Онкология - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 21.01.2022
Бу қизиқ
Ушбу рукнимизда илм-фан, инсон соғлиги, фойдали ва зарарли озиқ-овқатлар, парҳез таомлар, шифокорлар маслаҳати ва бошқа барча учун қизиқарли маълумотлар бор.

Ортопедия: Ота-оналар қайси ўринларда хатога йўл қўяди?

CC0 / Pixabay / Новорожденный. Архивное фото
Новорожденный. Архивное фото - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 12.07.2022
Oбуна бўлиш
Болалар ўртасида кўп учрайдиган таянч-ҳаракат тизими касалликлари ва уларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳақида маълумот берилди.
Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Мурод Ирисметов болалар ўртасида кўп учрайдиган таянч-ҳаракат тизими касалликлари ва уларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳақида маълумот берди.
"Ҳар қандай хасталик профилактикасида тиббий кўрик ҳал қилувчи аҳамият касб этади, — дейди шифокор. — Жумладан, болани ўз вақтида ортопед текширувига олиб бориб туриш керак. Йўқса, туғма ёки орттирилган нуқсонлар ўз вақтида аниқланмаслиги туфайли бўғимлар нотўғри шаклланиб, кейинчалик жиддий касалликлар юзага келиши хавфи юқори.
️Масалан, чақалоқлар бешикка тўғри беланмаса, унинг суяклари нотўғри шаклланиши ва турли хасталиклар пайдо бўлиши мумкин. Хусусан, чаноқ ва бўкса бўғимида дисплазия аниқланган болаларни бешикка ётқизиш оғир оқибатларга олиб келади.
Одатда, болани бешикка белашдан олдин унинг вужуди сиқиб йўргакланади, қўллари боғланади, оёқлари ҳам бир-бирига жуда яқин қилиб ўралади. Бироқ гўдак вужуди айни ўсиб-ривожланадиган даврда бу тарзда ўраб-чирмаш унинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатади.
️Шу боис, болани йўргаклашда чақалоқ оёқлари ораси катта очилиб, қўллари бўш қўйилиши, гавдаси бемалол ҳаракатланиши учун шароит яратилиши мақсадга мувофиқ. Акс ҳолда, кичкинтойларда нафақат сон суяги дисплазияси, балки бўйин қийшиқлиги каби нуқсонлар шаклланади.
Бундан ташқари, ота-оналарга фарзандини тез-тез очиқ ҳавода, қуёш нури остида сайр қилдиришни маслаҳат берамиз. Қолаверса, болаларга мўлжалланган махсус уқалаш муолажаларини ўз вақтида олиш уларнинг соғлом ўсиши, жумладан, рахит касаллигига чалинмаслигига хизмат қилади.
Бунга етарли даражада эътибор қаратилмаса, кўкрак қафаси деформацияси келиб чиқади. Болаларнинг ўтириши, туриши ва юриши ҳам эътиборимиз марказида бўлиши лозим. Бу сколиоз касаллиги, яъни умуртқа поғонаси қийшиқлиги пайдо бўлишининг олдини олишда муҳим.
Туғма маймоқлик ҳам — болалар ўртасида кенг тарқалган ортопедик касаллик тури. Уни бартараф этиш учун, аввало, хасталикни ўз вақтида аниқлаш зарур. Бу муолажалар самарадорлиги ва хавфсизлигини таъминлайди.
Бел-умуртқа, тизза ва елка бўғими касалликларига эса камҳаракатлилик, ортиқча вазн, нотўғри овқатланиш сабаб бўлади. Шу боис бола парваришида соғлом турмуш тарзига қатъий амал қилиш энг муҳим талабдир.
Янгиликлар лентаси
0