Президент энергетикага оид лойиҳаларни ишга туширишни тезлаштириш юзасидан топшириқ берди

© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев
Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 13.07.2022
Oбуна бўлиш
Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликдаги энергетикага оид битим ва ҳужжатларни имзолаш жараёнини тезлаштириш юзасидан топшириқ берди.
ТОШКЕНТ, 13 июл — Sputnik. Президент Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда энергетика соҳасида амалга оширилаётган йирик лойиҳаларга оид тақдимот билан танишди.
Қайд этилишича, ўтган йили Навоий вилоятида биринчи қуёш электр станцияси айнан Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси билан ҳамкорликда ишга туширилди. Бугунги кунда у бир кеча-кундузда 1 млн 180 минг киловатт соат электр энергияси етказиб бермоқда.
Бу соҳада яна 5 та йирик лойиҳани амалга ошириш келишилган бўлиб, уларнинг умумий қиймати қарийб 3 миллиард долларни ташкил этади.
Хусусан, “Mubadala” ва “Taqa” компаниялари билан ҳамкорликда Талимаржон иссиқлик электр станциясини хусусийлаштириш ва қувватини ошириш, “Masdar” компанияси билан Навоий вилоятида шамол, Сурхондарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида қуёш электр станцияларини қуриш мўлжалланган.
“Жорий йилдан Бирлашган Араб Амирликлари билан иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бўйича янги тизим йўлга қўйилди”, дейилади хабарда.
Йиғилишда энергетика соҳасидаги лойиҳалар ижроси ана шу тизим асосида кўриб чиқилди.
Мутасаддилар лойиҳаларнинг ҳозирги ҳолати ва йил якунигача мўлжалланган чора-тадбирлар юзасидан ахборот берди.
Талимаржон иссиқлик электр станциясини хусусийлаштириш ҳақида сўз борар экан, бу лойиҳа иссиқлик электр станцияларини бошқариш ва энергия ишлаб чиқаришда намунавий бўлиши кераклиги қайд этилди.
“Masdar” компанияси билан қайта тикланувчи энергетика соҳасида амалга ошириладиган лойиҳалар 2030 йилгача мамлакатимизда “яшил энергетика” улушини 25 фоизга етказишда муҳим қадам бўлади. Шу боис, лойиҳаларни амалга ошириш бўйича зарур битим ва ҳужжатлар имзолашни тезлаштириш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.
Маълумот учун, йил бошидан буён Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликларининг ўзаро савдо ҳажми икки баробарга кўпайди ва мамлакатда 45 та янги қўшма корхона ташкил этилди.
Янгиликлар лентаси
0