Қорақалпоғистонлик тадбиркорлар учун солиқ ставкалари 50 фоизга камайтирилади

© Sputnik / Наталья СеливерстоваЗнак процента в витрине.
Знак процента в витрине. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 06.09.2022
Oбуна бўлиш
Қорақалпоғистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни хорижий давлатларга экспорт қилишдаги транспорт харажатларининг 70 фоизи Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қоплаб берилади.
ТОШКЕНТ, 6 сен — Sputnik. Қорақалпоғистонлик тадбиркорларга 2028 йилгача солиқ ставкалари 50 фоизга камайтирилади. Бу ҳақида 5 сентябрь куни президент томонидан қабул қилинган тегишли фармонда назарда тутилган.
Ҳужжатга мувофиқ, республиканинг барча туманларида жойлашган ва шу ҳудудда фаолият юритадиган тадбиркорлик субъектлари учун 2023 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар бўлган даврда солиқ ставкаларида бир қатор имтиёзлар берилмоқда.
Унга кўра:
Фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича солиқ ставкалари 50 фоизга камайтирилган ҳолда;
ижтимоий солиқ камайтирилиб, 1 фоиз миқдоридаги солиқ ставкасида;
якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланаётган ижтимоий солиқ шаҳарлар ҳудудида фаолият юритаётганлар учун 12 бараварга, туманлар ҳудудида фаолият юритаётганлар учун 6 бараварга камайтирилиб, йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида.
Бунда йирик солиқ тўловчилар, доимий муассасалар, бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ миқдорда бўлган юридик шахсларга мазкур бандда белгиланаётган имтиёзлар татбиқ этилмайди.
Шу йилнинг 1 октябридан 2028 йил 1 январга қадар бўлган даврда:
Қорақалпоғистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни хорижий давлатларга экспорт қилишда, шу жумладан, экспорт қилинадиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун харид қилинган хомашёни республика бўйлаб ташишда транспорт харажатларининг 70 фоизи Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қоплаб берилади;
ажратиладиган кредит суммасининг 75 фоизигача,бироқ умумий қиймати 2,5 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан кафилликлар тақдим этилади.
Ҳужжатга кўра, ёш тадбиркорларгаишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш учун зарур асбоб-ускуналарни харид қилиш мақсадида Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали 7 йил муддатга қарз маблағлари тақдим этилади.
Шунингдек, “Амударё дельтасида кичик сув ҳавзаларини барпо қилиш. Фаза II” лойиҳаси доирасида молиялаштириш ишларини ташкил қилиш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг маблағлари ҳисобидан 100 миллион доллар эквивалентида кредит линияси ажратилади.
Қолаверса, Қорақалпоғистонда жойлашган ва ушбу ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига бепул асосда кўмаклашувчи “Инвесторларга кўмак маркази” ва марказ қошида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларида майдони камида 10 гектар бўлган ишлаб чиқариш технопарки ташкил этилади.
Янгиликлар лентаси
0