Жазирамада пахта ҳосилини сақлаб қолиш учун “долзарб 30 кунлик” эълон қилинди

CC BY-SA 2.0 / t_y_l / P9080992Урожай хлопчатника
Урожай хлопчатника - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 28.07.2022
Oбуна бўлиш
Шавкат Мирзиёев республикада кузатилаётган жазирама об-ҳавони бу пахтачилик учун фавқулодда вазият деб атади.
ТОШКЕНТ, 28 июл — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев 27 июль куни пахтачиликдаги долзарб вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.
Йиғилишда қайд этилишича, сўнгги йиллардаги иқлим ўзгаришлари пахтачилик олдига янги вазифалар қўймоқда. Хусусан, бу йилгидай аномал иссиқ илгари ҳеч қачон бўлмаган. Ўн кундан бери юртимизда кундузги ҳарорат +43 даражадан юқори бўлмоқда. Кечки пайт ҳам кам эмас.
Президентнинг сўзларига кўра, бу пахтачилик учун фавқулодда вазият. Лекин барча имкониятларни сафарбар қилиб, ҳосилни сақлаб қолиш зарур. Бунинг учун уруғчилик, нав танлаш, ўғитлаш, суғориш ва зараркунандаларга қарши курашишни илмий ёндашувлар асосида йўлга қўйиш керак.
Йиғилишда инновацион ривожланиш вазири, Пахтачилик кенгаши раиси И.Абдураҳмонов кенгаш томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳисобот берди.
Унда айтилишича, Кенгаш аъзолари олим ва мутахассислар билан бирга Қуйичирчиқ, Сайхунобод, Навбаҳор, Нарпай, Вобкент ва Қоракўл туманларига бориб, ҳақиқий аҳволни ўрганган. Жумладан, уруғлик пахта экилган майдонларда кўчат тиғизлиги меъёрга нисбатан 35-40 фоизга ошириб юборилгани аниқланган. Айрим далаларда ғўзанинг тепасида ҳосил деярли йўқ, пастида эса 2-3 та кўсак бор, холос. Зарарли ҳашарот ва касаллик турлари ҳам кўпайган.
Йиғилишда бундай ҳолатда ғўзани парваришлаш ва ҳосилдорликни таъминлаш бўйича тавсия ва кўрсатмалар айтиб ўтилди. Уларни барча ҳудудларда амалга ошириш бўйича “долзарб 30 кунлик” эълон қилинди.
Кластер ва фермерларнинг даласига бориб, илмий ёндашув ва янгиликларни тушунтириш зарурлиги таъкидланди.
“Иқлим ўзгариши келгусида ҳам салбий таъсир кўрсатишини ҳисобга олиб, иш тутишимиз керак. Бу масалага илмий ёндашиш шарт”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Вилоят ҳокимлари ушбу долзарб кунларда қилинадиган ишлар бўйича ахборот берди.
Аввалроқ пахта майдонлари учун субсидия ажратишнинг вақтинчалик тартиби белгилангани хабар қилинган эди.
Янгиликлар лентаси
0