Жамият

ЖИДУ “Смарт Университет”га айлантирилади

© Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетиЖаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 25.07.2022
Обуна бўлиш
Yandex newsTelegram
2022/2023 ўқув йилидан университетнинг иқтидорли талабалари Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида амалиёт ўтайдилар.
ТОШКЕНТ, 25 июл — Sputnik. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети “Смарт Университет”га айлантирилади. Бу ҳақида президент томонидан имзоланган ПҚ-330-сонли қарорда назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, 2022/2023 ўқув йилидан янги авлод олий таълим муассасаси – “Смарт Университет” концепцияси асосида университет фаолияти трансформация қилинади.
Университетда академик фаолият илмий-таҳлилий йўналтирилганлик ва академик яхлитлик таълим технологиялари ҳамда уларни таъминловчи дастурий-аппарат комплекси асосида, шу жумладан антиплагиат тизимини жорий этган ҳолда ташкил этилади.
Профессор-ўқитувчилар учун имкониятлар
Ҳар йили университетнинг камида 10 нафар профессор-ўқитувчиси, докторант ва магистрантлар хорижий давлатларнинг етакчи таълим муассасаларига илмий стажировка ва малака ошириш учун юборилади.
Университетга профессор-ўқитувчиларига илмий унвонларни бериш ҳамда уларни ишга қабул қилишда академик мустақиллик негизида берилган илмий унвонлар ва илмий даражаларни тан олиш ваколати берилади.
Талабалар учун имкониятлар
2022/2023 ўқув йилидан университетнинг иқтидорли талабалари ишлаб чиқариш амалиётини ўташ учун Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарига юборилади.
Янги ўқув йилининг иккинчи семестрида 4 та университет билан талабалар алмашинуви ташкил этилади. Унда ички академик мобиллик дастурлари асосида таълим олиш истагини билдирган талабалар учун бир семестр мос таълим йўналишлари бўйича ўқитиш ташкил этилади.
Университетлар:
Самарқанд давлат университети;
Тошкент давлат иқтисодиёт университети;
Тошкент давлат шарқшунослик университети;
Тошкент давлат юридик университети.
2025 йил 1 январгача Университет журналини Scopus халқаро илмий-техник маълумотлар базасига киритиш чоралари кўрилади.
Қолаверса, университет ҳузурида “Халқаро муносабатлар: сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ” журнали таҳририяти ташкил этилади.
Янгиликлар лентаси
0