Ўзбекистон ва Бангладеш қатор соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди

© Фото: Пресс-служба МИВТ УзбекистанаФлаги Узбекистана и Бангладеш
Флаги Узбекистана и Бангладеш - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 31.07.2022
Oбуна бўлиш
Томонлар "Ўзбекистон – Чабаҳар порти – Читагонг порти" йўналиши бўйича илк бор юкларни ташиб кўриш, Тошкент – Деҳли – Дакка йўналишда авиақатновни ташкил этишни режалаштирмоқда.
ТОШКЕНТ, 31 июл — Sputnik. Ўзбекистон ва Бангладеш савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида бир қатор жиддий келишувларга эришди. Хусусан, томонлар янги транспорт йўлагини синаб кўриш, саноат ҳамкорлиги дастурини ишлаб чиқиш ниятида.
Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев бошчилигида Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Бангладешга ташрифи давомида маълум бўлди.

Саноат

Томонлар Инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги Битимни фаоллаштиришга ҳамда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар ташкил этилишини рағбатлантиришга келишиб олдилар.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва Бангладеш ўртасида 2023 йилгача IT-технологиялар, чарм саноати каби устувор йўналишларда лойиҳаларни амалга ошириш, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистоннинг эркин иқтисодий зоналарида тўқимачилик кластерларини ташкил этишни назарда тутувчи Саноат соҳасида ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш режалаштирилди.
Кимё, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, тўқимачилик, чарм-пойабзал ва фармацевтика саноатида қўшма корхоналар ташкил қилиш ҳамда ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотларни учинчи мамлакатлар бозорларига экспорт қилиш орқали саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича якдил қарорга келинди.

Фармацевтика

Фармацевтика соҳасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида томонлар Ўзбекистон Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги ва Бангладеш Фармацевтика саноати ассоциацияси ўртасида Ўзбекистон ва Бангладешда ишлаб чиқарилган дори воситаларини икки мамлакат ҳудудида рўйхатдан ўтказишни соддалаштиришни назарда тутувчи Ҳамкорлик тўғрисида меморандумни имзолашга келишиб олинди.

Озиқ-овқат

Мамлакатлар озиқ-овқат хавфсизлиги, шу жумладан, уруғчилик соҳасида аниқ чора-тадбирлар ва амалга ошириш механизмлари белгилаб қўйилган Қўшма тадқиқотлар дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳамда Ўсимликлар карантини соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битимни имзолашни тезлаштириш юзасидан якдил қарорга келди.

Транспорт ва савдо-сотиқ

Таъминот занжирларининг логистикасини такомиллаштириш ва камхаражат транспорт йўналишлари бўйича таклифлар ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, "Ўзбекистон – Чабаҳар порти – Читагонг порти" йўналиши бўйича илк бор юкларни ташиб кўриш, шунингдек, " Uzbekistan Airways" ва "Biman Airlines" Бангладеш миллий авиаташувчиси ўртасида Тошкент – Деҳли – Дакка йўналишда авиақатновни ташкил этиш бўйича код-шеринг (рейсларни ҳамкорликда эксплуатация қилиш) шартномасини тузишга келишилди.
Савдо муносабатларини фаоллаштириш ва ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш учун тариф ва нотариф тартибга солишни ўз ичига олган комплекс чора-тадбирларни қабул қилиш муҳимлиги таъкидланди. Ушбу нуқтаи назардан, тегишли вазирлик ва идораларга икки томонлама савдони рағбатлантиришга қаратилган бир қатор муҳим келишувлар бўйича музокараларни жадаллаштириш вазифаси юклатилди.

Виза масалалари

Икки мамлакат ишбилармон доиралари вакилларининг ўзаро ташрифлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида дипломатик паспорт эгаларининг ўзаро визасиз сафарлари тўғрисидаги шартномани ишлаб чиқиш, шунингдек, ишбилармонлар учун виза режимини энгиллаштириш борасида консуллик хизматлари ўртасида маслаҳатлашувлар ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.

Маданият ва туризм

Ўзбекистон ва Бангладеш ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан 2022 йил давомида Бангладешда Ўзбекистон маданияти кунлари ва Ўзбекистонда Бангладеш маданияти кунларини ўтказишга келишилди. Бундан ташқари, туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадаллаштириш, жумладан, "Умра+" дастури доирасида транзит йўналишлари бўйлаб ўтаётган Бангладеш зиёратчиларининг Ўзбекистоннинг туризм инфратузилмасидан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Дакка шаҳрида Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхонасини очиш имконияти муҳокама қилинди. Рамзий маънода ушбу тадбирни мамлакатлар ўртасида икки томонлама муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишлаш таклифи билдирилди.
Янгиликлар лентаси
0