Ҳар бир шаҳар бош режа асосида ривожланади - Шавкат Мирзиёев

© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев
Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 07.07.2022
Oбуна бўлиш
Экспертлар таҳлилига кўра, "генплан"лар ишлаб чиқилмаса, 2030 йилга келиб инфратузилма харажатлари 2 бараварга ошади, қишлоқ хўжалиги ерлари 30 минг гектарга камайиб кетади.
ТОШКЕНТ, 7 июл - Sputnik. Ўзбекистонда сўнгги йилларда қурилиш соҳаси илдам ривожланди, лекин шаҳарларнинг бош режасини тузиш, лойиҳалаш ва қурилиш сифати ҳалигача ортда қолмоқда. Бу ҳақида президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида бўлиб ўтган мажлисда таъкидаланди.
Сўнгги беш йилда туман ва шаҳар бош режаларини ишлаб чиқишга 510 миллиард сўм ажратилгани, бироқ бугунги кунда 163 та туман ва шаҳарнинг бош режаси ишлаб чиқилиши зарур бўлсада, 83 та туман ва шаҳарнинг бош режаси ҳалигача якунига етказилмаган.
Ёки, бош режаси бор ҳудудларда ҳамер ажратиш вақурилиш “генплан”га зид равишда амалга оширилмоқда. Ўтган йилнинг ўзида республикада 814 та бундай ҳолат аниқланган. Айниқса Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё, Фарғона, Хоразм ва Наманган вилоятларида бундай ҳолатлар сони анча юқори.
Яна бир муаммо, 2007, 2008 йилларда ишлаб чиқилган бош режаларни қайта кўриб чиқиш керак. Чунки шаҳарларда аҳоли сони режадагидан ҳам кўпайиб кетган. Масалан Наманган шаҳрининг 2007 йилда тасдиқланган бош режасида 2035 йилгача аҳоли 630 минг нафарга етиши прогноз қилинган бўлса, бугунги куннинг ўзида Наманган аҳолиси қарийб 1 миллионга етди.
“Бир сўз билан айтганда, шаҳарларнинг аввал тасдиқланган бош режалари аҳоли ва иқтисодиётнинг бугунги кундаги ўсиш суръатлари, саноат ва хизмат кўрсатиш инфратузилмаси талабларига мос эмас”, деди Президент.
Хорижий экспертларнинг таҳлилларига кўра, “генплан”лар ишлаб чиқилмаса, 2030 йилга келиб инфратузилма харажатлари 2 бараварга ошади ҳамда қишлоқ хўжалиги ерлари 30 минг гектарга камайиб кетади.
“Умуман, қурилиш билан бўлиб, архитектура орқада қолиб кетди. Шу боис, маҳалла, туман (шаҳар), вилоят ва республика даражасида қурилиш ва лойиҳалаш ишларини тартибга солиш бўйича янги тизим жорий қилинади”, деди давлатимиз раҳбари.
Ҳудудларнинг бош режалари ва мастер режаларини ишлаб чиқиш бўйича Республика кенгаши тузилади.
Қурилиш вазирлигида Бош архитектор лавозими жорий қилиниб, унга вазирнинг биринчи ўринбосари мақоми берилади.
Шунингдек, туман ва шаҳар қурилиш бўлимига архитектор раҳбарлик қилади ва ҳудуднинг бош архитектори бўлади.
Республика кенгашига Қурилиш вазирлиги Бош архитектори ва Иқтисодий тараққиёт вазирлиги биринчи ўринбосари раҳбарлик қилади.
Вилоятларда лойиҳа офислари очилиб, уларга ҳокимнинг биринчи ўринбосари ва вилоят бош архитектори бош-қош бўлади.
Бош ва мастер режаларни ишлаб чиқиш янгича ёндашув асосида 3 та босқичдан иборат бўлади.
1. Биринчи босқичдаРеспублика кенгаши ҳудуднинг ихтисослашуви, транспорт-логистика, саноат ва хизмат лойиҳаларини жойлаштириш учун ер ва инфратузилмага эҳтиёжи ва чегараларини белгилайдиган Бош схемасини ишлаб чиқади.
Бунда яқин (5 йиллик), ўрта (10 йиллик) ва узоқ (20 йиллик) муддатларда иқтисодий, ижтимоий ва экологик мезонлар асосида вилоятнинг ривожланиш кўрсаткичлари белгиланади.
2. Иккинчи босқичда бош схемалар асосида лойиҳа офиси ҳудуднинг Бош режасини ишлаб чиқади. Бунда:
вилоятнинг ихтисослашувига қараб, саноат, хизмат кўрсатиш ва аҳоли яшаш пункти каби зоналарга ажратилади, йўллар ваинфратузилма тармоқларини тақсимлаш кўзда тутилади.
ҳудудий лойиҳаларни тасдиқлаш, объектларга қўйилган талабларни белгилашни вилоят бош архитектори ваҳокимнинг биринчи ўринбосари ҳал қилади;
3. Учинчи босқичда бош режаларга асосан, вилоят, туман ва шаҳар бош архитекторлари ва ҳокимнинг биринчи ўринбосарлари ўз ҳудудининг мастер режаларини тасдиқлайди.
Бунда, ажратилган зоналардаги мактаб, боғча, шифохона, уй-жойлар, савдо вахизмат кўрсатиш объектларининг жойлашуви кўрсатилади.
Лўнда қилиб айтганда, Қурилиш вазирлиги қайсидир маҳаллада лоток қаердан ўтиши ёки бино қандай ёритилиши керак, деган масалалар билан шуғулланмайди. Булар туман ва маҳалла даражасида ҳал бўлади.
Бош схема, Бош режа ва мастер режалар ишлаб чиқиш учун жорий йилда 200 миллиард сўм ажратилади.
Мутасаддиларга 1 октябрга қадар Республика ва Самарқанд, Наманган ваТошкент вилоятларининг Бошсхема, Бош режа ва мастер режаларини ишлаб чиқишга хорижий лойиҳа ташкилотларини жалб қилиш топширилди.
Шунингдек, икки оймуддатда:
мастер режаларини ишлаб чиқишда, аҳоли таклифларини жамлайдиган “Менинг маҳаллам” платформасини ишга тушириш;
барча туман ва шаҳар қурилиш бўлимларига малакали архитекторларни раҳбар этиб тайинлаш;
соҳага хусусий секторни жалб қилиш учун бош режалар лойиҳасини тайёрлашга қўйиладиган талабларни қайта кўриб чиқиш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини ишлаб чиқиш тизими тўлиқ ўзгариши таъкидланди. Эндиликда:
халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқилган лойиҳаларга Техник кенгаш хулосасини олиш тартиби бекор қилинади;
халқаро стандартлар асосида хорижда экспертизадан ўтказилган лойиҳалар тўғридан-тўғри тан олинади;
шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари камида 2 бараварга қисқаради ҳамда халқаро меъёрларга мослаштирилади;
шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари ҳар 3-4 йилда янгиланади (амалда 7-8 йил).
Қурилишда товарлар ва хизматлар нархларини шакллантириш тизими ҳам тартибга солинмагани кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда қурилиш ва архитектура назорати тизимини қайта кўриб чиқиш масаласига тўхталиб ўтилди.
“Очиқ айтиш керак, Қурилиш инспекцияси тизимидаги 700 дан зиёд ходимлар самарали ишламаяпти. Инспекция ўз фаолиятини кўпроқ жарима қўллашдан иборат, деб ҳисоблайди. Ваҳоланки, қурилишдаги камчиликларнинг 70 фоизи бир-бирини такрорлайди ва уларни бемалол олдини олиш мумкин.
Инспекция жорий йилда қурилаётган 31 мингта объектни тўлиқ кунлик назорат қилиш имкониятига эга эмас. Сабаби, барча назорат ишлари “қўлда” олиб борилади. Хавфни олдиндан таҳлил қиладиган тизим ҳалигача жорий этилмаган”, деди давлатимиз раҳбари.
Шу боис, Инспекция фаолияти қайта кўриб чиқилиб, унинг иши, аввало, қурилишдаги тизимли камчиликлар ва уларнинг сабабларини таҳлил қилиш ҳамда уларни бартараф этишга қаратилади. Бундан буён:
Қурилиш вазирлиги, вилоят, туман ва шаҳарлар бош архитекторлари “генпланлар” ва мастер режалар устидан;
Инспекция қурилиш сифати, муддати ва лойиҳа билан амалдаги ишнинг мослигини назорат қилишга масъул бўлади.
Ўзбекистонда сўнгги беш йилда қурилиш соҳасида эришилган ютуқлар:
250 минг хонадонли 8 мингдан ортиқ кўп қаватли уйлар, 21 минг сервис-хизмат кўрсатиш ва 10,5 минг ижтимоий соҳа объекти қурилди, 31 минг корхона ташкил этилди;
қурилишда рухсат бериш жараёнлари 17 тадан 6 тагача, ер ажратишдан бошлаб қурилишга рухсат олишгача бўлган муддат 286 кундан 86 кунга қисқарди;
“Шаффоф қурилиш” дастури яратилиб, тендерларда қатнаша оладиган қурилиш корхоналари сони 18 мингга етди;
натижада қурилиш ишлари ҳажми 4 бараварга ошиб, 2021 йилда 107 триллион сўмни, жорий йил 5 ойида эса 46 триллион сўмни ташкил этди.
“Очиқ айтиш керак, тадбиркорларимиз қурилиш қилиш ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ўрганиб олди", - деди президент.
Янгиликлар лентаси
0