Онкология - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 21.01.2022
Бу қизиқ
Ушбу рукнимизда илм-фан, инсон соғлиги, фойдали ва зарарли озиқ-овқатлар, парҳез таомлар, шифокорлар маслаҳати ва бошқа барча учун қизиқарли маълумотлар бор.

Жазирама иссиқда қандай овқатланиш керак? – ССВ

© Pixabay/ Rita Eужин диета
ужин диета - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 28.06.2022
Oбуна бўлиш
Саратон кунларида қандай овқатланиш керак? Кунлик таомномада қандай егуликлар бўлиши мақсадга мувофиқ?
Бугун Ўзбекистонда кузатилаётган юқори ҳарорат шароитида, организм лоҳас бўлиб, кўпчиликнинг иштаҳаси пасайиши табиий ҳол. Бироқ иссиқ об-ҳаво бир неча кун ёки ҳафталар давом этишини инобатга олсак, овқатлармаслик саломатликка зарар етказиши мумкин.
Хўш, шундай экан, саратон кунларида қандай овқатланиш керак? Кунлик таомномада қандай егуликлар бўлиши мақсадга мувофиқ?
Ушбу саволга Тошкент тиббиёт академияси Овқатланиш гигиенаси ва болалар, ўсмирлар гигиенаси кафедраси профессори Гули Шайхова жавоб берди.
— Жазирама ҳавода кўпинча инсон организмида сув-туз алмашинувининг бузилиши, терлашнинг кучайиши, бунинг натижасида муҳим витаминлар ва минералларнинг йўқотилиши кузатилади, — дейди шифокор.
— Албатта бундай шароитда тўғри овқатланиш нафақат танани иссиқдан совутишга, балки уни сув ва фойдали микроэлементлар билан тўйинтиришга ҳам катта ёрдам беради. Яъни, сувсизланиш, офтоб уриши ва бошқа кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олади.
Шу боис ёз кунлари кўпроқ таомномага ҳўл мевалар ва хом ҳолатдаги сабзавот ҳамда улардан тайёрланган салатларни киритиш лозим. Чунки бу маҳсулотларнинг кўпчилиги чанқоқни қондиради ҳамда организмни керакли минерал моддалар ва витаминлар билан тўйинтиради. Лекин уларнинг калорияси кам ва куни билан сарф қилинган қувватнинг ўрнини боса олмайди. Организмга эса доимий оқсил моддалари зарур.
Бунинг учун гўшт ва унинг ўрнини босувчи баъзи (дуккакли) маҳсулотларни истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. Бироқ, қовурилган, ёғли маҳсулотларнинг ҳазм бўлиши анча қийин экани сабабли қайнатилган ва умуман енгил ҳазм бўладиган гўштли таомларни ейиш тавсия қилинади. Хусусан, иссиқ кунларда мастава, қайнатма шўрва (ёғсиз), манпар ва шунга ўхшаш енгил ҳазм бўлувчи таомларни ейиш керак.
Шунингдек, ёз фаслида овқатланиш вақтини бироз ўзгартириш тавсия қилинади:
7:00 нонушта. Унда оқсил, ёғ ва углеводга бой ва юқори калорияли маҳсулотлар (творог, қаймоқ, сутли чой, мева, сабзавот, сувда пиширилган гўшт ва шунга ўхшаш маҳсулотлар) бўлиши ва бу жами кунлик рационнинг 35 фоизини ташкил этиши лозим.
Тушликда енгил ҳазм бўлувчи биринчи таом, яъни мошхўрда, мастава, манпар, сувда ёки буғда тайёрланган котлетлардан иборат бўлса, нур устига аъло нур.
Кечки таомлар ҳам жуда енгил ҳазм бўладиган суюқ овқатлардан иборат бўлиши керак. Бунинг учун қатиқ, кефир, олма, турли сабзавотлар ва шунга ўхшаш углеводларга бой бўлмаган маҳсулотларни истеъмол қилиш лозим.
Қовун ва тарвуз эса тушлик вақтида ейилса яхши бўлади. Чунки улар углеводларга бой ва организмга қувват беради. Айниқса, тарвуз чанқоқни босади.
Бодринг, помидор, салатлар, пиёз, кўк пиёз, кўкатлар ҳам дастурхонда албатта бўлиши керак.
Шарбатларю Ҳўл мевалардан тайёрланган шарбатлар таркибида эса шакар имкон қадар умуман бўлмаслиги лозим.

Мутлақ тасвия этилмайдиган таомлар

Ёзнинг иссиқ кунларида шўр балиқ, дудланган гўшт, консерва, тузли маҳсулотларни истеъмол қилиш умуман тавсия этилмайди. Чунки улар чанқаш ҳолатини янада кучайтиради.
Қолаверса, ёғли гўшт, аччиқ егуликларни таомномадан чиқариб ташлаш мақсадга мувофиқ. Чунки улар танада иссиқлик ишлаб чиқаришни янада кучайтириб, ҳазми қийин. Бу эса организмнинг иссиқлик билан курашиш ва метаболик жараёнларни тартибга солиш ўрнига, ҳазм учун энергия сарфлашига олиб келади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарига асосан.
Янгиликлар лентаси
0