Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеаларни ўрганиш бўйича ишонч телефони ишга туширилди

Телефон - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 18.07.2022
Oбуна бўлиш
Фуқаролар июль ойининг илк кунларида Нукусда нималар содир бўлгани ҳақида 1374 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб хабар беришлари мумкин.
ТОШКЕНТ, 18 июл — Sputnik. Қорақалпоғистон Республикасида содир бўлган воқеаларни ўрганиш бўйича парламент комиссияси ташаббуси билан ишонч телефони ишга туширилди. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) хабар берди.
Омбудсман Феруза Эшматова бошчилигидаги комиссия 15 июль куни Сенат ва Қонунчилик палатасининг қўшма қарори билан ташкил этилиб, 16 июль куни Қорақалпоғистонда иш бошлаган.
Эндиликда фуқаролар 1374 қисқа рақамли колл-марказга Қорақалпоғистондаги ҳолат ва содир бўлган ҳодисалар юзасидан ўз мурожаатларини йўллашлари мумкин.
Расмий маълумотларга кўра, Нукусдаги оммавий тартибсизлик ва бузғунчилик давомида 18 киши вафот этган, 250 нафардан зиёд киши жароҳат олган. Ўзбекистон ҳукумати 1–2 июл кунлари Нукусда рўй берган воқеларани Ўзбекистон Республикасининг конституцион тузуми, ҳудудий яхлитлиги ва бирлигини вайрон қилишга уриниш деб баҳолаган.
Бош прокуратура Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми (Ҳокимиятни босиб олиш ёки конституциявий тузумни ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш) ва бошқа моддалар билан қўзғатилган жиноий иш очган. Дастлабки тергов доирасида 14 нафар шахс ҳибсга олинган.
Янгиликлар лентаси
0