Никоҳ тузишдаги бир ойлик муддатни бекор қилишга оид қонун рад этилди

© Олий Мажлис СенатиНикоҳни қайд этишдаги муддатлар ўзгаришсиз қолди
Никоҳни қайд этишдаги муддатлар ўзгаришсиз қолди - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 04.08.2022
Oбуна бўлиш
Сенаторлар никоҳни қайд этишдаги муддатларни ўзгартириш чуқур таҳлилларга асосланиши лозим деган хулосага келишди.
ТОШКЕНТ, 4 авг — Sputnik. Сенаторлар никоҳ тузишдаги бир ойлик муддатни бекор қилишга оид қонунни рад этишди. Бу ҳақда Сенатининг йигирма тўққизинчи ялпи мажлисида маълум қилинди.
Сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонунни муҳокама қилиш жараёнида қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган қатор масалалар борлигини қайд этиб ўтишди.
Айтилишича, Оила кодексининг амалдаги 13-моддасига киритилаётган ўзгартишларларга асосан, никоҳ тузиш фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларига ариза берганидан кейин бир ой ўтгач эмас, балки ариза берганидан ва белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтганидан кейин амалга оширилиши назарда тутилган.
Аммо, фуқаро органларга ариза берганидан ва белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтганидан кейин қанча муддат давомида ўтказилиши ноаниқлигича қолган.
Шунга кўра, мазкур норманинг қабул қилиниши алоҳида ҳолларда, яъни ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги ва бошқа ҳолатларда никоҳни ариза берилган куннинг ўзида тузиш имкониятини чеклашга олиб келиши ва бу ўз навбатида никоҳланувчи шахсларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиши мумкинлиги қайд этилди.
Шунингдек, Оила кодексининг амалдаги 17-моддасига қонун билан киритилаётган ўзгартишга асосан, 50 ёшдан ошган никоҳланувчи шахслар ёки ўртада боласи (болалари) бўлган никоҳланувчи шахслар учун, шунингдек ҳомиладор аёл ва унинг туғилажак боласини ўз боласи деб тан олувчи шахс учун тиббий кўрикдан ўтиш ихтиёрий ҳисобланиши кўрсатилмоқда.
Бундан ташқари, амалдаги таҳрирда назарда тутилган бир тарафнинг касаллиги мавжуд ҳоллар Оила кодексига киритилаётган ўзгартишлар жараёнида эътибордан четда қолдирилган. Бу эса, ўз навбатида бу тоифадаги шахслар ҳуқуқларининг чекланишига олиб келади.
Шу билан бирга, Оила кодексига киритилаётган ўзгартишга кўра никоҳни қайд этишнинг бир ойлик муддатини бекор қилиш ҳамда никоҳ тузиш фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларига ариза берилганидан ва белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтилгандан кейин амалга оширилиши назарда тутилмоқда.
Бироқ ушбу нормани киритишда таклифлар етарли даражада асослантирилмаган, шунингдек миллий ва хорижий мамлакатлар тажрибаси чуқур ўрганилиб, таҳлил қилинмаган.
Қайд этилишича, миллий қонунчилик тизими ўзаро яқин бўлган бошқа бир қатор хорижий ва МДҲ давлатларида ушбу муддатлар ҳали ҳам мавжуд.
Россия (1 ойдан кам бўлмаган ва 12 ойдан кўп бўлмаган муддатда);
Арманистон (1 ойдан кам бўлмаган 3 ойдан кўп бўлмаган);
Озарбайжон ва Қозоғистон (1 ой муддатда).
Сенаторлар никоҳни қайд этишдаги муддатларни ўзгартириш чуқур таҳлилларга асосланиши лозим деган хулосага келишди.
“Никоҳни қайд этишдаги муддатларнинг мавжудлиги никоҳдан ўтувчиларнинг ўз қарорларини пухта ўйлаб кўришларига, ёшлар томонидан шошма-шошарлик билан никоҳдан ўтишга йўл қўймасликка, уларни оилавий ҳаётга тайёрлашга, мамлакатда ажрашишлар сонининг камайишига имкон бериши мумкин”, дейилади хабарда.
Юқоридагиларга асосланиб, сенаторлар бу қонунни рад қилишди.
Янгиликлар лентаси
0