ЎзАвто автомобилни жазирама иссиқдан ҳимоялаш бўйича тавсиялар берди

© SputnikАвтомобильная инфраструктура
Автомобильная инфраструктура - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 29.06.2022
Oбуна бўлиш
Қуёш нурлари остида бўлган автомобилда ҳарорат 100 даражагача кўтарилади.
ТОШКЕНТ, 29 июн — Sputnik. UzAuto Motors компанияси аномал иссиқдан автомобилни эҳтиёт қилиш бўйича тавсиялар берди.
Айтилишича, юқори даражали ҳарорат ва қуёшнинг ултрабинафша нурлари автомобилга ўз таъсирини ўтказмай қолмайди.
Қуёш нурлари остида бўлган автомобилда ҳарорат 100 даражагача кўтарилиши мумкин.
Бунда транспорт ойнасининг муҳрлари, фара ва чироқларнинг қопқоқлари, асбоблар панели, ички қопламалар, ташқи қопламанинг пластик қисмлари қизийди, хиралашади, ёрилади ва бузилади.
Ҳаддан ташқари қизиб кетган автомобилга ўтиришга шошилманг.
Автомобилга ўтиришингиз заҳоти уни ҳаракатлантиришга шошилманг – яхшиси, ойналарни очинг ва двигателни ишга тушириб, бир неча дақиқа кутиб туринг. Мазкур қоида, айниқса, тўқ рангли автомобил эгалари учун жуда муҳимдир.
Фожиали ҳодисанинг олдини олиш учун ҳеч қачон болалар, қариялар ва ҳайвонларни автомобиль салонида, ҳатто ойналари очиқ бўлган тақдирда ҳам қаровсиз қолдирмаслик тавсия этилмоқда.
Соя жой тополмаган ҳайдовчилар учун махсус тавсия.
Ҳамма ҳам автомобилни ёпиқ автотураргоҳларда ёки соя жойда қолдириш имкониятига эга эмас.
Айтилишича, бундай вазиятда олд ойна учун қуёшдан ҳимояловчи экран сотиб олиш керак. Салоннинг қизиб кетишини олдини олиш, унинг пластик ва резина элементларини деформациядан ҳимоялаш учун иложи борича ойналарни ёпиш лозим.
Агар, келтириб ўтилган воситалар бўлмаса, автомобилни қуёшга тескари, олд ва ён ойналарига қуёш нури тушмайдиган қилиб қўйиш керак бўлади.
Транспорт қуёш нурида кўп қолиб кетиши, ҳақиқий рангининг йўқолишига сабаб бўлади.
Жазирамада автомобилга ҳам суюқлик керак.
Бу ойна тозаловчи, мой, фреон ва бошқа шу каби суюқликларга тааллуқли. Ёзда двигатель юкламаси ҳаддан ташқари ортади ва уни етарли миқдорда мотор мойи билан таъминлаш ниҳоятда муҳим. Ёзнинг иссиқ кунларида автомобилдан интенсив фойдаланиш билан ёғни тез-тез алмаштириш кераклигини унутманг.
Радиаторга дистерланган сув эмас махсус антифриз қуйиш,тормоз суюқлигини мунтазам равишда ўзгартириб туриш, шу билан бирга сервис китобидаги тавсияларга амал қилинг.
Автомобилни ёқилғига тўйдирманг.
Ҳаддан ташқари иссиқда, ёқилғини бак тўлгунча тўлдирманг. Ҳарорат кўтарилганда у кенгайиб, бакдан тўкилиши мумкин. Тўкилган ёқилғи автомобиль рангига ёки корпуснинг коррозияга қарши ҳимоя қилиш қопламаларига зарар етказиши мумкин.
Қишки шиналарни ёзгисига алмаштиринг.
Ёзги шиналарнинг қаттиқлигининг хусусиятлари бор. Чунки иссиқ ҳаво ҳароратида резиналар юмшаши мумкин. Жудаям юқори ҳароратда асфальт қизиб юмшайди. Ёзги шиналар хавфсиз тормозлаш учун махсус протекторга эга бўлиб, йўлда сувдан ҳимоя қилиш ва ёқилғини тежаш имконини беради.
Жазирамада салонда қолдирилган энг оддий буюм ҳам хавфли ҳисобланади.
Ёз мавсумида автомобиль салонида газли ичимликлар, тиббий буюмлар ва дори воситалар, шунингдек, қуёшдан ҳимояловчи кремлар, кўзойнаклар, турли хилдаги суюқликлар ҳамда балончикларни, айниқса электрон қурилмаларни сақламанг.
Қуёшдан сақловчи кўзойнакларни ҳам унутманг.
Қуёш нури ҳайдовчини кўриш қобилиятини пасайтириб, бир неча сониялар ичида йўлда нохуш ҳодисани келтириб чиқариши мумкин. Шу сабабли, хайдовчиларга қуёшдан сақловчи кўзойнаклар тавсия қилинмоқда. Улар йўл-транспорт ҳодисаси содир этилишининг олдини олади.
Янгиликлар лентаси
0