Британия электр энергияси нархи ошиши сабаб юзага келадиган тартибсизликларга тайёрланяпти

© Sputnik / Аюш Пачнанда / Медиабанкка ўтишФлаг Великобритании. Архивное фото
Флаг Великобритании. Архивное фото - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 28.08.2022
Oбуна бўлиш
Ҳукумат электр энергиясининг юқори нархлари тартибсизликларга олиб келиши мумкин деб ҳисоблайди, деб ёзади “The Sun” газетаси.
ТОШКЕНТ, 28 авг — Sputnik. Буюк Британия ҳукумати электр энергияси нархи ошиши фонида юзага келиши мумкин бўлган тартибсизликларга қарши кураш чораларини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда РИА Новости Британиянинг “The Sun” газетасига таянган ҳолда хабар берди.
Нашрга кўра, расмийлар электр энергиясининг рекорд даражада юқори нархлари қиролликда тартибсизликларни юзага келтириши ва жиноятчиликнинг кўпайишига олиб келиши мумкин, деб ҳисоблайди.
“Ҳукумат амалдорлари электр энергияси учун тўлов нархлари оширилганда содир бўладиган тартибсизликларни бартараф этиш режаларини ишлаб чиқишган”, - дейилади хабарда.
Британия Миллий статистика бюроси маълумотларида келтирилишича, мамлакат июнь ойида жорий этилган санкциялар туфайли 1997 йилдан бери илк марта Россия энергия ташувчиларисиз қолган. 2021 йилда Россия Буюк Британияга нефть маҳсулотларини етказиб берувчи энг йирик давлатлардан бири бўлган.
Жума куни Буюк Британиянинг газ ва электр бозорлари бошқармаси электр энергияси нархи 1 октябрдан 80 фоизга ошиб, йилига 3,549 фунт стерлинг (4,200 доллар)ни ташкил қилишини эълон қилди. Ушбу ўсиш натижасида ҳар бир британиялик хонадон учун ўртача ҳисоб ҳажми ҳозирги даражага нисбатан йилига 1,578 фунт стерлингдан (1,86 минг доллар) ошади. Сўнгги марта регулятор нархларни апрельойида кўриб чиққан, ўшанда улар дарҳол 54 фоизга ошиб, йилига 1971 фунт стерлингга (2,33 минг доллар) кўтарилган.
Март ойида Лондонда жойлашган Иқтисодиёт ва бизнес тадқиқотлари маркази Буюк Британия 1950 йиллардан бери турмуш даражасининг энг ёмон пасайишига дучор бўлиш хавфи борлиги ҳақида огоҳлантирувчи ҳисобот эълон қилди. Расмий маълумотларга кўра, июль ойида мамлакатда инфляция ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10,1 фоизга ошган. Англия банкининг сўнгги ҳисоб-китобларига кўра, кузда мамлакатда инфляция даражаси 13 фоиздан ошиши мумкин.
Аввалроқ, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича таниқли эксперт Мартин Льюис фуқароларга давлат томонидан мазмунли ёрдам кўрсатилмаса, яқин ойларда мамлакат “ижтимоий фалокат”га дуч келиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.
Россиянинг Украинада махсус операцияси бошланганидан сўнг Ғарб давлатлари Россия Федерациясига, хусусан, Россия энергия ресурсларига қарши санкциялар жорий қила бошлади. Россия президенти Владимир Путин Россияни жиловлаш ва кучсизлантириш сиёсати Ғарб учун узоқ муддатли стратегия эканлигини ва санкциялар бутун жаҳон иқтисодиётига жиддий зарба берганини айтди.
Янгиликлар лентаси
0