Соврин 1 млн доллар: IT-стартаплар учун ҳар йили президент танлови ўтказилади

© Sputnik / Максим Богодвид / Медиабанкка ўтишОбразовательный IT-проект
Образовательный IT-проект - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 23.08.2022
Oбуна бўлиш
Дастурчилар орасида умумий мукофот жамғармаси 1 миллион доллар бўлган президент соврини учун танлов ўтказилади.
ТОШКЕНТ, 23 авг — Sputnik. Ўзбекистонда 2023 йилдан IT-стартаплар учун ҳар йили президент соврини учун танлов ўтказилади. Танлов мукофот жамғармаси 1 миллион доллар. Бу президент имзолаган “2022-2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда кўзда тутилган.
Танловни ўтказишдан мақсад ёшларнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги стартап лойиҳаларини янада қўллаб-қувватлашдир.
“Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан умумий мукофот жамғармаси 1 миллион доллар бўлган Президент соврини учун танлов ўтказилсин”, - дейилган ҳужжатда.
2022 йил 1 октябрдан бошлаб АКТ соҳасида IT-таълим хизматларини кўрсатиш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш ҳамда экспортга йўналтириш бўйича стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказиладиган танлов асосида 1 миллиард сўмгача бўлган грантлар ажратиш тартиби жорий қилинади.
2022 йил 1 сентябрдан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида АКТни қўллаш орқали масофавий хизматларни экспорт қилиш марказлари босқичма-босқич ташкил этилади.
Маълумотларга кўра, сўнгги беш йилда мамлакатда ахборот технологиялари соҳасига2 миллиард доллар, шу жумладан 700 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестициялар йўналтирилган.
Давлат раҳбари ташаббуси билан барча ҳудудларда IT-парклар очилиб, улар учун алоҳида солиқ режими жорий этилган. Ўзини ўзи банд қилган IT мутахассислар сони йил бошидан 2,5 баробарга ўсиб, 43 минг нафарга етди. Мактаб, лицей, коллеж, техникум ва университетларда “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Келгуси беш йилда Ўзбекистонда ахборот технологиялари хизматлари экспортини 1 миллиард долларга етказишни режа қилинган.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев июль ойида Юқори Чирчиқ туманидаги академияда ахборот технологиялари соҳаси мутахассислари ва ёшлар билан учрашган эди. Ўшанда IT соҳасида президент танловини ўтказиш ва унинг соврин фондига 1 млн доллар ажратиш таклифи билдирилган эди.
Янгиликлар лентаси
0