Беларуснинг ШҲТга аъзо бўлиши икки йилга чўзилиши мумкин – Нуримбетов

© Sputnik / Виктор ТолочкоБелорусский флаг
Белорусский флаг - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 11.09.2022
Oбуна бўлиш
Июнь ойида Беларусь ШҲТга аъзо бўлиш учун ариза топширган.
ТОШКЕНТ, 11 сен — Sputnik. Беларусь Республикасининг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига (ШҲТ) аъзо бўлиш жараёни ташкилотнинг Самарқандда бўлиб ўтадиган навбатдаги саммитидан сўнг икки йилгача чўзилиши мумкин. Бу ҳақда ШҲТнинг Ўзбекистондаги миллий координатори Раҳматулла Нуримбетов маълум қилди.

“Тажриба шуни кўрсатадики, бундай жараён одатда ўртача икки йил давом этади. Чунки номзод давлат бир қатор мажбуриятларни бажариши керак, ўз ўзидан бу бироз вақтни талаб қилади”, - дейди Нуримбетов Беларуснинг ШҲТга қабул қилиниши мумкин бўлган муддатларини изоҳлар экан.

Миллий координаторнинг таъкидлашича, июнь ойида Беларусь ШҲТга тўлақонли аъзо бўлиш учун расман ариза берган.
“Айтишимиз мумкинки, (саммитда. – таҳр.) Беларусни ШҲТга тўлақонли аъзо сифатида қабул қилиш бўйича бир тўхтамга келиш учун яхши имкониятлар мавжуд”, - дейди дипломат.
Унинг сўзларига кўра, Самарқанд саммитида ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари ушбу давлатни ШҲТга тўлақонли аъзо сифатида қабул қилиш тартибини бошлаш тўғрисида қарор қабул қилишлари кутилмоқда.
“Бироқ бу қарор Беларусь автоматик равишда ШҲТга тўлақонли аъзо бўлади, дегани эмас”, - дея қўшимча қилди Нуримбетов.
Аввалроқ Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Беларусь ШҲТга аъзо бўлиш учун ариза бергани, унинг мурожаати аъзо давлатларга аллақачон юборилгани, ташкилотга аъзо бўлиш жараёни 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган саммитда бошланиши мумкинлигини айтган эди.
2021-2022 йилларда Ўзбекистон ШҲТга раислик қилмоқда. Ташкилотнинг навбатдаги саммити 15-16 сентябр кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади.
Айни пайтда 2001 йилда ташкил этилган ШҲТга Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Хитой, Ҳиндистон ва Покистон киради. Айни дамда Эрон ташкилотга тўлақонли аъзо бўлишга тайёрланмоқда. Афғонистон ва Мўғулистон - кузатувчи-давлатлар ҳисобланади.
Янгиликлар лентаси
0