Жамият

ТИВ Қорақалпоғистон воқеаларининг айрим ОАВларда ёритилиши юзасидан баёнот берди

© Sputnik / Зафар ХалиловМИД Узбекистана
МИД Узбекистана - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 07.07.2022
Обуна бўлиш
Yandex newsTelegram
ТИВ Нукусда содир бўлган тартибсизликлар борасида айрим ОАВ ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари нохолис баёнот бераётганини маълум қилди.
ТОШКЕНТ, 7 июл - Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Қорақалпоғистон воқеаларининг айрим ОАВларда ёритилиши юзасидан баёнот берди.
Унга кўра, айрим оммавий ахборот воситалари ва инсон ҳуқуқлари бўйича ташкилотлар томонидан номаълум манбаларга таянган ҳолда, Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида содир бўлган воқеалар ҳақида турли хил тахминлар ва асоссиз хабарлар муҳокама қилинмоқда.
Гўёки ноқонуний куч ишлатиш орқали “тинч митингни тарқатиш”, жумладан, фавқулодда ҳолат эълон қилиш орқали “мустақил овозларни ёпиш ва ахборот оқимини тўсиш” ҳақида асоссиз баёнотлар берилмоқда.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан аниқлик киритиб, бу борада батафсил ва холис ахборот тақдим этмоқда.
2022 йил 1-2 - июль кунлари Нукус шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тизими, ҳудудий яхлитлиги ва бирлигига путур етказишга уриниш юз берди. Конституциявий ислоҳотлар бўйича умумхалқ муҳокамасига киритилган таклифларга қарши норозилик баҳонасида бир гуруҳ тажовузкор шахслар томонидан давлат ҳокимияти органлари биноларини зўравонлик, отишма ва куч ишлатиш орқали эгаллаб олишга ҳаракатлар ташкил этилди.
Ушбу ноқонуний хатти-ҳаракатлар тинч, ягона, демократик мамлакатда айирмачилик, беқарорлик ва бўлинишни қўзғатишга қаратилган олдиндан режалаштирилган саботаждан яққол далолат берди.
Душман кайфиятдаги кучлар популистик шиорларни ниқоб қилиб олган ҳолда, уяли алоқа ва Интернет орқали сохта янгиликларни тарқатиб, фуқароларни аксилконституциявий фаолиятга оммавий равишда жалб қилишга уриндилар. Бу Интернет алоқасини вақтинча чеклаш чораларини кўришга мажбур қилди.
Оммавий вайронгарчилик ва ваҳшийликлар чоғида Жўқорғи Кенгес (парламент), Нукус шаҳар ИИББ ва Миллий гвардия бошқармаси биноларига ҳужум қилишга уринишлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини гаровга олиш ва уларнинг ўқотар қуролларини тортиб олиш, давлат, жамоат ва шахсий мол-мулкка ўт қўйиш, бузиш ва йўқ қилиш, шаҳар инфратузилмасига жиддий зарар етказишга уринишлар кузатилган.
Бундан ташқари, ҳужумлар пайтида 107 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари жиддий тан жароҳати олган, жумладан уларнинг 23 нафари оғир аҳволда қолмоқда. Давлат органларининг жами 270 нафар ходими турли даражадаги тан жароҳатлар олдилар.
Тартибсизликлар иштирокчиларининг ваҳшийлиги одамларнинг онгини манипуляция қилган бир гуруҳ шахсларнинг провокацион ҳаракатлари натижаси бўлиб, фуқароларнинг тинч намойишлари сифатида таснифланиши жоиз эмас.
Ушбу ноқонуний ҳаракатлар натижасида, илгари айтиб ўтилганидек, 18 киши вафот этди. Шуни таъкидлаш керакки, тажовузларнинг фаол иштирокчиларининг кўпчилиги гиёҳванд моддалар ва спиртли ичимликлар истеъмол қилган шахслардан иборат эди.
Ўзбекистон ҳукумати ҳокимиятни куч билан қўлга киритиш, айирмачилик ғояларини тарғиб қилиш, аҳоли ўртасида ўзаро нафратни қўзғатиш, оммавий тартибсизликлар ва зўравонликка чорлашга қаратилган ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатларни қатъий қоралайди.
Амалга оширилган чора-тадбирлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг оқилона сайи-ҳаракатлари туфайли ноқонуний тадбирларга чек қўйилди.
Айни пайтда Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларнинг иштирокчиси сифатида Ўзбекистон шаффоф, мустақил ва холис тергов тамойилларига тўлиқ риоя этиш, шунингдек, тегишли тартиб-қоидалар ҳамда адолатли суд кафолатини таъминлаш тарафдоридир. Тергов натижалари тегишли халқаро ташкилотларга етказилади.
Ўзбекистон ҳукумати томонидан Қорақалпоғистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича амалга оширилаётган барча ҳаракатлар ҳуқуқий тартиб-қоидалар доирасида амалга оширилмоқда ҳамда, биринчи навбатда, инсон ҳаёти ва саломатлигига нисбатан таҳдидларга йўл қўймасликка қаратилган.
Бугунги кунда Қорақалпоғистонда мобил алоқа тўлиқ фаолият юритмоқда, озиқ-овқат дўконлари, бозорлар, нонвойхоналар, банклар, шифохоналар ва бошқа ижтимоий объектлар фаолият кўрсатмоқда. Электр энеригяси, газ ва сув мунтазам равишда етказиб берилмоқда.
Ўзбекистон тегишли давлат органлари ҳар куни жамоатчиликни Қорақалпоғистондаги вазият ҳақида хабардор қилиб бормоқда. Шу муносабат билан, мазкур мавзу юзасидан маълумотлар йўқлиги ҳақидаги баёнотлар асоссиздир.
Ҳеч бир куч Ўзбекистон Республикасига демократик ислоҳотларни изчил давом эттириш, ҳар бир фуқаронинг шаъни, қадр-қиммати, фаровонлиги, манфаатларига ғамхўрлик қиладиган инсонпарвар, ҳуқуқий ва ижтимоий давлатни барпо этиш ва мустаҳкамлаш йўлида ишонч билан ҳаракатланишига тўсқинлик қила олмайди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги барча оммавий ахборот воситалари ва инсон ҳуқуқлари бўйича ташкилотларни Қорақалпоғистондаги воқеаларга холисона ёндашиш, турли ишончсиз манбаларга таяниб, бир томонлама ва шошилинч хулоса қилмаслик ва асоссийз баёнотлар эълон қилмасликни сўрайди.
Ўзбекистон Республикаси халқаро ҳамжамият билан очиқ мулоқот, шу жумладан инсоннинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш масалаларида ҳамкорлик тарафдори бўлиб қолмоқда.
Янгиликлар лентаси
0