Ўзбекистонни қандай об-ҳаво кутмоқда? Иқлимшунос олим билан суҳбат

© SputnikПыльная буря в Узбекистане
Пыльная буря в Узбекистане - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 17.06.2022
Oбуна бўлиш
Иқлим ўзгариши – сўнгги йилларнинг глобал муаммосидир. Ўзбекистонга бу қандай таъсир қилади? Яқин йилларда об-ҳавода қандай ўзгаришларни кутиш мумкин?
ТОШКЕНТ, 17 июн – Sputnik. Ўтган асрда олимлар томонидан ишлаб чиқилган иқлим сценарийларида 2030-2050 йилларда ҳаво ҳароратининг кўтарилиб кетиш айтилган эди. Биз бугун ушбу прогонозлар амалга ошаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз, дейди иқлимшунос олим, Гидрометеорология илмий текшириш институти таянч докторанти Эркин Абдулаҳатов Sputnik мухбири билан суҳбатда.

“Иқлим сценарийларида Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати 3 даражагача кўтарилиб кетиши прогноз қилинган. 2050 йилга бориб, бу кўрсаткич 5 даражагача, 2080 йилда 6-7 даражагача кўтарилиб кетиши мумкин. Демак, бизни минтақа шароитидан келиб чиқадиган бўлсак, қурғоқчилик хавфи кутиб турибди. Буни ортидан кучли ёмғир билан ёғувчи сел-сув тошқинлари ҳам келиб чиқиши мумкин”, - дейди Абдулаҳатов.

Ҳозирги вақтда сув захираларининг камайиши, ҳароратнинг пасайиши, қишда кам қор ёғиши ва бошқа табиат ҳодисалари иқлим ўзгаришига мисол бўла олади. Буларнинг барчаси кўз ўнгимизда содир бўлмоқда, - дейди олим.

Хавфли ҳарорат

Ҳарорат - об-ҳавонинг асосий параметри ҳисобланади. Бутун дунё аҳолиси 2015 йилдан кейин ҳаво ҳароратининг кескин ўзгаришининг гувоҳи бўлмоқда. Иқлимнинг бундай ўзгариши автоматик равишда мавсумлар ўзгаришига ҳам олиб келади.
Мутахассис айтишига кўра, гидрометеорологияда статистик маълумотлар ҳар 30 йиллик даврга солиштирилади. Хусусан, Ўзбекистон ҳудудига 1991-2021 йилликда совуқ ҳаво кириб келиши ҳиссаси бундан олдинги иқлимий давр (1961-1991) йилларга нисбатан 3 бараварга камайган. Олдинги даврда бу кўрсаткич 22-24% бўлган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 8%га тушиб қолган. Оқибатда - қиш фаслида кам қор ёғиши, совуқ ҳаво оқимларининг кам кириб келиши ва ўртача ҳаво ҳарорати исиб бориши кузатилмоқда.
Олдинлари ҳаво ҳароратининг исиб кетиши, яъни 40 градусдан юқори ҳарорат илгари ёз фаслида 15 кун кузатилган бўлса, энди 30-40 кун кузатилиши мумкин. Келгусида бу ҳолат фақат кундузи эмас, кечалари ҳам содир бўлиш эҳтимоли бор. Бу инсоннинг физиологик ҳолатига салбий таъсир кўрсатиб, ёқимсиз кайфиятни уйғотади, - дейди олим.

Сув заҳиралари камаймоқда

Иқлимнинг тобора исиб бораётгани сув ҳавзаларига ҳам таъсир кўрсатмоқда.
Ҳарорат ўсиши оқибатида сув ҳавзаларидаги очиқ сувларнинг буғланиши ҳозирги 5%дан 10-12 %гача ортиб кетиши мумкин. Табиийки сувлар буғланишга сарфланиб кетади ва қурғоқчиликка сабаб бўлади, - дейди мутахассис.
Марказий Осиёда асосий сув захиралари Зарафшон, Амударё ва Сирдарё ҳисобланади. Қиш фаслидаги қорнинг кам ёғиши ушбу дарёларга сувнинг кам тўпланишига олиб келади. Орол денгизининг қуриши ҳам Амударё ва Сирдарё сувларининг камайиши ва ўзлаштирилган ер майдонлари ортиб бориши оқибатидир.
Аҳоли сони ортиб бориши билан сувга бўлган эҳтиёж ҳам ошади, захиралар эса камайиб бораверади. Орол денгизи ўрнида пайдо бўлган “Оролқум” чўли ана шундай фаолият мисоли бўлиши мумкин.
Олдин катта ҳудуддаги сувлар буғланиб турарди, энди эса денгиз йўқолиб чўлга айланган. Асосан Шимолий Ғарбдан кириб келадиган ҳаво оқимларининг бузилишига ҳам олиб келмоқда.
Орол минтақасидаги аҳолининг яшаш шароитлари ҳам ўзгариб боряпти. Бу бевосита табиат ҳодисаларининг ёмонлашуви, Орол атрофидаги саҳродаги қумнинг чанг бўлиши, яъни қум массаларининг ҳавога кўтарилиши экологик бузилишларни юзага келтирди.

Инсон омили

Инсон омили туфайли ҳавога метан, ис гази каби зарарли газлар чиқмоқда. Айниқса, иссиқхоналарнинг кўпайиши экология бузилишига олиб келяпти.
Ҳозирда автомобилсозлик ҳам ривожланяпти, ишлаб чиқаришдаги зарарли тутунлар ва газларнинг барчаси атмосферага салбий таъсир кўрсатади. Иложи борича ишлаб чиқаришдаги мана шундай зарарли тутун ва газларни ҳавога кенг тарқалиб кетишини олдини олган зарур.
Ҳар бир инсон атроф-муҳитни асраши, табиат инъом этган неъматларни қадрига етиб, меъёрида авайлаб ишлатиши ва келгуси авлодга етказишда фаол бўлиши лозим, - деб хулоса қилади мутахассис.
Янгиликлар лентаси
0