Йил сўнгига қадар трансафғон темир йўлида дала экспедицияси бошланади - тафсилотлар

© Sputnik / Зафар ХалиловМеждународная конференция "Афганистан: безопасность и экономическое развитие"
Международная конференция Афганистан: безопасность и экономическое развитие - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 26.07.2022
Oбуна бўлиш
Янги темир йўл Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистоннинг 10 та аҳоли пунктини боғлайди ва минтақа учун асосий транспорт-логистика магистралига айланади
ТОШКЕНТ, 26 июл — Sputnik. Шу йилнинг охригача “Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар” йўналиши бўйича дала экспедицияси ўтказилади.
БМТ экспертларининг фикрича, Афғонистон ва бошқа давлатлар ўртасидаги самарали транспорт ҳамкорлиги туфайли минтақавий ялпи ички маҳсулот 10 йил ичида камида икки баробарга ошиши мумкин.
“O‘zbekiston temir yo‘llari” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи Ҳуснутдин Хосиловнинг айтишича, бугунги кунга қадар Термиз-Мозори- Шариф-Кобул-Пешовар темир йўл коридорини шакллантириш бўйича муайян ишлар амалга оширилди.
Хусусан, темир йўлнинг бутун йўналиши бўйлаб дала экспедициясига тайёргарлик кўрилмоқда. Экспедиция Ўзбекистон ва Покистон Ислом Республикасининг кўмаги ҳамда молиялаштириши асосида яқин вақт ичида шу йилнинг охиригача амалга оширилади.
“Биз яқин кунларда дала тадқиқотини ўтказиш учун белгиланган жойга борувчи гуруҳни тайёрладик. Бу маълум бир йўналишдаги тўсиқларни тўғри танлаш имконини беради. “O‘zbekiston temir yo‘llari” мазкур лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари бўйича дастлабки маълумотларни тезроқ тайёрлашга ҳар томонлама ҳисса қўшишга тайёр. Маълумки, бу ҳудуд тоғли участкалардан ўтагани боис, унинг ўзига хос қийинчиликлари бор”, дейди Ҳуснутдин Хосилов.
У шунингдек, Ўзбекистон молиялаштириш ҳисобидан ортофотохариталар ва рельефнинг рақамли моделини яратиш бўйича ишлар олиб борилаётганини қўшимча қилди.
Айтилишича, мутахассислар томонидан темир йўл қурилиши лойиҳаси ўрганилиб, йўналиш бўйича ҳисоб-китоблар ва таклифлар тайёрланди. Бошқа мавжуд вариантлар билан солиштирилганда уларнинг инкор этиб бўлмайдиган афзалликлари бор.
“Биринчидан, янги темир йўл Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистоннинг 10 та аҳоли пунктини боғлайди ва минтақа учун асосий транспорт-логистика магистралига айланади. Иккинчидан, янги темир йўл линияси йўналишида “Сурхон – Пули-Хумри” ва “КАСА – 1000” юқори волтли электр узатиш линияларини ётқизиш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда”, дейди Хосилов.
Шунингдек, у Мозори Шарифдан Пешоварга (Покистон) қурилиши таклиф этилаётган темир йўл узунлиги 760 километрни ташкил этишини қўшимча қилди.
Мазкур линияда қуйидагилар қурилиши режалаштирилган:
Темир йўл станциялари- 33 та;
Станция йўллари- 187 км;
Янги сунъий иншоот 1212 та, жумладан: 3 та туннел, 336 та кўприк ва йўл ўтказгичлар, 107 та ўтиш жойлари, 785 та электр таъминоти тармоқлари, 790 км алоқа линиялари.
Лойиҳанинг тахминий қиймати 4,6 млрд долларни ташкил этади, амалга ошириш муддати 5 йил.
Лойиҳалаштирилган “Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўл линияси Жануби-Шарқий Осиёнинг йирик бозорларини МДҲ давлатлари, Хитой ва Европа бозорлари билан боғловчи янги ва энг қисқа транзит йўлакларини яратади.
Шу билан бирга, Афғонистоннинг марказий қисмида жойлашган ўнлаб фойдали қазилмалар конлари иқтисодий айланмага жалб қилинади. 500 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилиб, темир йўл транспорти фаолияти билан боғлиқ янги касблар шакллантирилади. Лойиҳа амалга оширилгач, ҳудуднинг 15 млнгача аҳолиси хаёти фаровонлашади.
Умуман олганда, трансафғон темир йўли лойиҳасини амалга ошириш юк ташиш вақти ва нархини 30-40 фоизга қисқартиради. Илк йилларда биринчи ҳисобланган ташувлар ҳажми 3 млн тоннагача, 2030 йилга келиб эса йилига 15 млн тоннадан ошиб кетиши мумкин.
Янгиликлар лентаси
0