Сиёсат

АҚШ ўз қитъасидан бошқа ҳамма жойда уруш уруғини сепмоқда - Медведев билан интервью

© Sputnik / Екатерина Штукина / Фотобанкка ўтишДмитрий Медведев, архивное фото
Дмитрий Медведев, архивное фото - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 04.08.2022
Обуна бўлиш
Yandex newsTelegram
АҚШнинг Европа Иттифоқи ҳудудида кибер уруш олиб борадиган кучлари 350 минг кишини ташкил қилади. Ундан ташқари яна қарийб 200 мингга яқин халқаро нодавлат хакерлик гуруҳлари ҳам бор. Улардан Пентагон бизга қарши рақамли ҳужумлар уюштириш мақсадида фойдаланади.
ТОШКЕНТ, 4 авг - Sputnik. Хавфсизлик Кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев РИА Новостига берган интервьюсида АҚШ Конгресси спикери Нэнси Пелосининг Тайванга қилган ташрифи ҳамда бугунги кунда олиб борилаётган ахборот уруши ҳақида батафсил айтиб ўтди.
- АҚШ Конгресси вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Тайванга ташрифини қандай баҳолайсиз? Сизнинг “чол ва кампир ҳақида эртакларингиз” бўйича прогнозлар қанчалик ҳақиқатга яқин?
- Бу ташриф мутлақо ёмон мақсадларни кўзлаган провокация. Осиёдаги халқаро хавфсизликка путур етказмоқчи бўлган ҳаракат. Бу иш - ўзининг мутлақ жазосизлигига ишонган Америка ҳукуматининг безбет қилиғидир.
Қаранг, АҚШ Хитойнинг асабига тегиш ва уни кескин, ўйламай ҳаракат қилиши учун ҳаммасини қилди. ОАВ ва ижтимоий тармоқларда гиж-гижлаш ва кескинлик сунъий равишда оширилди. Буларнинг ҳаммаси одатдагидек американча қуюшқондан чиққан сурбетлик билан амалга оширилди.
Бир вақтнинг ўзида иккиюзламачи чиқишлар ҳам қилинди. "Тўғри, биз ягона Хитойни қўллаб-қувватлаймиз, аммо - шу билан бирга - биз демократия тарафдоримиз, автократияга қаршимиз, АҚШ эса мустақил давлат қуриш йўлида Тайванни қўллаб-қувватлайди” - дейишди улар.
Бу спикер хоним ва бошқа америкалик ҳукуматларнинг позициялари билдирилган резюме. Бошқача айтганда, расман Хитойнинг ишларига аралашмаслик, “ягона Хитой” сиёсати билан якдил эканлигини билдирсада, ҳар қандай йўл билан сепаратистларни қўллаб-қувватлашмоқчи. Бу бошқа мамлакатларга нисбатан Американинг энг одатий муносабати. Парчалангунига қадар Югославияда ҳам шундай бўлган эди, 90- йилларда Россия билан ҳам худди шу йўл тутилди, бошқа жойларда ҳам худди шундай бўлди.
Бундай ташрифлар аввалдан режалаштирилади. Барча ўйинчилар учун сценарийлар ёзилади. Роллар, репликалар ғоят аниқлик билан ёзиб чиқилади ва бўлиб олинади. Байден маъмурияти ва Конгресс ўртасида бу масала бўйича қандайдир зиддиятлар бўлмаган ва бўлиши мумкин ҳам эмас. Ҳаттоки улар ёндашувлар турлича бўлганини кўрсатишга уринишса ҳам. Ёлғонга учмаслик керак. Бу Америка мансабдорларининг бутунлай келишилган ўйини.
Унинг минимал мақсади - жанжал кўтариш ва Осиёдаги вазиятни ёмонлаштириш. Максимал дастури эса - Хитой иштирокида ҳарбий можаро бошлаш. Жумладан, Тайбэйдаги қўғирчоқ мухолифатга қуроллар етказиб бериш орқали.
Бундай сценарийларни биз кўп жойларда кўрганмиз, шунингдек, Украинада ҳам- провокациялар, иғволар, майданни қўллаб қувватлайдиган турли одамларни таъминлаш - кейин эса – давлатни тўнтариш. Натижада - қонли можаро, портлашлар, қийноқлар, қотилликлар, миллионлаб одамларнинг азоблари. Америкаликлар шундоқ ҳам ўз иттифоқдошларининг ҳудудида – Европада беқарор вазия юзага келтиришган. Энди Осиёни қўшган ҳолда бошқа дунё мамлакатларига навбат етиб келди.
Эътибор беринг-а, улар ўз қитъасидан ташқари ҳамма ерда иғво тарқатади. Россияда, Хитойда, Европада, Осиёда, Африкада, Лотин Америкасида. Аммо ҳеч қачон ўз атрофида бундай ишлар қилмайди. Айтайлик, америкаликларнинг ўз қўшниси бўлмиш Канадада тўнтаришлар ташкиллаштиришни кузатиш қизиқ бўлар эди.
Расмий делегация бўлган самолетни ҳеч ким уриб туширмоқчи, ҳатто мажбуран бошқа аэродромга қўндирмоқчи бўлмаган. Бундай ҳаракатлар хитойлик тинчликпарвар дўстларимизнинг тамойилларига тўғри келмайди. Улар провокацияларга учмайди. Аммо уларнинг ҳам сабри чексиз эмас.
Мана шу жанжалли ҳаракат туфайли Тайван атрофида вазият кескин ёмонлашгани аниқ. Ҳарбий отишмалар билан бирга кенг кўламли ҳарбий машғулотлар олиб бориляпти. Афтидан, минтақада вазиятни ёмонлаштирган америкаликлар айнан шуни хоҳлашган. Аммо фойдаси бўлмади. Ахир бунинг оқибатида Осиё биринчи навбатда глобал миқёсда зарар кўрган бўларди: хавфсизлик ёмонлашади, ўзаро ишончсизлик ошади, бозорлар қулайди, бензин ва маҳсулотлар нархи қимматлашади. Ва ўшанда қандайдир қайсар кампир учаётган навбатдаги рейс кўзлаган манзилига етиб борадими, йўқми, ҳеч ким кафолатлай олмайди.
- Нэнси Пелоси самолети парвозини дунёда рекорд миқдорда одамлар кузатишди, гарчи у энг машҳур ва таниқли сиёсатчи бўлмасада. Ҳолат жуда кўп сохта янгиликлар ва тахминларга тўлиб тошди. Бу эса жиддий ахборот урушига ўхшайди. Бундай кибертаҳдидларга қандай қарши туриш мумкин ва бу давлатимизга нисбатан қўлланганда қанчалик ҳақиқат?
- Ғарб медиаси Россияга қарши олиб бораётган ахборот урушига биз тоқат қилмаймиз. Бунда яхши жиҳат йўқ, аммо бизга нисбатан айтилаётган ёлғонлар оқимига кўникдик.
Замонавий дунёда, ахборот уруши оддий қуроллардан кам бўлмаган вайронагарчиликларни келтириб чиқариши мумкин - агар ахборот ҳужумларининг жаҳон иқтисодиёти, барқарорлик, хавфсизлик ва давлатларнинг суверенитети учун глобал оқибатлари ҳақида гапирадиган бўлсак.
Аввал ахборот ёлғонлари бир томонлама характерга эга эди, гарчи улар бутун дунёда таранг вазиятни юзага келтирсада. Рональд Рейганнинг 1984 йил шанба куни радиога қилган мурожаатидаги сўзларни эслайлик: “Менинг америкалик ватандошларим, бугун мен Россияни абадий қонундан маҳрум қилиш тўғрисидаги фармонни имзолаганимни маълум қилишдан мамнунман. Беш дақиқадан сўнг бомбардимон бошланади”. Бу “ҳазил” ўшанда жуда катта тарангликни келтириб чиқарган.
Ҳозир бундай ишлар ҳар куни турли жойлардан амалга ошириляпти. Дарвоқе, америкалик сиёсатчиларнинг ҳозирги бўғини бундай матнларни жудда жиддийлик билан етказишлари мумкин.
АҚШ ҳозир бошқа мамлакатлар, жумладан, Буюк Британия, Нидерландия, Норвегия ва Польша билан ҳамкорликни кучайтиряпти. Мақсади Россияга ҳужум қиладиган “рақамли плацдарм”ларни яратиш.
Яна телекоммуникация, транспорт, электр тармоқлари, йирик корхоналар ва давлат органлари, фавқулодда вазиятлар хизматлари, банклар ва молия сектори фаолиятини бузиш.
Эслатиб ўтаман, булардан ташқари, “Россия пропагандасига қарши кураш” ва “кибермудофаа” баҳонасида Польша, Эстония ва Латвия кибермарказлари ҳам иш олиб бормоқда. Умуман, турли манбаларга кўра, Россияга қарши йўналишда ҳаракат қилаётган НАТО ва Европа Иттифоқи кибер кучлари 350 минг кишини ташкил қилади. Яна қарийб 200 минг ҳарбий- халқаро нодавлат хакерлик гуруҳларига киради. Улардан Пентагон мамлакатимизга рақамли ҳужумлар уюштириш йўлида фаол фойдаланади. Масалан, мана шундай йўналишлардан бири Rutube видеохостингига қилинган ҳужумдир.
Ўз технологик суверенитетни ҳимоя қилишнинг жуда муҳим йўналиши ўз дастурий маҳсулотлар ва компьютер тизимларини ишлаб чиқишдир. Улар душман мамлакатларда топилган рақамли ечимларга боғлиқ бўлмаслиги керак. Хорижий дастурий таъминот ва техник воситалардан фойдаланар эканмиз, компьютер тармоқларимизнинг тўлиқ хавфсизлиги ҳақида гапириб бўлмайди. Бу Президент топшириғига кўра, Россияда ҳозирги пайтда жиддий эътибор қаратаётган соҳалардан бири.
Ахборот соҳасида бу мамлакатимиздаги вазиятни издан чиқаришга уринаётган ҳар қандай омилга қарши туради. Бизнинг асосий қуролимиз - очиқлик ва манбалардан аниқ маълумот олиш, фейкларга қарши туриш қобилияти.
Бундай иш билан шуғулланадиганлар учун қонун қатъий - кўплаб жиноятчилар ўз тажрибаларидан кўришган. Бугунги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида бундай ҳаракатлар учун қонунчилик дастаклари етарли.
-Яқинда ижтимоий тармоқдаги аккаунтингизга бузиб киришди. Унда СССР собиқ республикалари ҳақида кескин фикрлар билдирилган пост эълон қилинди. Бунга қандай қилиб қарши курашиши мумкин?
- Бу каби ишлар биринчи маротаба содир бўлаётгани йўқ. Улардан ҳеч ким ҳимояланмаган. Ҳукумат раҳбари постини эгаллаганимда ҳам бундай ҳужумларга учраганман. Бу ҳозир айтиб ўтганимиз - ахборот уришининг бир кўринишидир. Яна бир марта тасдиқлашим мумкин: ижтимоий тармоқ маъмурияти ва ваколатли хизматлар худди шу масалада текширув олиб боришмоқда. Айбдорлар жазосиз қолишмайди.
КХШТ, ЕОИИ ёки ШҲТдаги иттифоқчиларни бир-бири билан душман қилиб қўйишдан манфаатдор бўлган кўплаб нодўст мамлакатлар ва сиёсатчилар бор. Аммо биз уларга бундай имкониятни бериб қўймаймиз. Мамлакатимиздаги барча ҳокимият органлари ва ҳамкорларимиз фаолияти шунга қаратилган.
Бундай “иш”ларнинг айёрона усуллари ҳам бор- масалан, таниқли шахс номидан ахборот майдонига қўшнилар ҳақида кескинроқ нимадир жойлаш, тарихий воқеа-ҳодисаларни пеш қилиш, фейкнинг ўчирилишини кутиш ва шу йўл билан савдо қилиш. Худди Россия ҳаммасини атайин қилган, иттифоқдошларига жиддий сигнал берган, кейин эса дипломатик йўл билан тўғрилаб қўйгани каби. Бир қараганда, ҳеч қандай “из” йўқдек, аммо “шубҳа” қолган. Мана, билиб қўйинг- “русларнинг ҳақиқий нияти нима” қабилида. Мана бу уларнинг “тажовузкор хийлалари”.
Яна бир бор алоҳида таъкидлаб ўтаманки, биз ҳеч қачон бундай услубда ишламаганмиз ва ишламаймиз ҳам. Бу бизнинг принципларимиз ва одоб-ахлоқ тамойилларимизга тўғри келмайди. Биз дўстларимиз билан тўғридан-тўғри ва ошкора, иккиюзламачиликсиз мулоқот қиламиз. Душман кучлари бизни уруштириб қўя олмайди. Биз нафақат расмий декларациялар бўйича, балки амалда ҳам, мамлакатимиз ва халқларимиз манфаатларини акс этган ҳар кунлик масалаларда ҳам иттифоқдошмиз. Бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.
Янгиликлар лентаси
0