Ўзбек аниматорлари Хўжа Насриддин мультфильми устида иш бошлашади

Oбуна бўлиш
Тошкентда "Animators Community by Bazelevs" лойиҳасининг натижалари эълон қилинди.
Ўзбекистон Кинематография агентлиги ҳамда “Базелевс” кинокомпаниясининг Animators "Community by Bazelevs" анимацион лойиҳаси илк битирувчиларини кузатди ва яқин келажакдаги режалари ҳақида маълум қилди.
Sputnik мухбирининг хабар беришича, битирув тадбири 25 июль куни Тошкентдаги Локомотив хиёбонида бўлиб ўтган.
Тадбирда Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов, россиялик режиссер, Bazelevs компанияси асосчиси Тимур Бекмамбетов ва анимация мактаби бадиий раҳбари Александр Гамиров иштирок этган. Улар мактабни муваффақиятли тамомлаган ўқувчилар билан учрашишди, шунингдек, дипломлар билан тақдирлашди.

“Битирувчиларимиз "Marvel" каби хорижий қаҳрамонларни эмас, балки ўз миллий қаҳрамонимиз образини яратишларини истаймиз. Хўжа Насриддин мана шундай қаҳрамон ҳисобланади. Мультфильм премьераси билан табриклайдиган кунларни кутиб қоламиз”, - деди Фирдавс Абдухолиқов ўз нутқида.

Ташкилотчиларнинг хабар беришича, лойиҳа ўз ишини давом эттиради. Яқин кунларда мактабнинг иккинчи гуруҳ ўқувчилари учун қабул эълон қилинади. Шунингдек, анимация мактабини Нукусда ҳам очиш режалаштирилмоқда.
“Ўйлашимча, сизлар кейинги ўқувчилар учун намуна бўла оласизлар. Яна кўплаб ёшлар ишларимизни давом эттирмоқчи. Ўйлайманки, олийжаноблик кўрсатиб, улар билан ўз тажрибангиз билан бўлишасиз”, - дейди Тимур Бекмамбетов.
Лойиҳа кўп ёшларга ўз орзуларини амалга ошириш ва севимли ишини топишга ёрдам берган.
“Мен ўқишга қабул қилинганимда ҳаммаси қийин ва мураккаб эди. Бу 4 ойлик тинимсиз меҳнат бўлди, тунлари ухламасдик. Аввал анимация билан умуман таниш эмас эдим. Мутахассислигим бўйича аслида кутубхоначиман, аммо қаҳрамонлар яратиш менинг болаликдан орзуим бўлган. Барча босқичлардан ва тўрт ойлик таълимдан ўтдим, натижада мени 15 та энг яхши битирувчилар сафида эканимни айтишди. Жуда хурсанд бўлдим. Олдинда бизни анча мураккаб, аммо ажойиб ишлар кутяпти”, - деб таассуротлари билан бўлишди анимация мактаби битирувчиси Аида Джаксибаева.
Эслатиб ўтамиз, лойиҳа Кинематография агентлиги ҳамда “Базелевс” кинокомпаниясининг 2021 йил Тошкент Халқаро Кинофестивалининг Россия ва Марказий Осиё қўшма маҳсулотларига бағишланган сессияда имзоланган шартномаси доирасида амалга оширилган.
Янгиликлар лентаси
0