Жамият

Мирзиёев Нукус шаҳрида юз берган воқеалар юзасидан Бош прокурорга топшириқ берди

© Пресс-служба президента УзбекистанаПрезидент Шавкат Мирзиёев
Президент Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 06.07.2022
Обуна бўлиш
Yandex newsTelegram
Бош прокурорга ҳар бир ҳолатни чуқур ва холисона ўрганиш ва воқеа иштирокчиларининг хатти-ҳаракатларига адолатли ҳуқуқий баҳо бериш топшириғи берилди.
ТОШКЕНТ, 6 июл – Sputnik. Нукус шаҳрида юз берган воқеаларда куч тузилмаларининг ҳаракатлари ҳам чуқур таҳлил қилинади. Президент Нукусдаги ҳаракатларга адолатли ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан Бош прокурорга топшириқ берди.
Шавкат Мирзиёев архитектура, қурилиш ва шаҳарсозлик масалаларига бағишланган йиғилиш аввалида Қорақалпоғистонда юз берган намойишларга ҳам тўхталиб ўтди.
“Нукус шаҳрида юз берган воқеалар натижасида, афсуски, бир қанча фуқаролар ҳалок бўлди ва жабр кўрди. Шу муносабат билан ўз яқинларини йўқотган оилаларга чин юракдан ҳамдардлик билдираман. Шифохоналарда даволанаётган беморларга эса тезроқ соғайиб кетишларини тилайман”, дейди президент.
Таъкидланишича, бу ҳаракатларга четдаги ғаразли кучлар томонидан йиллаб тайёргарлик кўрилган. Уларнинг асл мақсади Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилиш ва миллатлараро низо келтириб чиқаришга қаратилган.
Бўлиб ўтган воқеаларни ҳар томонлама чуқур ва холисона тергов қилиш учун Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари бошчилигида тергов ва суриштирув гуруҳи иш олиб бормоқда.
Шунингдек, бу жараёнга холис томонларни, яъни, жамоатчилик вакиллари, депутатлар ва фаолларни ҳам жалб қилиш зарурли қайд этилди.
Шунинг учун, Бош прокурор Н.Йўлдошевга ҳар бир ҳолатни чуқур ва холисона ўрганиш ва воқеа иштирокчиларининг хатти-ҳаракатларига адолатли ҳуқуқий баҳо бериш топшириғи берилди.
Куч тузилмаларининг ҳаракатлари ҳам чуқур таҳлил қилиниши, агар улар томонидан нотўғри куч ишлатилган бўлса, амалдаги қонунчиликка асосан уларнинг ҳам жиноий жавобгарлиги таъминланиши ҳам айтиб ўтилди.
Шавкат Мирзиёев ўз сўзида ҳозирги вақтда Қорақалпоғистондаги вазият изга тушаётгани, энг асосийси, аҳолининг тинчлиги ва ҳаётига ҳеч нарса хавф солаётгани йўқлиги ҳақида ҳам гапириб ўтди.
Маълум қилинишича, иқтисодиёт тармоқлари ишламоқда, одамлар кундалик ишлари ва юмушлари билан банд. Деҳқонлар ўз даласида ишламоқда, пешона тери билан яратган ҳосилларини йиғиштирмоқда.
Бозорлар, дўконлар ва бошқа хизмат кўрсатиш объектлари фаолият юритмоқда. Мамлакатнинг барча ҳудудларидан бу ерга озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотлар етказиб берилмоқда.
Давлат ҳокимияти органлари, жамоатчилик вакиллари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари томонидан ҳудудда барқарор вазиятни таъминлаш бўйича уюшган ва мувофиқлашган ҳолда иш олиб борилмоқда.
Янгиликлар лентаси
0