ДТМга битирувчиларни аттестациядан ўтказиш ваколати берилиши мумкин

© Агентство Президентских образовательных учрежденийУченики президентских школ в Узбекистане
Ученики президентских школ в Узбекистане - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 26.07.2022
Oбуна бўлиш
Янги тартибга кўра, тест синовида етарли балл тўплай олмаган битирувчилар барча олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш танловида иштирок эта олмайди.
ТОШКЕНТ, 26 июл — Sputnik. Ўзбекистонда 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотлари ҳамда касб-ҳунар мактаблари битирувчилари учун якуний давлат аттестацияси Давлат тест маркази (ДТМ) томонидан ўтказилиши мумкин. Ушбу тартибни назарда тутувчи қарор лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Қарор лойиҳасини ДТМ ишлаб чиққан. Ҳужжат лойиҳаси қабул қилинса, битирувчилар учун мажбурий учта фан – она тили, математика ва Ўзбекистон тарихи фанлари ҳамда иккитадан тўрттагача бакалавриат таълим йўналишига мос бўлган фанлардан тест синови ўтказилади.
Тест синови натижалари бўйича битирувчиларга уч йил муддатга амал қиладиган электрон миллий сертификат берилади.
Ҳужжатда қуйидагилар назарда тутилган:
Таълим дастурларини тўлиқ ўзлаштирган ва ўқув фанларидан йил давомида қониқарли баҳо олган битирувчилар тест синовига қўйилади;
Тест синови натижаси бўйича мажбурий фанлардан минимал балл ва ундан юқори балл тўплаган битирувчилар якуний давлат аттестациясидан ўтган ҳисобланади;
Йил давомида тест синовини топшириб сертификатга эга ва унинг бали Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланган минимал ўтиш балига мос келган битирувчилар тегишли фанлар бўйича якуний давлат аттестациясидан озод этилади;
Мажбурий фандан минимал балл тўплай олмаган, узрли сабабга кўра тест синовида қатнаша олмаган битирувчиларга якуний давлат аттестацияси тўлиқ якунланганидан икки ҳафта ўтгач ушбу фанлардан қайта тест синовини топшириш ҳуқуқи берилади.
Қайта тест синови натижалари бўйича етарли балл тўплай олмаган битирувчилар барча олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш танловида иштирок эта олмайди.
Уларга таълим ташкилотлари томонидан тегишли таълимни тугатганлиги ҳақида маълумотнома берилади ҳамда кейинги йил якуний давлат аттестациясида қайта тест синовини топшириш ҳуқуқи берилади.
2023 йил 1 ноябрдан бошлаб аввалги йилларда таълим ташкилотларини тугатган абитуриентлар ҳам ДТМ томонидан тест синови ўтказилади.
Абитуриентларга йил давомида умумтаълим фанларидан тўлов асосида сертификат олиш учун бир неча маротаба тест синови топшириш ҳуқуқи берилади.
Ундириладиган тўлов:
Мажбурий фанлар бўйича тест синовида қатнашиш учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,3 баравари миқдорида;
Мутахассислик фанлар бўйича тест синовида қатнашиш учун ҳар битта фан бўйича – базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,25 баравари миқдорида.
Қуйидагиларга навбатдан ташқари йилига бир маротаба тўловсиз тест синовида қатнашиш имконияти берилади:
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида кам таъминланган оила сифатида рўйхатга олинган оилаларнинг аъзолари;
“Темир”, “Ёшлар”, “Аёллар” дафтарларидан бирига киритилган, ногиронлиги (I ва II гуруҳ) бўлган шахслар;
Давлат қарамоғида бўлган чин етимлар.
Янгиликлар лентаси
0