Сиёсат

Мирзиёев Афғонистоннинг халқаро майдонда яккаланиб қолишига йўл қўймасликка чақирди

© Sputnik/Зафар ХалиловТошкентда ўтказилаётган Афғонистон бўйича халқаро конференция
Тошкентда ўтказилаётган Афғонистон бўйича халқаро конференция - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 26.07.2022
Обуна бўлиш
Yandex newsTelegram
Афғонистоннинг халқаро майдонда яккалаб қўйилиши гуманитар вазиятнинг янада ёмонлашувига олиб келиши муқаррар, деди Мирзиёев.
ТОШКЕНТ, 26 июл — Sputnik. Афғонистоннинг халқаро майдонда яккалаб қўйилиши гуманитар вазиятнинг янада ёмонлашувига олиб келиши муқаррар, деди Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун Тошкентда ўтказилаётган Афғонистон бўйича халқаро конференциядаги нутқида. Бу ҳақда Sputnik мухбири хабар берди.
“Аминмизки, жаҳон ҳамжамияти бугун 1990 йиллардаги хатоларни қайта такрорламайди, уларни четлаб ўта олади ва шунга эришиш лозим. Афғонистоннинг халқаро майдонда яккалаб қўйилиши гуманитар вазиятнинг янада ёмонлашувига олиб келиши муқаррар, шу боис бунга йўл қўймаслик муҳимдир. Гап миллионлаб инсонларнинг тақдири ҳақида бормоқда”, деди Мирзиёев.
Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси Афғонистон ҳукуматини жаҳон ҳамжамиятининг асосий талабларига риоя қилишга чақирди.
“Биз Афғонистоннинг ҳозирги ҳукуматини терроризмнинг ҳар қандай шакли ва кўринишлари олдини олиш ва уларга қарши курашиш, барча халқаро террорчилик ташкилотлари билан алоқаларни узиш учун ўзининг қатъий иродасини намоён этиб, кескин чоралар кўришга чақирамиз. Бу муваққат ҳукуматга ишончнинг мустаҳкамланишига олиб келади, Афғонистон учун ён атрофдаги давлатлар ва халқаро ҳамжамият билан дўстлик, яқин қўшничилик ва ўзаро фойдали ҳамкорлик муҳитида барқарор тараққий этиш бўйича аниқ истиқболларни очади”, дея таъкидлади президент.
Бундан ташқари, давлат раҳбари Афғонистоннинг минтақалараро иқтисодий жараёнларга интеграциялашуви муҳимлигига эътибор қаратди. Унга кўра, яқинда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган Жанубий ва Марказий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги махсус резолюция ҳам Афғонистонда тинчликни сақлаш халқаро хавфсизликни таъминлаш учун ғоят муҳим аҳамиятга эга эканини тасдиқлаган.
“Биз, бутун халқаро ҳамжамият афғон халқи билан бирдамликни намоён этишимиз зарур. Биз ўз саъй-ҳаракатларимизни Афғонистонни тинч, барқарор ва гуллаб-яшнаётган, терроризм, уруш ва наркотик моддалардан холи мамлакатга айлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратишга сафарбар қилишимиз лозим. Афғонистон иқтисодиётини қайта тиклаш вазифаси бизнинг умумий устувор йўналишимизга айланиши керак, бу жафокаш афғон заминида мустаҳкам тинчлик ўрнатишнинг муҳим шарти ҳисобланди. Бу йўналиш, хусусан, мазкур мамлакатнинг минтақалараро иқтисодий жараёнларга интеграциялашувини, инфратузилмаларга оид ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга оширишни ўз ичига олади”, деди Мирзиёев.
Маълумот учун, бугун, 26 июль куни Тошкентда президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Афғонистон: Хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт” мавзусида халқаро конференция ўз ишини бошлади. У икки кун давом этади.
Нуфузли тадбирда 20 дан ортиқ давлатнинг Афғонистон бўйича махсус вакиллари, ўнлаб халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари ва мутахассислари, шунингдек, Афғонистон муваққат ҳукумати делегацияси иштирок этмоқда.
Унда Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан тиклаш, афғон халқининг ҳозирги ва келгуси авлодлари учун узоқ кутилган тинч ҳаётни таъминлашга қаратилган инфратузилма ва ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш ва бошқа бир қатор долзарб масалалар кўриб чиқилади.
Шунингдек, халқаро конференция доирасида қўшни Афғонистонда иқтисодий барқарорликни тиклашга қаратилган гуманитар ва инфратузилма лойиҳалар тақдимоти ҳам бўлиб ўтади.
Янгиликлар лентаси
0