Иқтисод

Чирчиқда Россия ҳамкорлигида қўшма корхона ишга туширилади

© “Ўзчармсаноат” уюшмаси Чирчиқда Россия ҳамкорлигида қўшма корхона ишга туширилади
Чирчиқда Россия ҳамкорлигида қўшма корхона ишга туширилади - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 22.06.2022
Обуна бўлиш
Yandex newsTelegram
Янги корхонанинг ишга тушиши натижасида поябзал саноатида бутловчи маҳсулотлар маҳаллийлаштирилади ва поябзал таннархи сезиларли даражада камаяди.
ТОШКЕНТ, 22 июн — Sputnik. Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида Қозон синтетик каучук заводи ҳамкорлигида қўшма корхона ишга туширилади. Бу ҳақда “Ўзчармсаноат” уюшмаси хабар берди.
“Ўзчармсаноат” уюшмасида “Қозон синтетик каучук заводи” ОАЖ вакили билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистонда поябзал саноати учун бутловчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган қўшма корхонани ишга тушириш масаласи кўриб чиқилди.
Айтилишича, Россиянинг кимё маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи мазкур корхона яқин кунларда поябзал саноати учун талаб юқори бўлган полиуретан ва каучук бирикмалари каби кимёвий моддалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган қўшма корхона очишни режалаштирмоқда.
“Мамлакатда йиллик ишлаб чиқариш қувватини ҳисобот даври охирига қадар 205 млн жуфтга етказиш кўзда тутилган. Бу эса айни йўналишда катта ҳажмдаги бутловчи қисмлар ва хом ашёга талабни оширади”, дейилади хабарда.
Ўзбекистонга ҳозирги кунда полиуретан ва каучук аралашмалари асосан хориждан келтирилади. Янги корхонанинг ишга тушиши натижасида бутловчи маҳсулотлар маҳаллийлаштирилади ва поябзал таннархи сезиларли даражада камаяди.
Ўзчармсаноат янги қўшма корхонага тармоқлараро ҳамкорликни йўлга қўйишда кўмаклашади.
Маълумот учун, Қозон синтетик каучук заводи Россиядаги нефт-кимё саноатининг етакчи корхоналаридан бири ҳисобланади. Заводда МДҲ давлатлари ва узоқ хориж мамлакатларида саноатнинг турли тармоқлари учун мўлжалланган юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Айни вақтда корхонада 160 номдаги маҳсулот тайёрланмоқда.
Янгиликлар лентаси
0