Онкология - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 21.01.2022
Бу қизиқ
Ушбу рукнимизда илм-фан, инсон соғлиги, фойдали ва зарарли озиқ-овқатлар, парҳез таомлар, шифокорлар маслаҳати ва бошқа барча учун қизиқарли маълумотлар бор.

Бола нега дудуқланади

© Unsplash / Annie SprattРебенок плачет
Ребенок плачет - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 04.09.2022
Oбуна бўлиш
Кўплаб касалликларнинг шаклланиши инсонларнинг болалик даври билан бевосита боғлиқ. Хусусан, ўғил-қизлардаги дудуқланиш ёки нутқий бузилишларга ўз вақтида эътибор қаратилмаса, бир умрлик нуқсонларга сабаб бўлиши мумкин.
Хўш, дудуқланиш қандай хасталик? Унинг олдини олиш учун нима қилиш лозим? 1-сон Тошкент шаҳар болалар клиник шифохонаси бош шифокори Мавлуда Табибова бу саволларга жавоб берди.
“Дудуқланиш — болаларда кўп учрайдиган психофизиологик мураккаб нутқ бузилиши. Бу ҳолат товушлар, бўғинлар ёки сўзларнинг такрорланиши ҳамда чўзилиши шаклида намоён бўлади. Нутқда тез-тез тўхташ ёки қатъиятсизлик кузатилади. Хусусан, бола айрим сўзларни айтишдан олдин унли товушларга кўпроқ тўхталади. Сўз ва гапларни айтаётганда ўзи сезмаган ҳолда мажбуран тутилади. Гап бошида сўзнинг биринчи бўғини ёки ўзини тўлиқ қайтаради. Гап бошлашдан олдин эса сўзнинг биринчи ҳарфини такрорлаб қийналади. Қолаверса, уларда ички дудуқланиш ҳам учрайди. Бундай пайтда бола нима дейиш кераклигини билади-ю, аммо тилига чиқара олмайди”, - дейди шифокор.
© Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматиШифокор Мавлуда Табибова
Шифокор Мавлуда Табибова - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 04.09.2022
Шифокор Мавлуда Табибова
Шифокорнинг сўзларига кўра, нутқ бузилиши туғма ёки орттирилган бўлиб, асосан 2 ёшдан 5 ёшгача бўлган кичкинтойларда учрайди. Шу билан бирга, бу муаммо ўғил болаларда қизларга қараганда уч баравар кўпроқ ташхис қилинади. Дудуқланишнинг ривожланишида генетик мойиллик муҳим роль ўйнайди. Бироқ ҳомиладорлик пайтида аёлларнинг ўз саломатлигига етарлича эътибор бермаслиги, айниқса, грипп ва шамоллаш каби вирусли касалликлардан тўлиқ даволанмаслик, турли дори воситаларини ўзбошимчалик билан қабул қилиш, оналарнинг зарарли иллатларга ружу қўйиши, туғуруқ даврида бола миясининг лат ейиши ҳам уларда дудуқланишга сабаб бўлиши мумкин.
Шунингдек, бола туғилганидан кейин то уч ёшга тўлгунга қадар оғир инфекцион ва эндокрин касалликларга чалиниши; қаттиқ қўрқув; ота-оналарнинг ёш фарзанди олдида баланд овозда жанжаллашиши; жисмоний ва руҳий зўриқишлар; турли мия шикастланишлари ва бошқалар ҳам бу муаммони келтириб чиқаради.
“Бундан ташқари, оиладаги қатъий назорат, кичкинтойларга ҳаддан ортиқ талабчанлик қилиш ҳам уларда дудуқланишга сабаб бўлиши мумкин. Айрим ота-оналар эса жажжи ўғил-қизларига кичиклигидан ақлий юкламларни кўпайтириб, узундан узун шеърлар ёдлашга, қийин сўз ва бўғинларни талаффуз қилишга, хориж тилларини ўрганишга мажбурлашади. Бу ҳам кичкинтойларда нутқнинг бузилишига олиб келади”, - дейди мутахассис.
Унинг сўзларига кўра. агар болада дудуқланиш кузатилаётган бўлса, логопед ёки психоневролог каби мутахассис-шифокорларга мурожаат қилиш лозим. Даволаш муолажалари қанча эрта бошланса, кичикинтой шунча тез ва асоратсиз шифо топади.
Шу билан бирга, мактабгача таълим муассасасида тарбиячилар, оилада эса ота-оналар дудуқланувчи болага тўғри, мустақил ва равон сўзлаши учун имкон яратиб бериши мақсадга мувофиқ. Айниқса, фарзанднинг нутқи ривожланаётган даврда уларга эҳтиёткор муносабатда бўлиш, саломатлигига доимий эътибор қаратиш муҳим.
Янгиликлар лентаси
0