Ўзбекистон аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегияси тасдиқланди - тафсилотлар

© SputnikБухара, старый город
Бухара, старый город - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 26.07.2022
Oбуна бўлиш
2023 йил 1 мартга қадар давлат томонидан кафолатланган ва бепул тақдим этиладиган минимал ижтимоий хизматлар рўйхати шакллантирилади.
ТОШКЕНТ, 26 июл — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев 25 июль куни имзолаган фармон билан Ўзбекистон аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегияси тасдиқланди.
Ҳужжатга кўра, Молия вазирлиги таркибида Ижтимоий суғурта жамғармаси ташкил этилади.
1 сентябрдан бошлаб жамғарма ҳисобидан давлат ижтимоий суғуртаси бўйича минимал истеъмол харажатларидан келиб чиқиб ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари тўланади.
Бунда, ходимнинг иш стажида 1 ойгача бўлган танаффуслар мавжуд бўлса ушбу танаффуслардан олдинги ва кейинги ойлар кетма-кет иш стажини ҳисоблашда қўлланилади.
Шунингдек, келгусида давлат ижтимоий суғуртаси бўйича бериладиган нафақалар “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали босқичма-босқич тўланади.
Фармонга мувофиқ:
2023 йил 1 мартга қадар давлат томонидан кафолатланган ва бепул тақдим этиладиган минимал ижтимоий хизматлар рўйхати шакллантирилади.
2023 йил 1 июлга қадар давлат томонидан кафолатланган ва бепул тақдим этиладиган минимал ижтимоий хизматларни кўрсатиш стандартлари тасдиқланади.
Ҳужжат билан Ўзбекистон аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилишнинг устувор йўналишлари белгиланди.
Унга кўра:
Ижтимоий ёрдамга муҳтож ва ижтимоий нафақа тайинлаш мезонларига жавоб берадиган барча оилалар ва шахсларни ижтимоий ёрдам дастурлари билан қамраб олинади;
Ногиронликни белгилашнинг ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтиш ҳамда имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлиги таъминланади;
Аҳолининг муҳтож қисмини замонавий протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари билан таъминланади;
Ижтимоий хизматларни аҳолига бевосита маҳалла даражасида кўрсатиш амалиёти жорий этилади.
Маълумот учун, Ўзбекистонда кам таъминланган нафақа олувчи оилалар сони охирги уч йилда тўрт баробарга ошиб, 1,9 млнга етди.
Нафақа тайинлашда инобатга олинадиган болалар ёши 14 ёшдан 18 ёшгача оширилди. Мазкур тўлов муддати 6 ойдан 12 ойгача ҳамда нафақа миқдори ўртача 1,5 баробарга оширилди.
Қолаверса, ишсизлик нафақаларининг энг кам миқдорлари 3,2 бараварга оширилди. Аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган 20 дан ортиқ янги инструментлар жорий этилди.
Янгиликлар лентаси
0