сатурн, Уран ва Нептун сайёралари иштирок этмоқда.
“Булардан Уран ва Нептун жуда хиралиги учун бизга кўринмайди, лекин қолган 5 та сайёраларини оддий кўз орқали бемалол кўришимиз мумкин”, дейилади хабарда.
Параднинг 11 июндаги кўриниши
Бу сайёралар тахминан 90 градус майдонга ўзаро жойлашади. Ушбу парадда 11 июнь ҳисобига кўра тахминан тунги соат 3:45 дан то Қуёш чиқиши вақтига қадар бир вақтнинг ўзида 4 та сайёрани Венера, Марс, Юпитер ва Сатурн сайёраларини жанубий-шарқ томонда кўриш мумкин.
20 июнь куни ушбу сайёралар парадига Ой ҳам қўшилади. Ушбу астрономик ҳодисани тонгга яқин Қуёш чиқмасдан аввал осмоннинг жанубий-шарқ томонда кўрса бўлади.
Параднинг 19-25 июнь кунларидаги кўриниши
Ушбу парадда Меркурий сайёраси ҳам иштирок этмоқда, лекин унинг горизонтдан баландлиги жуда кичиклиги учун даставвал кўзга кўринмайди. Кейинчалик тахминан 19-25 июнь кунлари баландлиги ортишини ҳисобига Меркурийни ҳам горизонтдан юқорироқда Венеранинг чап томонида кўриш мумкин бўлади.
24 июнда тахминан эрталабки соат 4 лардан бошлаб 6 та осмон жисми: Меркурий, Венера, Ой, Марс, Юпитер, Сатурнларни бир вақтнинг ўзида осмоннинг жанубий-шарқ томонда кўринади.
Ушбу ноёб астрономик ҳодиса июль ойи охиригача давом этади.
“Астрономик ҳодисалар, жумладан ушбу сайёралар паради инсон тақдирига, келажагига ҳеч қандай таъсир қилмайди. Бу ноёб астрономик ҳодиса холос – бу ҳодисани шунчаки кузатиш ва ундан завқ олиш керак”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, сайёралар паради бу ноёб астрономик ҳодисалардан бири ҳисобланади. Бунда 2 ва ундан ортиқ сайёралар бир тўғри чизиқда ёки бир-бирига яқин бурчак масофада жойлашади.
Сайёралар паради икки гуруҳга бўлинади. Биринчи гуруҳ кичик сайёралар паради деб аталади ва унда 4 тагача сайёралар қатнашади. Кичик сайёралар паради бир йилда бир марта содир бўлиши мумкин.
Иккинчи гуруҳ эса катта сайёралар паради деб аталади, бунда 5 та ёки ундан ортиқ сайёралар бир-бирига яқин бурчак масофага келишади. Ушбу ҳодиса 18-20 йилда бир марта содир бўлади. Бундан ташқари, Қуёш системасидаги 8 та сайёра иштирокидаги парад ҳам бўлиши мумкин, бу ноёб астрономик ҳодиса 170 йилда бир марта содир бўлади.
Янгиликлар лентаси
0