Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари саммитида қандай таклифларни билдирди

© Пресс-служба президента УзбекистанаПрезидент Шавкат Мирзиёев на саммите в Чолпон-Ате
Президент Шавкат Мирзиёев на саммите в Чолпон-Ате - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 21.07.2022
Oбуна бўлиш
ТОШКЕНТ, 21 июл — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистонда бўлиб ўтаётган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи Маслаҳат учрашувида нутқ сўзлади.
“Бугун қайта-қайта таъкидланганидек, ушбу форматда йўлга қўйилган мулоқот туфайли биз дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга, минтақада мутлақо янги конструктив ҳамкорлик муҳитини яратишга эришдик”, - деди давлат раҳбари ўз чиқиши бошида.
“Биз Марказий Осиёнинг хавфсизлиги ва барқарорлигини, турғун ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш бўйича мураккаб вазифаларни изчил ҳал этиб келмоқдамиз. Бу йўлда кўплаб тўсиқлар олиб ташланди, фуқароларимизнинг эркин ҳаракатланиши, фаол маданий ва туристик алмашинуви учун шароитлар яратилди. Ўзаро савдо ва инвестицияларнинг ўсишига хизмат қилувчи қулай муҳит шакллантирилди”, - деди Мирзиёев.
Мирзиёев ўзаро савдони рағбатлантиришнинг янги шакл ва механизмларини фаол жорий этишни таклиф этди. Гап товарларни етказиб беришда ягона қоидалар ва соддалаштирилган тартибларга эга бўлган чегара савдо зоналари тизимини яратиш ҳақида бормоқда.
Ўзбекистон етакчиси саноатни ривожлантириш миллий дастурлари асосида саноатни маҳаллийлаштириш ва импорт ўрнини босувчи Марказий Осиё маконини шакллантириш бўйича ягона ёндашувларни жорий этиш муҳим аҳамиятга эга эканини урғулади.
"Савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида минтақалараро тўғридан-тўғри ҳамкорлик салоҳиятидан ҳам кенгроқ фойдаланиш ва ҳар йили ўтказиладиган Марказий Осиё минтақалари форумини бошлашни таклиф этамиз", - деди Мирзиёев.
Шунингдек, у иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратишни таклифни этди.
Ўзбекистон президенти маданият, таълим, спорт ва туризм соҳасидаги ҳамкорлик дастурларини амалга ошириш, шунингдек, умумий тарихни чуқур ўрганиш бўйича қўшма ишларни кучайтиришни таклиф қилди.
Мирзиёев ҳар йили минтақа мамлакатларида Марказий Осиё маданият, санъат ва кино фестивалини навбатма-навбат ўтказиш таклифини илгари сурди. Ўзаро туристик оқимларни кўпайтириш бўйича аниқ таклифлар тайёрлаш учун қўшма экспертлар гуруҳини ташкил этиш ўртага ташланди.
У шу йил май ойида Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё ёшлар форумининг самарали якунларига алоҳида тўхталиб ўтди.
"Биз яна бир бор ёшларимизнинг фикр-мулоҳазалари ва интилишлари, кучли интеллектуал салоҳиятига эга эканига амин бўлдик. Биз уларнинг ташаббуслари, ижодий ёндашувлари ва стартап лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз керак", деди президент ва навбатдаги саммитга ёшлар сиёсатининг умумий йўналишлари бўйича кўп томонлама битим тайёрлашни таклиф қилди.
Мирзиёев минтақавий ҳамкорликнинг стратегик йўналиши хавфсизлик соҳаси эканини таъкидлади.
"Минтақанинг хавфсизлиги ажралмас ва энг аввало, ҳамкорлигимиз қанчалик самарали йўлга қўйилганига боғлиқлигини алоҳида таъкидламоқчиман. Бу борада экстремизм ва терроризмнинг анъанавий таҳдидлари, уюшган жиноятчилик ва наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашишда амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришимиз зарур. Бизнинг алоҳида эътиборимиз интернетдаги кўлами ортиб бораётган ноқонуний фаолият билан боғлиқ чақириқлар муаммоларига қаратилган. Бугунги кунда бу таҳдидларнинг чегараси йўқ – улар мобил телефонлар орқали кириб боради", - деди мамлакат раҳбари.
"Афсуски, Ўзбекистонда сўнгги пайтларда рўй берган фожиали воқеалар бизнинг режаларимизни бузишга, минтақамизда тартибсизлик ва беқарорлик келтириб чиқаришга уринаётган бузғунчи кучлар борлигини яна бир бор тасдиқлади", - деди Мирзиёев.
Шу муносабат билан Ўзбекистон минтақа давлатларининг хавфсизлик кенгашлари ва махсус хизматлари раҳбарларининг ушбу соҳаларнинг барчаси бўйича мунтазам маслаҳатлашувларини йўлга қўйиш таклифини қўллаб-қувватлайди.
Бундан ташқари, Мирзиёев Ҳиндистон, Покистон ва Хитой бозорларига чиқиш учун муқобил транспорт йўлакларини илгари суриш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш, аҳолини кенг номенклатурадаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлашнинг комплекс схемасини биргаликда ишлаб чиқиш таклифларини илгари сурди.
"Саммитимизнинг асосий якуни, шубҳасиз, қабул қилинаётган мамлакатларимиз ўртасида Марказий Осиёнинг тинчлиги ва барқарор ривожланиши йўлида дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган мустаҳкам ҳужжатлар тўпламидир. Мен ҳамкасбларим фикрига қўшилишни ва маслаҳат учрашуви натижалари мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва ишончни мустаҳкамлашга, қўшма дастурлар ва амалий ҳамкорлик лойиҳаларини илгари суришга кучли туртки беришига ишонч билдирмоқчиман", - дея хулоса қилди президент Шавкат Мирзиёев.
Янгиликлар лентаси
0