Сиёсат

Мирзиёев Самарқанддаги бунёдкорлик ишлари бўйича янги кўрсатмалар берди

© збекистон Республикаси Президенти Матбуот хизматиПрезидент Самарқанддаги бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди.
Президент Самарқанддаги бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди.  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 16.07.2022
Обуна бўлиш
Yandex newsTelegram
Самарқанда қурилаётган Туризм марказида халқаро анжуманлар ўтказиш учун замонавий шароитлар яратиш, халқнинг маданияти, маърифати, миллий таомларини намоён этиш бўйича тавсиялар берилди.
ТОШКЕНТ, 16 июл — Sputnik. Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси улкан маданий марказга айланади. Бу бўйича президент мутасаддиларга янги кўрсатмалар берди.
Президент Самарқанддаги бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди. Даставвал, Имом Бухорий мажмуасида олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишди ва зиёратчиларга барча қулайликларни яратиш бўйича кўрсатмалар берди.
Қайд этилишича, мажмуада қарийб 10 минг намозхонга мўлжалланган масжид, тўртта минора, айвонлар барпо этилмоқда. Мажмуа ёнида меҳмонхоналар, автотураргоҳ, автобекат, ошхоналар, савдо расталари, таҳоратхоналар ҳам қурилади.
“Иншооллоҳ, бу мажмуа очилганидан кейин зиёратчилар янада кўпаяди. Айниқса, нуронийлар кўп келади. Улар учун барча қулайликларни инобатга олиш керак. Бу жой нафақат диний ва маърифий, балки улкан маданий марказ ҳам бўлиши зарур. Шу боис энг яхши гулчиларни олиб келиб, мажмуани қишин-ёзин гулзор қилиб қўйиш керак”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Президентимиз Самарқанд туманида барпо этилаётган Туризм марказини ҳам бориб кўрди.
Бу ерда 8 та меҳмонхона, конгресс холл, "Абадий шаҳар" карвонсаройи қурилмоқда. Эшкак эшиш канали тартибга келтирилиб, атрофда боғ яратилмоқда.
“Ушбу мажмуа туризм соҳасидаги барча халқаро стандартларга мослиги, энг замонавий хизмат кўрсатиш салоҳияти билан нафақат Самарқанд вилояти ва мамлакатни, балки бутун минтақада туризм индустриясини янги босқичга кўтаради”, дейилади хабарда.
Президент бу ерда йирик халқаро анжуманлар ўтказиш учун замонавий шароитлар яратиш, халқнинг маданияти, маърифати, миллий таомларини намоён этиш бўйича тавсиялар берди.
Янгиликлар лентаси
0