ЕОИИ Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шеригига айланди

© Sputnik / Медиабанкка ўтишЗаседание Евразийского межправительственного совета стран ЕАЭС
Заседание Евразийского межправительственного совета стран ЕАЭС - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 13.07.2022
Oбуна бўлиш
Евроосиё иқтисодий иттифоқи Ўзбекистоннинг ташқи савдо ҳамкорлари орасида Хитой, Европа Иттифоқи ва Туркияни ортда қолдириб, биринчи ўринни эгаллади.
ТОШКЕНТ, 13 июл — Sputnik. Ўзбекистон ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми кескин ошди. Бу ҳақида Евроосиё иқтисодий комиссияси матбуот хизмати Шавкат Мирзиёевнинг ЕОИК ҳайъати раиси Михаил Мясникович билан бўлган учрашуви якунларига асосланиб, хабар берди.
Қайд этилишича, ЕОИИ бугунги кунда Ўзбекистоннинг ташқи савдо ҳамкорлари орасида биринчи ўринда туради. Умуман олганда, республика товар айланмасининг 30,4 % ини, ЕОИИ, 17,7% ини Хитой, 9,2% ини Европа Иттифоқи ва 8,1 % ини Туркия ташкил қилади.
“Ўз навбатида, Ўзбекистон ЕОИИ аъзоси бўлмаган МДҲ давлатлари орасида Иттифоқнинг иккинчи йирик савдо шериги ҳисобланади”, - дейилади хабарда.
2021 йил якунига кўра, ЕОИИ давлатлари ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 11,6 миллиард доллардан ошди. Жорий йилнинг дастлабки беш ойида эса ЕОИИ ва Ўзбекистон ўртасидаги ташқи савдо айланмаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 26 фоизга ўсди ва 5,6 миллиард долларни ташкил этди.
Шу билан бирга, ЕОИИнинг Ўзбекистонга товар экспорти 23,8 фоизга ўсиб 3,8 миллиард долларни, импорти эса 31 фоизга ўсиб 1,8 миллиард долларни ташкил этган.
“Ўзбекистон иқлим кун тартиби, юк темир йўл транспортини рақамлаштириш, электрон тижорат, “Евроосиё Агроэкспресс” ва “ЕОИИ саноатлаштириш харитаси” лойиҳасини амалга ошириш бўйича ЕОИИ лойиҳаларига қўшилишдан манфаатдор”, - дея таъкидланган хабарда.
Шу билан бирга, мазкур йўналишлар Иттифоққа аъзо давлатлар томонидан келишилганлиги ва ЕОИК ҳамда Ўзбекистон ҳукуматининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган қўшма тадбирлари режасида ҳамкорликнинг қўшимча йўналишлари рўйхатига киритилгани кўрсатилган.
Маълумот учун, кеча, 12 июль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Евроосиё иқтисодий комиссияси ҳайъати раиси Михаил Мясниковични қабул қилди. Учрашувда Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида, энг аввало, савдо, саноат кооперацияси, транспорт ва логистика, инновациялар, миграция ва туризм соҳаларидаги ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари кўриб чиқилди.
ЕОИИ мамлакатлари билан ўзаро савдо ва инвестициялар кўрсаткичлари ижобий суръат билан ўсиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Савдо тўсиқларини бартараф этиш, саноат кооперациясини кучайтириш ва ишбилармонлик алоқаларини рағбатлантириш, лойиҳавий ҳамкорликни ривожлантириш, транзит соҳасидаги дастур ва лойиҳаларни илгари суриш, миграция тартиботларини соддалаштириш ва ўзаро сайёҳлар оқимини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мавзуга оид:

ЕОИИ билан ҳамкорлик Ўзбекистонга нима беради – ЕИК ҳайъати раиси
Шавкат Мирзиёевнинг ЕОИИ олий иқтисодий кенгашида сўзлаган нутқи
Янгиликлар лентаси
0