Россия юлдузлари, “Гарри Поттер” фильми продюсери - Тошкент кинофестивалига кимлар келади

Открытие Ташкентского международного кинофестиваля "Жемчужина Шелкового пути"
Открытие Ташкентского международного кинофестиваля Жемчужина Шелкового пути  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 25.08.2022
Oбуна бўлиш
“Севги изтироби” ва "Кўсем" каби сериаллардаги образлари билан ўзбекистонлик томошабинларга яхши таниш бўлган туркиялик машҳур актёрлар Каан Урганжиоғлу ва Нургул Яшилчай ҳам фестиваль меҳмони бўлишади.
ТОШКЕНТ, 25 авг — Sputnik. “Ипак йўли дурдонаси” XIV Тошкент халқаро кинофестивали 13-18 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.
Ўзбекистон Кинематография агентлиги ташкил этаётган мазкур тадбир юзасидан мутахассислар Sputnik мухбирига айрим маълумотларни тақдим этишди.
Кинофестивалнинг асосий тадбирлари Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, вилоятлар бўйлаб, “Жаҳон кино кунлари”, ўзбек ва жаҳон киноюлдузлари билан учрашувлар, кинофорумлар, талабалар учун “Кино 5 кунда” лойиҳаси, маҳорат дарслари, фотосессиялар ва янги фильмлар премьералари ўтказилади.
“Тошкент халқаро кинофестивалига 30 га яқин мамлакатдан 2000 га яқин меҳмонлар, 50 дан ортиқ таниқли киноижодкорлар ва мутахассислар ташриф буюради. Ҳар куни улар билан қизғин мулоқотлар ўтказилмоқда. Ҳозирда кинофестиваль учун “Ўзбекфильм” киноконцернида махсус ходимлар штаби ташкил этилган ва жамоа иш олиб боряпти”, - деди Кинематография агентлиги бош директорининг Ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Барно Ўнгбоева.
Кинофестиваль доирасида Россия халқ артистлари Владимир Хотиненко, Виктор Вержбицкий, Россияда хизмат кўрсатган артистлар Александр Фёдоров, Станислав Соколов, сценарист Аркадий Инин, киношунос Татьяна Яковлева ва бошқалар ташриф буюради ҳамда улар иштирокида маҳорат дарслари бўлиб ўтади.
Мазкур маҳорат дарслари ВГИКнинг Тошкент филиали талабалари ва бошқа қизиқувчилар учун ташкил этилган.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлигида суратга олинган болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган россиялик кинорежиссёр Эльдар Салаватовнинг “Солнце на вкус” (“Қуёш таъми”) ҳамда Россияда хизмат кўрсатган артист Фарҳод Маҳмудовнинг “Подарок Пери” (“Парининг совғаси”) каби фильмларнинг премьералари бўлиб ўтади.
“Кинофестивалда Бухоро вилоятида Россия, Озарбайжон ва Миср Араб мамлакатларининг кино кунлари ўтказилади. Мухлисларни вилоят марказидаги энг замонавий кинотеатрлар, 3D форматдаги кинозалларда фильмларнинг махсус намойишлари ва киноижодкорлар билан учрашувлар кутмоқда”, - деди Кинематография агентлиги Бухоро вилояти ҳудудий бўлим бошлиғи Али Чориев.
Жумладан, 16-17 сентябрь Бухоро шаҳридаги "Бухоро" кинотеатрида россиялик киноюлдузлар иштирокида “Россия кино кунлари”, Озарбайжон кино кунларининг тантанали очилиши, Озарбайжон ва маҳаллий кино юлдузлари иштирокида учрашувлар, Бухоро шаҳридаги "Ark cinema" кинозалида (Бухоро савдо мажмуаси) “Миср Араб кино кунлари” бўлиб ўтади.
Кинофестивалга туркиялик таниқли киноактёрлар “Kara sevda” ("Севги изтироби") телесериали билан машҳур бўлган Каан Урганжиоғлу, "Кўсем" ва "Ишкомли уй" сериаллари қаҳрамони Нургул Яшилчай ҳамда жаҳонга машҳур “Гарри Поттер” фильмининг продюсери Мартин Смит ҳам ташриф буюради. Улар иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилади.
Маълумот учун, “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивалининг ёпилиш маросими Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити доирасида ўтказилади. Унда “Шанхай кино кунлари” ташкил этилиб, ШҲТга аъзо давлатларнинг миллий фильмлари намойиш қилинади.

Мавзуга оид:

Ўзбекистонда кино ойлиги бўлиб ўтади
XIV Тошкент халқаро кинофестивали доирасида қандай тадбирлар режалаштирилмоқда
Янгиликлар лентаси
0